“Ўзинг дайди бўласан”. Тошкентда профилактика инспекторларига дайди топиш буюрилди (видео)

Жамият

image

Бугун, 6 апрель куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимининг профилактика инспекторларига дайди топиб, баённома расмийлаштиришни буюргани ҳақида аудио ва видео тарқалди. 

“Профилактика инспекторлари, мен сизларга яна қайтиб айтяпман, яна бир марта айтяпман: дайди ноль бўлиб ётибди, виждонсиз. Дайди йўқми Олмазор туманида? Дайдини қўйиб юбораверасанлар протокол ёзиб. Дайди қани ҳозир?”, дейди у.

Шунингдек, аудиода ходимлар дайди бўлмаса қариндошини дайди қилиб кўрсатиб, маъмурий баённома расмийлаштириши кераклиги айтилган.

“Протоколлар ҳамма нарсадан ноль бўлиб ётибди. Ҳамма йўналишинг ноль: дайди ноль, маъмурий баённома ноль, маъмурий назорат ноль. Э, бу сенлар нима ўзингдан кетиб қолганмисанлар, виждонсиз? Биттанг қани дайди қилмачи? Қариндошингни олиб бориб ёп, дайди қилиб. Ўзинг дайни бўласан сен”, дейди у. 

Шунингдек, ходим бир соат вақт қолганини ва протоколлар сонини 500 тага чиқариш кераклигини айтган.

“Профилактика инспекторлари, бир соат вақтимиз қолди. Ҳозир ҳисоб-китоб бўлади. Мен боришни хоҳламайман. “Давай”, ҳозир газлаймиз, 300 тага чиқди. 200 та протоколмиз қолди. Чиқ, ҳамманг кўчага. Чиқ, бир соат вақтимиз қолди. Ҳамманг чиқ кўчага. Мана йиғилиш бўляпти, гапираяпти, эътироз бўлиб”, дейди у. 

Бундан ташқари, яна бир видеода ходим эҳтимол маъмурий баённомани 300 та қилишга ваъда берганини айтган.

“Профилактика инспекторлари, мана ҳозир мен ваъда бердим. Соат 12:00 гача 300 та қилишим керак. Ҳозир оғайни, биттанг агар “парод” қилсанг хафа бўлма. Ҳамманг – “ноч-поч”, ҳамма чиқсин ҳозир. Мен ўзим ҳам чиқаман, мана”, дейди у. 

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди. Билдирилишича, Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 

Қўшимча қилинишича, ўтган уч ой давомида Тошкент шаҳрида 283 та дайди ва 210 та тиланчилик билан шуғулланган шахс аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган. 

“Шу билан бирга маълум қиламизки, мазкур йўналишда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ҳар бир ходмга бирор бир “план” бажариш юклатилмаган. Лекин уларнинг вазифаси жамоат тартибини бузаётган шахсларни аниқлаш. Оммавий ахборот воситаларидан бу масалада объектив бўлишларини ва ҳар қандай масалада ўз вазифасини бажариб келаётган ички ишлар органлари ходимларидан камчилик қидирмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади муносабатда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Олмазор дайди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг