“Крокус”даги теракт учун судланган шахс ўз жонига қасд қилди
Олам
−
06 Апрель 19382 3 дақиқа
Москва вилоятидаги “Crocus City Hall” концерт залида содир этилган теракт иши бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган шахс ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Россия Жазони ижро этиш федерал хизматининг Москва бўйича бош бошқармасига таяниб, РБК хабар берди.
“Воқеа жойида жонлантириш чоралари кўрилди, бироқ улар натижа бермади. Ҳозирда текширув ўтказилмоқда, натижалар тез орада маълум бўлади”, дейилади хабарда.
Идора маълумотларига кўра, содир бўлган воқеа ҳақида кузатув камералари орқали хабар топилган. Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ, маҳкумнинг исми ошкор этилмаган.
Жабрланувчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Даниэль Готье РБКга маълум қилишича, “Матросская тишина” тергов изоляторида ўз жонига қасд қилган шахс аввалроқ умрбод озодликдан маҳрум этилган Ёқубжони Давлатхон Юсуфзода бўлиб чиққан. Ишнинг яна бир фигуранти Жаброил Аушев ҳам ўз жонига қасд қилишга уринган, бироқ тергов изолятори ходимлари томонидан ўз вақтида топилиб, қутқариб қолинган. Готьенинг аниқлик киритишича, бу Аушев учун биринчи уриниш эмас – у буни аввалроқ 12 март куни, ҳукм ўқилган куни ҳам амалга оширишга уринган.
РБКнинг Жазони ижро этиш федерал хизматининг Москва бўйича бош бошқармасидаги манбаси Аушевнинг ўз жонига қасд қилиш ҳаракати 2025 йил ноябрида содир бўлганини, ўшандан бери янги уринишлар кузатилмаганини таъкидлаган.
Юсуфзода 2024 йил 31 мартда қўлга олинган, ўша пайтда у 25 ёшда бўлган. Юсуфзода Тожикистонда туғилган ва ушбу мамлакат фуқароси эди. У оилали бўлиб, уч нафар фарзанди бор. Тергов маълумотларига кўра, қўлга олинган пайтда Юсуфзода қурилишда норасмий ишлаган ва Москвада вақтинчалик рўйхатдан ўтган бўлган.
Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, “Крокус”га ҳужум қилишдан бир неча кун олдин Юсуфзода ўз банк картасидан террорчиларнинг яшашини таъминлаш учун шеригига пул ўтказган, терактдан кейин эса ижрочилардан бирига маблағ юборган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми “б” банди (террорчилик ҳаракати) бўйича айблов эълон қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Москва вилоятидаги “Crocus City Hall” мажмуасида содир этилган терактнинг ижрочиларини умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилганди.
“Crocus City Hall”даги теракт
2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги “Crocus City Hall” мажмуасида “Пикник” гуруҳи концерти бошланишидан олдин бир неча эркак ичкарига бостириб кириб, ташриф буюрувчилар ва ходимларга қарата ўт очган. Бинода ёнғин чиққан.
Россия Бош прокуратураси маълумотларига кўра, теракт оқибатида 147 киши ҳалок бўлган, уч киши бедарак йўқолган, 336 киши тан жароҳати олган ва камида 1 971 киши ўлим хавфи остида қолган. Етказилган зарар миқдори 5,7 миллиард рублни ташкил этган.
Тергов ва суд маълумотларига кўра, қидирувда бўлган икки нафар Тожикистон фуқароси ва номаълум шахслар, “Украинанинг олий сиёсий раҳбарияти манфаатларини кўзлаб”, Россия ҳудудида “Ислом давлати” таркибига кирувчи “Хуросон вилояти” гуруҳининг учта ячейкаси фаолиятини ташкил этган ва маҳкумлар ушбу гуруҳга аъзо бўлган.
Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренконинг хабар беришича, Марказий Осиёдан бўлган олти киши ушбу терактни ташкил этишда айбланиб, сиртдан ҳибсга олинган ва қидирувга берилган.
Тергов қўмитасига кўра, улар ҳужумнинг тўрт ижрочисини ёллаган ва чет элда ўқитган. Бундан ташқари, иш бўйича қатор айбланувчилар Доғистоннинг Каспийск шаҳридаги кўнгилочар мажмуани портлатишни режалаштиришган.
Тергов талқинига кўра, жиноят Украина махсус хизматлари иштирокида режалаштирилган ва амалга оширилган. Россия Тергов қўмитаси терактдан сўнг тўрт ижрочи Украинага қочишга уринганини, бироқ Брянск вилояти ҳудудида қўлга олинганини маълум қилган.
Live
Барчаси