Рубио Эроннинг ЖЧ-2026 даги иштироки бўйича баёнот берди

Олам

image

АҚШ Эрон футболчиларининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этишига тўсқинлик қилмайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Оқ уйда ўтган брифинг чоғида айтиб ўтган.

Унинг баёнотига кўра, АҚШ ҳукумати Эрон миллий терма жамоасининг мамлакатга келишига ҳеч қандай тақиқ қўймаган ва “уларнинг келмаслиги керак” деган талаб илгари сурилмаган.

Рубио бу фикрни Оқ уйдаги чиқиши давомида айтган. Унга кўра, асосий хавотир футболчиларнинг ўзида эмас, балки делегация таркибидаги айрим шахслар билан боғлиқ бўлиши мумкин. АҚШ томони айрим вакилларнинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан алоқаси бўлиши эҳтимолидан хавотир билдирмоқда.

Аввалроқ, Эрон Спорт вазири Аҳмад Дониямали жамоанинг турнирдаги иштироки геосиёсий вазият сабаб мураккаб бўлиши мумкинлигини айтган эди. Кейинчалик эса Эроннинг Мексикадаги элчихонаси орқали жамоа ўйинларини АҚШдан Лотин Америкасига кўчириш бўйича FIFA билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Шу билан бирга, Эрон ҳукумати миллий терма жамоа турнирга тайёрлигини тасдиқлаган. Бошқа томондан, айрим халқаро ОАВларда АҚШ махсус вакили Пауло Замполининг Эрон ўрнига Италия миллий футбол терма жамоасини турнирга қўшиш таклифини билдиргани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.


Мақола муаллифи

Теглар

Оқ уй Марко Рубио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг