Трамп Эронни музокараларга қайтаришнинг ягона йўлини айтди
Олам
−
16 Апрель 8619 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан урушни тезроқ тугатишни хоҳлашини билдирди. Бу ҳақда расмий манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Трампнинг сўзларига кўра, Теҳронни музокаралар столига қайтаришнинг ягона йўли – босимни янада кучайтиришдир.
Аввалроқ, Нидерландия ҳукумати АҚШнинг Эрон портларини блокада қилиш режасини қўллаб-қувватлашдан бош тортган эди. Бош вазир Роб Йеттен Европа давлатлари Ҳормуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш учун халқаро коалиция тузиши мумкинлигини, аммо бу фақат жанглар тугаганидан кейин амалга ошишини айтган.
Шунга қарамай, АҚШ томонидан ваъда қилинган блокадада иштирок этувчи давлатлар рўйхати ҳалигача тақдим этилмаган. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт эса, АҚШ бу операцияни бошқа давлатлар ёрдамисиз ҳам муваффақиятли амалга ошираётганини таъкидлаган.
Трамп Эрондан бойитилган уранни топшириш ва уни бойитишни камида 20 йилга тўхтатиш мажбуриятини талаб қилмоқда. Теҳрон эса 5 йиллик муддатни таклиф қилиб, уран мамлакат ичида қолишини истамоқда.
Айрим таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, иқтисодий босим натижа бериши учун ойлар керак бўлиши мумкин. Бироқ Трамп маъмурияти Эрон яқин орада келишувга тайёр бўлади деб ҳисобламоқда.
Шу билан бирга, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён АҚШнинг таҳдид ва босимга асосланган сиёсати вазиятни фақат ёмонлаштиришини айтган. Унинг таъкидлашича, Теҳрон фақатгина Эрон халқи ҳуқуқлари ҳимоя қилинган тақдирдагина музокараларни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп яқин икки кун ичида Эрон билан янги музокаралар ўтказилиши мумкинлигини маълум қилганди. Унинг айтишича, учрашув Покистонда бўлиб ўтиши эҳтимоли юқори, чунки бу жараёнда Покистон воситачилик қилмоқда.
Live
Барчаси