Финляндия ядровий қурол олиб киришга рухсат бериши мумкин

Олам

image

Финляндия ҳукумати ядровий қуролни олиб кириш ва сақлашга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 23 апрель куни мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукумат парламентга мудофаа билан боғлиқ ҳолатларда ядровий қуролни олиб кириш, ташиш, етказиб бериш ва сақлашга рухсат бериш ҳақида таклиф киритган. 

“Ҳукумат парламентга атом энергетикаси тўғрисидаги қонун ва Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф тақдим этди”, дейилади хабарда.

Ҳукумат таклифига кўра, қонунга киритиладиган ўзгартиришлар Финляндияда ядровий қуролни “Финляндия мудофааси, НАТОнинг жамоавий мудофааси ёки мудофаа ҳамкорлиги доирасида” олиб кириш, ташиш, етказиб бериш ва сақлаш имконини беради. Бу ташаббус билан илк бор мамлакат ҳарбий идораси раҳбари Антти Ҳякканен чиққан. 

Қайд этиш жоиз, ўтган ҳафта Хельсинки республика тинчлик пайтида ўзида оммавий қирғин қуролларини жойлаштирмаслиги ва ядровий давлатга айланмаслигини тасдиқлаган маъруза эълон қилганди. Шу билан бирга, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бундай қуролларнинг Финляндияда жойлаштирилиши Россия учун таҳдид эканини ва Москва бунга жавоб чораларини кўришини огоҳлантирди.

Маълумот учун, сўнгги вақтларда Европа давлатлари бу йўналишда риторикани кучайтирган. Жумладан, март ойи бошида Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж “илғор ядровий тийиб туриш” даврига кирганини айтганди. Янги доктрина доирасида мамлакат ядровий каллаклар сонини оширади, иттифоқчилар эса қўшма машғулотларда иштирок этиши мумкин бўлади. Улар орасида Британия, Германия, Польша, Нидерландия, Белгия, Греция, Швеция ва Дания бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия жаҳоннинг энг бахтли мамлакатлар рейтингида кетма-кет тўққизинчи марта пешқадам бўлиб келётгани ҳақида хабар берилган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ядровий қурол Финляндия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг