Зироат Мирзиёева болалар саратонига қарши курашда етакчи – ЖССТ раҳбари
Жамият
−
22 Апрель 2866 2 дақиқа
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева болалар саратонига қарши курашдаги етакчилигини эътироф этди. Бу ҳақда у бугун, 22 апрель куни ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ёзди.
Ўзбекистоннинг Биринчи хоними – “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори доктор Тедрос Адханом Гебрейесус Республика ихтисослаштирилган болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрган.

“Зироат Мирзиёева раислик қилаётган “Замин” фонди педиатрик онкология хизматларини ривожлантириш ҳамда пойтахт Тошкентдаги Республика болалар онкологияси ва гематологияси маркази қошидаги “Меҳрли мактаб” орқали шифохона шароитида таълим беришни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Ушбу масканлар орқали Биринчи хоним ҳамда жараёнда иштирок этаётган барча тиббиёт ходимлари ва педагоглар саратон билан яшаётган болаларга касалликни енгиб ўтишлари ва ўз орзуларини рўёбга чиқаришлари учун зарур бўлган тиббий ва ижтимоий ёрдамни кўрсатмоқдалар.
Мен ушбу муассасалар яратаётган имкониятлар туфайли муолажа олаётган ва келажакка умид билан боқаётган кўплаб ўзбекистонлик ёшлар билан учрашганимдан хурсанд бўлдим. Улар орасида ўтган йили Нью-Йоркда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида болалар саратонига бағишланган тадбирда Биринчи хоним ва мен билан бирга иштирок этган Самира, шунингдек, келажакда таржимон бўлишни мақсад қилган истеъдодли рассом Дилнавоз (иккаласи ҳам саратонни енгиб ўтган қизлар) бор эди”, дейди ЖССТ раҳбари.


Шунингдек, меҳмонларга ЖССТ кўмагида болалар онкологияси хизматини ривожлантириш бўйича миллий стратегия доирасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, беморларни йўналтиришнинг рақамли тизимини жорий этиш, минтақавий инфратузилмани мустаҳкамлаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни жорий этиш платформаси сифатида Халқаро академик хабни ривожлантириш натижалари ҳақида маълумот берилган.


Ташриф доирасида “Меҳрли мактаб” госпиталь мактаби ўқувчилари Зироат Мирзиёева ва Тедрос Адханом Гебрейесусни илиқ табассум билан кутиб олган, педагоглар эса узоқ муддат даволанаётган болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш ва педагогик ҳамроҳлик қилиш ишлари билан таништирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Тедрос Адханом Гебрейесусни қабул қилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича Самарқандда ўтказилаётган халқаро форум доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори билан учрашув ўтказганди.
Live
Барчаси