Президент Фаррух Зокировни “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотлади
Маданият-санъат
−
15 Апрель 5629 4 дақиқа
Бугун, 15 апрель куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида миллий эстрада санъатининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбир давомида Фаррух Зокиров “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, унда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ижодкор зиёлилар, “Ялла” ансамбли аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

Давлат раҳбари сўзга чиқиб, Фаррух Зокировни ушбу қутлуғ сана билан самимий қутлаган, унга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва янги-янги ижодий ютуқлар тилаган.
Шунингдек, Зокировлар сулоласи кўп йиллардан буён миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланган. Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров асос солган санъат мактаби, миллий ўзбек эстрадаси асосчиларидан бири Ботир Зокировнинг бой ижодий мероси халқнинг улкан маънавий бойлиги сифатида юксак қадрланиши қайд этилган.

Бутун бир оила ва авлоднинг ўз умрини санъат ва маданият равнақига бағишлаши дунёда кам учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида қайд этилган. Фаррух Зокиров ана шу улуғ анъаналарни муносиб давом эттириб, миллий эстрада санъатини янги босқичга олиб чиққан санъаткор сифатида эътироф қилинган.

Тадбирда Фаррух Зокиров нафақат ўзбек халқи, балки бутун Марказий Осиё, Ҳамдўстлик мамлакатлари ва туркий элларнинг севимли санъаткори экани таъкидланган. Унинг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти деган фахрий унвонлар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон ва Ингушетия халқ артисти деган юксак унвонларга сазовор бўлгани унинг ижодига берилган катта баҳо сифатида қайд этилган.
“Бугун Фаррух Зокиров деганда “Ялла” ансамбли, “Ялла” деганда эса Фаррух Зокиров сиймоси кўз олдимизда гавдаланади. Мана 55 йилдирки, ушбу машҳур жамоа нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг нуфузли саҳналарида ҳам гўзал қўшиқлар куйлаб, миллионлаб мухлислар меҳрини қозониб келмоқда. “Ялла” ансамбли жамоавий эстрада ижрочилигини йўлга қўйиб, юртимиз санъати ва маданияти тарихида бутунлай янги саҳифа очди. Бугун халқимизнинг байрамлари, муҳим тадбирлари ва қутлуғ айёмларини ушбу ансамбл ижросидаги қўшиқларсиз тасаввур этиб бўлмайди”, дейилади хабарда.
Тадбирда “Ялла” ансамбли аъзолари Жавлон Тўхтаев, Аббос Алиев, Темур Ҳолиқов ва Игорь Ҳолиқовнинг ҳам кўп йиллик самарали фаолияти эътироф этилган.
Шу билан бирга, “Ялла” ансамбли ижросидаги 400 дан ортиқ қўшиқлардаги миллий руҳ ва оҳанг чинакам халқ санъати намунасига, миллий маданиятнинг “олтин фонди”га айлангани қайд этилган. “Яллама ёрим”, “Йўл бўлсин”, “Ҳандалак”, “Мажнунтол”, “Келибди” сингари қўшиқлар, “Чойхона”, “Сумалак” каби асарлар миллий қадриятларни тараннум этса, “Тошкентим онам”, “Учқудуқ”, “Шаҳрисабз” каби қўшиқлар мамлакатнинг бетакрор гўшаларини дунёга кенг танитган.

Давлат раҳбари Фаррух Зокировнинг мамлакат ижтимоий-маданий ҳаётидаги фаол иштирокига ҳам алоҳида тўхталиб, унинг юзлаб ёшларга устозлик қилиб, уларни катта саҳналарга олиб чиқаётгани, “Овоз” каби йирик лойиҳалар орқали янги истеъдодларга санъат сирлари ва саҳна маданиятини ўргатаётгани барча учун ҳақиқий ибрат эканини таъкидлаган.
Минтақа ижодкорлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик халқлар ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтаётгани қайд этилган. Шунингдек, давлат Фаррух Зокиров каби санъат дарғаларининг халқаро ижодий лойиҳалари ва янги асарларини ҳамиша қўллаб-қувватлаши таъкидланган.
Тантанада Фаррух Зокировнинг кўп йиллик самарали меҳнати, миллий маданият ва санъатни ривожлантириш йўлидаги фидокорона хизматларини муносиб тақдирлаш мақсадида Президент томонидан алоҳида фармон ва қарор имзолангани эълон қилинган.
Тантанали маросимда Президент ўзбек миллий санъати ва маданиятини ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик беқиёс хизматлари учун Фаррух Зокировга “Буюк хизматлари учун” ордени топширган.
Live
Барчаси