Таниқли блогернинг отаси сирли тарзда ғойиб бўлиб, топилгач вафот этди

3-саҳифа

image

Таниқли блогер, сиёсий-ижтимоий шарҳлар билан танилган “Файзбоғ” саҳифаси асосчиси Темур Маликнинг отаси сирли тарзда ғойиб бўлиб, руҳий хасталар шифохонасидан топилди ва орадан кўп ўтмай вафот этди. Блогер отаси Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари томонидан руҳий касалликлар шифохонасига олиб бориб қўйилгани, бундан оила аъзолари бохабар қилинмагани ва шифохонада қилинган кучли таъсир қилувчи дори воситалари сабаб ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди. 

Унинг қайд этишича, отаси – II гуруҳ ногирони, 1956 йилда туғилган В.Т. 14 апрель куни бир сутка давомида уйда ҳушсиз ётганидан кейин ҳалок бўлган. 

Марҳум 11 йил давомида маҳалла раиси бўлиб ишлаган ва бундан 8 йилча аввал пенсияга чиққан. Сўнгги пайтларда у алцгеймер касаллиги билан курашаётган бўлган.

“Бундан бир ҳафта олдин, 10 апрель куни отам сирли равишда ғойиб бўлди. Бир сутка давомида қилган қидирув ишларимиз натижасида, уни Самарқанд шаҳар ИИБ Самарқанд тумани руҳий хасталар шифохонасига олиб бориб қўйганини аниқладик. Кейинчалик, бундан жаҳлимиз чиқиб, ўша куннинг ўзидаёқ отамни уйга олиб келтирмоқчи эдик, бироқ иш кунлари тугагани сабабли (шанба куни эди), у ердаги врачлар бизга беморни фақатгина душанба куни бошлиқнинг рухсати билан қўйиб юборишини айтиб, беришмади. Душанба куни эрта саҳар олиб келдик.

Аммо, унинг аҳволи ўша пайтда ўта оғир эди. Шифохонадаги “қассоб” шифокорлар отам қонига ўта кучли таъсир қилувчи препаратларни юборган ва у уйига қайтганидан кейин бир сутка давомида ўзига келмай ётиб, охири 14 апрель, сешанба куни ҳалок бўлди”, деб ёзган Темур Малик.

Билдирилишича, айни вақтда Самарқанд вилоят прокуратурасига ҳолат бўйича тегишли суриштирув ишларини олиб боришни сўраб, расмий ариза киритилган. Тегишли тартибда суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган, айни вақтда унинг натижалари кутилмоқда. 

Блогер Темур Малик бир қатор талабларни қўйган. 

“Отам қандай қилиб руҳий шифохонага тушиб қолди? Уни ким уёққа олиб борди ва нима учун оила аъзоларини бундан хабардор қилмади?

Отамни ким ва қандай препаратлар билан унинг ўлимига олиб келувчи уколлар қилдирди? Экспертиза жавоблари чиққунча ҳолат кейинчалик ёпди-ёпди бўлиб кетмаслигига кафолатлар керак.

Қайсидир бир кичик ходим арзимас жазо олиб, воқеа бости-бости бўлиб кетишига йўл қўймаслик керак. Самарқанд туманидаги руҳий хасталар шифохонаси фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиши ва ундаги иш жараёни ҳамда ходимлар малакасига тегишли ҳуқуқий ва профессионал баҳо берилиши лозим. Агар биздан олдин ҳам кимдир шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келган бўлса, менга мурожаат қилишларини сўраб қоламан”. 

Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов расмий баёнот бериб, Самарқанд тумани, “Қумзор” МФЙ, Шоҳнома кўчасида яшаган, 1956 йилда туғилган фуқаро В.Т. 14 апрель куни ўз уйида вафот этганлиги ҳолати юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. 

“Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши таъминланиб, натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилинади”, дейди Шамсутдинов. 

У ўз баёнотида марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдирган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Темур Малик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг