Президент қурилиш соҳасидаги бюрократия ва коррупцияни танқид қилди
Жамият
−
14 Апрель 4015 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳасида бюрократия, коррупция, сансалорлик кўплиги учун қурилишни бошлаш ойлаб, йиллаб чўзилаётгани танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 14 апрель куни бўлиб ўтаётган уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очган.
Йиғилишда 500 дан зиёд девелопер, қурувчи, лойиҳачи, архитектор ва урбанистлар иштирок этмоқда.
Дунёда қурилиш индустрияси шиддат билан ўзгаряпти, соҳага замонавий лойиҳа ечимлари, янги технология ва стандартлар кириб келмоқда. Шу маънода, давлат раҳбари мамлакатдаги қурилиш тизими бугунги ўзгаришларга қанчалик мослиги, соҳа раҳбарлари замон талаб қилаётган тезкорлик ва сифат бўйича масъулиятни ҳис қилаётгани, сейсмология ва зилзилабардошлик бўйича хавфларни инобатга олиб, янги ечимлар ишлаб чиқилаётгани борасида саволлар кўплигини билдирган.
Тадбиркорлик учун йилига 6,5 минг гектар ер, 600 минг квадрат метрли бино-иншоотлар савдога чиқарилмоқда, кичик ва ўрта бизнес учун 140 триллион сўм ресурс берилмоқда. Лекин ер, кредит каби асосий масалалари ҳал бўлган тадбиркорлар қурилишни бошлаш босқичда тўсиқларга учраётгани қайд этилди.
Президент тадбиркорларнинг ҳали активга айланмаган ерига солиқ, кредитига фоиз ҳисобланаётгани, лекин бюрократия, коррупция, сансалорлик кўплиги учун қурилишни бошлаш ойлаб, йиллаб чўзилаётганини танқид қилган.
Шу боис, соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, мингдан ортиқ қурувчи ва лойиҳа ташкилотларининг таклифлари олинган. Йиғилишда ушбу таклиф ва ташаббуслар асосида ишлаб чиқилган янги чора-тадбирлар муҳокама қилинмоқда.
Маълумот учун, сўнгги тўққиз йилда 10 мингга яқин янги қурилиш корхоналари иш бошлади, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 20 та, 100 миллиард сўмдан ўтган 365 та йирик компаниялар пайдо бўлди. Лойиҳа ташкилотлари 2 мингдан, улардан халқаро сертификат олганлари 650 дан ошди.
Қурилишда рухсат бериш босқичи 3 карра, муддати 4 карра қисқарди, 420 та шаҳарсозлик норма ва қоидаларини бирлаштириш, эскиларини бекор қилиш ҳисобига 140 та янги шаҳарсозлик норма ва қоидалари тасдиқланди.
Мазкур ишлар натижасида ўтган даврда 210 миллион квадрат метрли бино-иншоот, 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар барпо этилди. Қурилиш ишлари ҳажми 2016 йилда 30 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 314 триллион сўмга етди.
Бугун қурилиш, қурилиш материаллари ва уларга ёндош соҳаларда 3,5 миллион аҳоли банд.
Live
Барчаси