Афғонистонда сув тошқинлари қурбонлари қарийб 150 нафарга етди

Олам

image

Афғонистонда март ойининг охиридан буён кузатилаётган кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 148 нафарга етди. Бу ҳақда кеча, 8 апрель куни “Толибон” муваққат ҳукуматининг фавқулодда вазиятларни бошқариш агентлиги хабар қилди.

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг 7 нафари том босиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, 216 киши жароҳатланган, яна 8 киши эса бедарак йўқолган. Агентлик матбуот котиби Юсуф Эмад сўнгги 24 соат ичида бир нечта вилоятда яна 15 киши ҳалок бўлиб, 18 киши жароҳат олганини билдирган.

Табиий офатлар уй-жойларга ҳам катта зарар етказган. Хусусан, 139 та уй бутунлай вайрон бўлган, яна 657 таси қисман шикастланган.

Сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистоннинг 28 та вилоятида ёғган кучли ёмғирлар ва тўсатдан юзага келган сув тошқинлари қишлоқ аҳолиси учун ҳам катта иқтисодий зарар етказган. Сабаби, ушбу ҳудудларда уйлар ва қишлоқ хўжалиги ер майдонлари жуда заиф ҳисобланади.

Бундан ташқари, асосий транспорт йўллари ҳам зарар кўрган. Бир нечта йирик автомобиль йўллари, жумладан, Қобул-Жалолобод йўли, Саланг довони ва Қобул-Ҳирот йўли сув тошқинлари, кўчкилар сабабли ёпилган. Оқибатда йўлларда ҳаракатланиш чекланиб, жабрланган аҳолига ёрдам етказиш янада қийинлган.

Агентлик яқин кунларда яна ёмғир ва сув тошқинлари кутилаётгани ҳақида огоҳлантириб, ёрдам кўрсатиш ҳозиргидан ҳам оғирлашиши мумкинлигини билдирган.

Қайд этиш жоиз, Афғонистонда сўнгги вақтларда табиий офатлар тез-тез содир бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 3 апрель куни Бадахшон шаҳридаги 6 балли зилзила оқибатида 8 киши ҳалок бўлганди. Қолаверса, мазкур зилзила Ўзбекистонда ҳам сезилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда кучли ёмғирлар ортидан юзага келган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 99 кишига етганди, яна 154 киши жароҳат олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон қурбонлар сув тошқинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг