Мирзиёевага Трамп оиласидан ҳурмат, Абдураҳмоновнинг пора билан ушланган ўринбосари, Ички ишларнинг юзини очган “дайди операцияси” – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
12 Апрель 6501 15 дақиқа
Ўзбекистонда сўнгги кунларда бир қарашда турлича кўринган, аммо мазмунан бир-бирига туташ муаммолар яна юзага чиқди. Андижонда йирик порахўрлик ҳолати фош этилди, ички ишлар тизимидаги шубҳали “план”лар муҳокама марказига айланди, санъаткорлар солиқ масаласида бир-бирига қарши чиқди. Бу воқеаларнинг барчаси бир саволни ўртага ташлайди: тизим ҳақиқатан ўзгаряптими ёки муаммолар фақат шаклини алмаштиряптими?
$50 мингга “томоғидан илинган” ҳоким ўринбосари
Бундан роппа-роса бир йил аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташриф буюриб, 2021 йилдан буён барпо этилаётган Янги Андижон шаҳарчасига Бобур номини берганди. Шу муносабат билан 15 апрель куни шаҳарчанинг шарафига тантанали маросим ташкил этилганди. Орадан бир йил ўтиб, шаҳарчадаги ерларни ноқонуний равишда сотиш билан боғлиқ йирик ҳолат аниқланди.
Қўлга эса майда эмас, лаққа, наҳанг балиқ тушди. Андижон ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ўринбосари Исомиддин Исманов. Лавозимга тайинланганига бор-йўғи 4 ой бўлган Исманов 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.
Исманов билан содир бўлган воқеалар бунгача аниқланганларидан кескин фарқ қилмайди, сценарий деярли бир хил. У Бобур шаҳри ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини аукционга қўйдириб, сўнгра ютиб бериш ҳамда тадбиркор номига расмийлаштириб, келгусида бу жойда қурилиш ишлари амалга ошириши учун рухсатнома олиб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Камига у пулни ўз уйида олган ва шу заҳоти Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсланган. 5 апрель куни Исмановга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Қизиғи шундаки, Исомовнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот органларига бегона эмас. Пора билан қўлга тушган ушбу шахснинг ўзи аслида ҳуқуқ ҳимоячиси. У 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, 2025 йил май ойидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб, 2025 йил декабрь ойида Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.
Даромадларни декларация қилиш
Умуман олганда бу Ички ишлар мансабдорлари билан шу йилнинг ўзида аниқланаётган биринчи ҳолат эмас. Вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти Рустам Турсунов ҳам лавозимидан озод этилиб, давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани бўйича жиноий жавобгарликка тортилган эди.
Амалдорларнинг порахўрлигига чек қўйишнинг энг катта натижа берадиган халқаро тажрибадан ўтган усули албатта даромадларни декларация қилиш. Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши айтилган эди. Бу талаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган. Бироқ, ҳужжат қабул қилинганидан 5 йил ўтди ҳамки, бу қонундан дарак йўқ. У унутилди, унуттирилди.
“Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. QALAMPIR.UZ манбаларига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Лекин, натижа йўқ!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши айтилган эди. Аммо, яна натижа йўқ. Ҳолбуки, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил якунлари бўйича Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида коррупцияга қарши кескин чоралар кўрилиши, мансаби ва лавозимига ишониб юрганлар ҳам аяб ўтирилмаслигини айтганди.
“Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз”, деди давлат раҳбари.
Тошкентда профилактика инспекторларига дайди топиш буюрилди
Охирги пайтларда соҳага доғ тушираётган ошиб боряпти. Улар доим бўлган, тўғрироғи энди яширилмаяпти. Авваллари қайсидир соҳаларда аниқ планлар бўлганини кўп эшитганмиз. Масалан, такси ҳайдовчилари, пахта теримчилари, кондукторлар... Лекин ички ишларда жиноятчиликни аниқлаш, жиноятчи ё ҳуқуқбузар топилмаса, уни ўйлаб топиш, планни бажариш ақлбовар қилмас, таъбир жоиз бўлса, шармандали ҳодиса. Афсуски, яшасанг кўраверсан, деганларидек бунисини ҳам кўрдик.
Жорий йилнинг 6 апрель куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимининг профилактика инспекторларига дайди топиб, баённома расмийлаштиришни буюргани ҳақида аудио ва видео тарқалди.
“Профилактика инспекторлари, мен сизларга яна қайтиб айтяпман, яна бир марта айтяпман: дайди ноль бўлиб ётибди, виждонсиз. Дайди йўқми Олмазор туманида? Дайдини қўйиб юбораверасанлар протокол ёзиб. Дайди қани ҳозир?”, дейди у.
Шунингдек, аудиода ходимлар дайди бўлмаса қариндошини дайди қилиб кўрсатиб, маъмурий баённома расмийлаштириши кераклиги айтилган.
“Профилактика инспекторлари, мана ҳозир мен ваъда бердим. Соат 12:00 гача 300 та қилишим керак. Ҳозир оғайни, биттанг агар “парод” қилсанг хафа бўлма. Ҳамманг – “ноч-поч”, ҳамма чиқсин ҳозир. Мен ўзим ҳам чиқаман, мана”, дейди у.
Шу ўринда савол туғилади. Видеотопшириқни берган мансабдор гапида кечки йиғилишда дайдилар бўйича юқорида ўтказиладиган йиғилишда ҳисобот бериши кераклиги, 300 тагача ҳолат расмийлаштирилиши шартлигини айтган. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси мазкур масалага муносабат билдираркан, йил бошидан буён пойтахтда 283 та дайди ва 210 та тиланчилик билан шуғулланган шахс аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани маълум қилган.
“Профилактика инспекторлари, бир соат вақтимиз қолди. Ҳозир ҳисоб-китоб бўлади. Мен боришни хоҳламайман. “Давай”, ҳозир газлаймиз, 300 тага чиқди. 200 та протоколмиз қолди. Чиқ, ҳамманг кўчага. Чиқ, бир соат вақтимиз қолди. Ҳамманг чиқ кўчага. Мана йиғилиш бўляпти, гапираяпти, эътироз бўлиб”, дейди у.
Ушбу ходим ишдан олинди. Ҳолат бўйича ҳозирда хизмат топшириғи олиб борилмоқда.
Хўш, кимга ишониш керак? Агар план бўлмаса, Олмазордаги мансабдор кимга ҳисоб бериши, қайси мажлисда иштирок этиши керак эди? Бу саволлар афсуски очиқ қолмоқда.
Ўйлайсизки, Ички ишларда бир ходим ишдан кетдию олам – гулистонми? Ички ишлардагилар ўз ваколатига кирмайдиган ишлар билан шуғулланмаяптими? Шуғулланяпти ва бу масала шу ҳафтанинг ўзида Президент ҳузурида ўтган жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш масаласидаги йиғилишда ҳам муҳокама қилинди.
Унда профилактика инспекторлари фаолияти устидан ортиқча бошқарув бўғинлари кўпайиб кетгани оқибатида маҳалла хавфсизлиги ва жиноят профилактикасига етарли эътибор қаратилмаётгани танқид қилинган. Профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос этиб, уларнинг бевосита ўзига юклатилган ишга – маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли муаммолари билан манзилли ишлашга тўлиқ йўналтирилган тизим яратиш бўйича топшириқ берилган.
Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида галдаги илдам қадам
Тарихда илк бор Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ўзининг энг юқори палласини яшаб ўтмоқда. Президентлар ўртасидаги борди-келдилар, самимий мулоқот, Трамп Шавкат Мирзиёевга йўллаётган тинимсиз мактублари, таклиф хатлари, юқори даражадаги тадбирлардаги иштирок, Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиши ана шуларнинг аниқ исботи.
Ўзбекистон дунёнинг барча мамлакатлари, шимолдан то Ғарбгача, Шарқдан Жанубгача – барчаси билан ўзаро тенг ва манфаатлик, прагматик сиёсат йўлини танлаганининг амалдаги исботи бу. Аввалгидек, кимнидир олабўжи қилиб кўрсатиб, фақат бир томоннинг қош-қовоғига қараб ўтириш, на сиёсатан, на иқтисодий фойда беради. Бугун Сурияда ҳам, Ироқда ҳам, Афғонистонда ҳам одамлари бор Ўзбекистоннинг, ҳамкорликка очиқ. Мақсад битта – савдо ривожлансин, пул келсин, одамларнинг ҳаёти яхшилансин.
Эсингизда бўлса, ўтган йил якунида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши тузилган эди. Кенгашга Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ва Америка томонидан Президентнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор ҳамраис этиб тайинланди.
Тугаётган ҳафта Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг АҚШга ташрифи билан эсда қолмоқда. 6 апрель куни пойтахт Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши расман ўз фаолиятини бошлади. Кенгаш қўшма бизнес ташаббуслари учун мустаҳкам институционал асос яратишга қаратилган. Учрашув якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Мирзиёева АҚШнинг Флорида штатидаги Президент Дональд Трампнинг Мар-а-Лаго қароргоҳида унинг қизи Тиффани Трамп ва Майкл Булоснинг меҳмон бўлган. Қолаверса, Мирзиёеванинг Америка Ташқи сиёсати раҳбари, Давлат котиби Марко Рубио билан бизнес нонушта форматидаги учрашуви ҳам аҳамиятли. Унда томонлар Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилишини муҳокама қилган.
Мирзиёевага кўра, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида қўшма инвестиция платформаси ишга туширилиши режалаштирилмоқда. У АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош директори Бен Блек билан шу масалани муҳокама қилган. Корпорация Ўзбекистонга америкалик сармоядорларни жалб этишга кўмаклашиши ҳамда инвестициявий хатарларнинг бир қисмини ўз зиммасига олиши келишилган.
Ушбу ташкилот АҚШ ҳукуматига қарашли молиявий институт бўлиб, ривожланаётган давлатларда инвестиция ва иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Ўзбекистондаги турли лойиҳаларни, хусусан, қайта тикланувчи энергия (қуёш ва шамол станциялари) ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ажратиб келади.
Дарвоқе, Саида Мирзиёеванинг АҚШдаги учрашувларига Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси – Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёеванинг шартнома асосидаги консультанти – Инсон капиталини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси раҳбари Нозима Давлетова ҳам ҳамроҳлик қилган.
Санъаткорларга солиқ
Бир неча кунлардан буён ўзбекистонликлар муҳокама қилаётган асосий масала хонанда ва бошловчиларнинг тўй ва тадбирлардаги иштирокидан солиқ тўлашига оид янги тартиб бўлиб турибди. Ушбу лойиҳа ҳали кучга кирмади, ҳозирча таклиф, холос. Аммо кучга кирмай туриб, санъаткорларнинг ўзи қўпол қилиб айтганда бир-бирининг гўштини еяпти. Одамлар эса хонандаларнинг чўнтагидаги пулни санаш билан овора. Дивандагиларга иш топилди, ижтимоий тармоқ нафратли изоҳлар билан тўлиб тошди. Юлдуз Усмонова-ку рандаламай гапирган гаплари учун тармоқда сазойи қилиняпти.
“Агар биз исроф бўлсак, унда бизни давлат тадбирларига чақирманглар. Санъаткорларни йўқ қилинглар, санъатни ўлдиринглар. Ҳаммасини ўзингиз ўтказаверинг. Ҳатто энг кам ишлайдиган санъаткор ҳам битта қўшиқ тайёрлаш учун қанча пул сарфлашини биласизми?”, дейди Усмонова.
Аслида Юлдузнинг айтганларида ҳам жон бор. Ўзбекистонда йилига энг камида 4-5 та йирик давлат тадбирлари ўтказилади. 14 январь, 8 март, 21 март, 31 август, 8 декабрь. Булар қаторида ҳали вилоятларда ўтказиладиган фестиваллар, хорижий олий даражадаги меҳмонлар шарафига ўтказиладиган тадбирлар, концертлар киритилмаган. Ва Юлдуз Усмонова айтганидек, ушбу тадбирларда иштирок этиш олдидан хонандалар махсус қўшиқ ёзади, либос тиктиради, репетиция жараёнларида иштирок этади, қанча пуллик хизматлардан мосуво бўлади. Айтайлик, Усмонова битта тўйга 2 минг долларга боради, қўрқманг, ҳаммасини ўзи еб кетмайди, атрофидаги энг ками 20 кишининг рўзғорига киради бу пул. 40 йилдан ортиқ тажрибага эга, минг урилиб, минг сурилган Усмонованинг катта тадбирда иштирок этиши баҳоси ҳам шунга яраша бўлиши керак. Хўш, давлат тадбирлари учун уларга шунча пул тўланадими? Cолиқ тўланмасин, демаяпмиз, тўлашсин, лекин давлат ҳам улар аслида концертларда керакми ё йўқ, буни аниқ белгилаб олсин. Керак бўлса, меҳнатига яраша ҳаққини берсин. Кейин дийдиё қилмасин.
Воқеаларни, санъаткорлар бир-бирини ғажиётганини зимдан кузатиб турган Маданият вазирлиги бу ҳафта тилга кириб, санъаткорларни солиққа тортишда енгиллик сўради.
Билдирилишича, Маданият вазирлиги томонидан ҳужжат лойиҳасининг айрим бандлари юзасидан тегишли тартибда расмий эътирозлар киритилганига қарамасдан ушбу лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Маданият вазирлиги эътирозига кўра, бугунги кунда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар учун солиқ тўлаш тартиби амалдаги қонунчилик асосида белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 июлдаги “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига асосан мазкур тоифадаги шахслар учун даромад солиғини декларация асосида ёки қатъий белгиланган тартибда тўлаш механизми жорий этилган.
Ушбу тартибга асосан санъаткорлар ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўлаб келмоқда. Бугунги ҳисоб-китобларга кўра, ушбу миқдор 412 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, улар алоҳида йиллик даромадидан декларация асосида 12 фоиз миқдорида даромад солиғи ҳам тўлайди
“Демак, амалдаги тартибга кўра, концерт-томоша соҳасида фаолият юритувчи шахслар солиқ тўлаш тизимидан ташқарида эмас. Улар учун қонуний солиқ механизми амалда мавжуд ва қўлланилмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугунги муҳокамаларда айрим ҳолатларда учраётган “санъаткорлар умуман солиқ тўламайди” деган талқинлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди”, дейилади вазирлик муносабатида.
Шунингдек, вазирлик давлат тадбирларига жалб санъаткорларнинг гонорарлари қонуний тартибда тўлаб берилиши бўйича ҳам аниқ механизмлар белгилангани ва тўлаб берилаётганини айтган. Бундан чиқди, Усмоновагача бу пуллар етиб бормайдими ё қанча гонорар олаётганини билмайдими?
Қайд этилишича, Маданият вазирлиги томонидан қарор лойиҳасининг айрим бандларига енгилликлар киритиш, амалий қўллаш механизмларини қайта кўриб чиқиш, солиқ миқдорларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳанинг турли иштирокчилари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда қатор нормаларни янада аниқлаштириш бўйича таклиф ва эътирозлар билдирилган.
Солиқчиларнинг назорат тадбирлари видеотасвирга олинади
Солиқ мавзусидан узоқлашмаймиз. Эндиликда Ўзбекистонда солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирлари видеотасвирга олинади. Бу 9 апрель куни “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисида”ги низом билан тасдиқланди.
Солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш, хронометражни кўздан кечириш, солиқ тўловчи ишчи ва ходимларининг ҳақиқий сони ҳамда солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган ишчи ва ходимлар сонига мувофиқлигини текшириш, назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини тасвирга олинади.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада “Заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш ҳамда қўшилган қиймат солиғи базасини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги вақтинчалик низом билан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва (ёки) уларни чакана сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга 2026 йил 1 январдан солиқнинг 80 фоизи республика бюджетидан қайтариш белгиланди.
Тадбиркор солиқ ҳисоботини тақдим этгандан сўнг, лекин 3 ойдан кечиктирмасдан тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат қилишга ҳақли. Тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат автоматлаштирилган дастур орқали кўриб чиқилади.
Гўшт импортига субсидия ажратилади
Яна бир муҳим янгилик бор. Тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда субсидия ажратилади. Бу ҳақда Президентнинг 7 апрель куни қабул қилинган “Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.
1 апрелдан 1 августга қадар тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда, уларни ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир килограмм гўшт учун 0,8 АҚШ долларидан ошмаган миқдорда;
1 апрелдан 31 декабрга қадар хорижий давлатлардан ҳаво транспорти орқали импорт қилинган наслдор қорамол қийматининг 10 фоизи, бироқ ҳар бир бош қорамол учун 4 млн сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилади. Субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан молиялаштирилади.
Боғчалардаги ҳунарлар
Ўзбекистонда хусусий мактаб ва боғчалар пайдо бўлди-ю лекин уларнинг тизими, стандартлари пайдо бўлгани йўқ. Уларнинг кўпларида яна ўша айрим давлат мактабларидан чиққан қўли узун, сўконғич, асабий тарбиячи ва ўқитувчилар ишлаяпти. Айрим хусусий боғчалар таълим даргоҳини эмас, концлагерни эслатади. Гўё фалон миллион пул тўлаб, болангизни дўппослашлари учун олиб бориб бераётгандексиз.
Этагингизни йиғиштириб олинг, дейман ўша мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларию раҳбарларига. Мақсад пул топиш бўлса, миллатнинг боласини тинч қўйинг, бозорга чиқинг. Касал ҳам, иллат ҳам, таҳқирлов ҳам, зўравонлик ҳам – ҳамма-ҳаммаси боғчада! Сизгами ишондик боламизни. Сизгами топширдик нуридийдаларимизни. Қани қаршимга бир чиқинг!
Ўша болани дўппослаётганлардан нафақат бировнинг боласига тарбия бериш ҳуқуқини, балки ўз боласига оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак. Афсус, бизда бу амалиёт ишламайди, ишлатилмайди, ишлатолмаймиз. Болажон халқмиз деб бонг уришни биламиз, лекин не хорлик, не хўрлик бўлса кўряпти болаларимиз.
Бу ҳафта ҳам тармоқ бола йиғисидан жунбишга келди. Навоийдаги хусусий мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси қарамоғидаги болаларни уриб, дўппослаб, ҳақоратлаб, қийнагани акс этган видеони сиз ҳам кўргандирсиз.
Вилоят Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, ҳолат 7 апрель куни содир бўлган, лекин мактабгача таълим ташкилоти номи очиқланмаган. Бояги тарбиячи номига нолойиқ шахс 23 яшар бундан аввал ҳам қарамоғида бўлган болаларни ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имконияти чекланганлиги ва ожиз аҳволда эканлигидан фойдаланиб, дўппослаш ва зўрлик ишлатиб содир этиладиган бошқа ҳаракатлар билан муттасил равишда қийнаб келгани аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва фуқаро гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Оҳангаронда ҳам боғча ходиманинг тарбияланувчи болалардан бирига жисмоний куч ишлатиб, уни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлагани акс этган видео тарқалди. Ўрганишлар натижасида аниқланишича, тарбия лавозимидан озод этилган.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
БарчасиНетаняху вазирлар маҳкамасини йиғмоқда
15 Апрель