Солиқ машмашаси, нақд пулга сотилмаётган ёқилғилар — Ҳафта таҳлили

Таҳлил

“Кредити бор”, “қарзи кўп” санъаткорлар ноласи. Солиққа тортилишидан кимлар норози?

АЁҚШларда нақд пул қабул қилинмайди энди. Бунинг плюс ва минуслари нимада?

Уй ва машина савдосида тўлов банклардаги эскроу ҳисобварақлар орқали амалга оширилади. Бундан фуқаролар ютадими ё…?

Подполковник акасига ишониб ходимни урган маст ҳайдовчи қамалди. Сўнгги 7 кунликдаги энг муҳим воқеалар шарҳи билан QALAMPIR.UZ’да ҳафта таҳлили.

Қайсидир шифокор операциядан олдин “Мен одамларни даволашдек жуда масъулиятли иш билан шуғулланяпман, камига кредитим бор, менга солиқ солманглар” деб чиққанини кўрганмисиз? Ёки қайсидир ўқитувчи доска олдида туриб, “Мен маънавият улашаяпман, даромадим тўлиқ ўзимга қолсин”деб нолиганини эшитганмисиз? Улар жамиятнинг энг муҳим мутахассислари бўла туриб, қонун олдида барчага тенг бўлган мажбуриятини индамайгина бажаряпти. Аслида шу икки соҳа вакиллари Ўзбекистонда энг кам ўртача маош оладиган касб эгалари ҳисобланади. Статистика агентлигининг 2025 йил бўйича берган маълумотларига кўра, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси вакилларининг ўртача маоши 3 млн 600 минг сўм. Уларнинг 1 йиллик пулини бир нечтагина тўйдан топа олади деб кўпчилик ишонадиган бошқа соҳа вакилларининг гапини эса эшитдингиз. 

Ўзбекистонда адолат тарозиси гоҳида жуда ғалати чайқалади. Бир томонда ойига бир неча миллион сўм маош олиб, ундан 12 фоиз даромад солиғини сўзсиз тўлаётган шифокор, ўқитувчи ёки оддий қоровул. Иккинчи томонда эса, биргина кечада ўша қоровулнинг бир йиллик маошини топадиган, аммо “кредити бор”, шусизам қийналаётган “юлдузлар”. Ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда айрим санъаткорларнинг солиққа тортилишларига нисбатан эътирозлари гўёки халқ дарди каби талқин қилинди. Келтирилган важлари эса ҳайратланарли: "Қўшиқчилар халққа маънавият беради, уларда ҳам қарз кўп".

Олдиндан қатъий таъкидлаймиз: QALAMPIR.UZ таҳририятининг видеода кўрсатиладиган хонандаларга нисбатан ҳеч қандай адовати ва ёки қасди йўқ. Билдириладиган фикрлар фақатгина ижодкорларнинг солиқ тўлаш борасида айтган гаплари учун бўлади.

Қўшиқчиларнинг қарзи бўлиши ва ёки тўйи кам бўлиши уларни ҳеч қачон солиқдан озод қилиб қўя олмайди. Чунки кредит бугун исталган касб эгасида бор бўлиши мумкин ва улар ҳам “вой, бунинг қарзлари бор экан” деб озод қилинмаган бирон марта. Миниб юрган ялтироқ машинаси ёки кийимлари ҳам мажбурий қилиб белгиланмаган. Ҳеч бир давлат органи ёки фуқаролар “Санъаткорлар катта машинада келмаса ёки ялтироқ костюм ва кўйлак киймаса тўйга айтмаймиз” деб бойкот ҳам эълон қилмаган. Қарзга машина ёки кийим олиш ҳар бир инсоннинг шахсий танлови. Бу билан ҳамма бирдек амал қиладиган тизимни ўзгартиришни сўраш қанчалик адолатли ўзи? Яна бир ижодий жиҳатдан исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатни ўртага ташлаш мумкин: яхши ижод қилаётган хонанда тўйсиз қолиб кетмаяпти. Ҳар куни жамоаси билан банд улар. Яна тўланадиган солиқнинг энг пасти 103 минг сўм, энг баланди эса 1 млн 236 минг сўм. Миқдор нимага қараб белгиланишини эса ҳозир тушунтираман.

Президент қарори билан 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг ижодий фаолияти билан боғлиқ барча хизматлари солиқ органларининг “Солиқ” мобил иловасида рўйхатга олиниши шарт этиб белгиланди.

Ижрочилар 2026 йил 1 сентябрдан 2029 йил 1 январга қадар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни “бир хизмат – бир тўлов” тамойили асосида иловага мувофиқ қатъий миқдорларда амалга оширади. Меҳнат шартномаси асосида меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ижодий фаолият олиб бораётган ижрочилар бундан мустасно. Тўланадиган солиқ миқдори кўпчилик таъбири билан айтганда, ўлдирадиган даражада катта эмас. У санъаткорнинг рейтинги ва хизмат кўрсатилган ҳудудга боғлиқ бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) билан ўлчанади. У 412 минг сўм этиб белгиланган. Ижрочилар 3 гуруҳга тоифа бўйича ажратилади. 

Яъни, рейтинги энг баланд хонанда пойтахтда хизмат қилса 1 млн 236 минг сўм, Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида куйласа 816 минг сўм, бошқа шаҳар ва қишлоқлардаги тўй хизмати учун эса 412 минг сўм солиқ тўлайди.

Орадан бир оз вақт ўтгач, кўпчилик кутган деб таърифлаш мумкин бўлган муносабат ҳам билдирилди. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова анчагина кескин фикрларини концерти олдидан ўтказилган журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди. У ким хоҳласа ўша санъаткорларга осилавериши, айрим раҳбарлар хато маълумот тарқатиши ҳақида гапирди.

Усмонова гапи давомида санъаткорлар қимматбаҳо кийимда юриши айб эмаслиги, ҳақиқий исрофгарчилик айрим амалдорлар оиласида кузатилишини ҳам қистириб ўтган.

Ҳа, мана шунақа гаплар. Юқорида тўланиши мумкин бўлган энг баланд солиқ миқдорини айтгандик. Эсингизда-а? Шу мажбурият атрофида шунча гап! Аммо доим танганинг иккинчи томони бўлади. Хонанда тўйга борса, у ёлғиз бормайди. Орқасида камида 10 кишилик жамоаси бор: созандалар, маъмурлар, ҳайдовчилар. Агар солиқ “бир хизмат – бир тўлов” тамойилида олинадиган бўлса, у қайси суммадан ҳисобланади? 

Санъаткор оладиган умумий гонорардами ёки ҳамма харажатлар чиқарилиб, унинг чўнтагида қоладиган соф фойдаданми? Қайси хонанда нечта тўйга боргани қандай ҳисобланади? Ҳар бир тўйхонада махсус вакил туриб ҳисоб-китоб қиладими ёки “виждонингизга ҳавола” деб қўшиқчиларнинг ўзидан аниқлик сўраладими?

Энг қизиғи, хонанданинг атрофида бутун бир “иқтисодий занжир” айланади. Шеър ёзган шоир, куй басталаган бастакор, клип олган режиссёр, унда роль ўйнаган актёр ва актриса, кийим тиккан чевар, пардоз берган гримчи... Буларнинг барчаси хизмат ҳақи учун хонандадан нақд пул олади. Хўш, бу занжир вакиллари ҳам солиққа тортиладими ёки барча юк фақат микрофон тутган одамнинг елкасига тушаверадими?

Яна бир муҳим нуқта: давлат тадбирлари. Санъаткорлар байрамларда, концертларда чиқиш қилишади. Уларнинг гонорари қанча, умуман ҳақ тўланадими ёки йўқ — бу ёпиқ қозон. Ҳар ҳолда ҳали бирон марта бу каби тадбирларда ким қанча олганини кўрсатадиган аниқ ҳужжатга кўзимиз тушмаган. Оддий мисол, ортда қолган март ойида 2 та йирик тадбир бўлди. 8 март ва 21 март кунлари. Табиийки, катта масштабдаги чиқишларга бир неча ҳафталаб репетициялар бўлган. Хонандалар бу муддат орасида тўй ва бошқа хизматларни четга суришига тўғри келган бўлиши мумкин. Агар давлат санъаткордан бозор нархида солиқ талаб қилса, санъаткор ҳам давлат тадбирларига бозор нархида “ставка” қўйишга ҳақли бўлиб қолмайдими? Ёки у тадбир куни бериладиган гонорардан 10 баравар кўпроқ суммага тўй таклиф қилишган деб, уёққа кетиб қолса душман сифатида кўрилмайдими? 

Тўғри, гап мамлакат миқёсидаги 1-рақамли тадбир ҳақида кетяпти, бу ҳам фахр, ҳам даражани кўрсатадиган саҳна. Аммо пул...

Яна бир мантиқий парадокс бор: бутун дунёда радио ва телеканаллар юлдузларнинг қўшиғини қўйгани учун ижрочига пул тўлайди. Чунки одамлар радио ва ТВни айнан ўша юлдузнинг овози ва юзи учун тинглаши ҳамда кўриши табиий. Бизда-чи? Бизда хонанда ўз клипи эфирга чиқиши учун ТВга, қўшиғи айланиши учун радиога пул қистиради. Ёки ОАВ манбалари истаган қўшиғини хоҳлаган пайтида бериб, муаллифга пул тўламайди. Муаллифлик ҳуқуқи деган тушунча фақат қоғозда бўлса, тизим ижрочининг ҳақини ҳимоя қилмаса, ундан “тўйдаги хизмати учун” солиқ сўрашга қанчалик маънавий ҳаққи бор?

Қўшиқчилик фаолиятини олиб боришга рухсат олиш учун лицензияга алоҳида тўлов, концерт бериш учун алоҳида йиғимга тўлов... Энди яна солиқ...

Келинг, лицензия масаласини ҳам кўриб чиқамиз. Ўзбекистонда концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш билан Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси шуғулланади. Лицензия олиш учун ижрочилар қуйидаги 3 тоифага бўлинган:

1-тоифа: Энг юқори рейтингли, республика ва халқаро миқёсда танилган санъаткорлар.

2-тоифа: Ўртача машҳурликка эга ижрочилар.

3-тоифа: Энди танилаётган ёки фақат маълум ҳудудларда хизмат қиладиган ижрочилар.

Лицензиялаш тизими сўнгги йилларда қоғозбозликдан воз кечиш ва санъаткорларни қўллаб-қувватлаш томонга ўзгаргани айтилади. Олдин лицензия олиш учун ҳар бир қўшиқ ва клип махсус бадиий кенгашдан ўтиши шарт эди. 2017 йил 15 августдаги Президент фармони билан “Ўзбекнаво” ва “Ўзбекрақс” бирлаштирилиб, “Ўзбекконцерт” ташкил этилди. Лицензия тўловлари миқдори қайта кўриб чиқилди ва тартиблар соддалаштирилди.

Ўзбекистонда санъаткорлар учун лицензия тўловлари ижрочининг рейтинг гуруҳига (тоифасига) қараб белгиланади. Бу суммалар Базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) боғланган бўлиб, ҳозирда 412 000 сўм этиб белгиланган.

1-тоифа: йилига 20 600 000 сўм;
2-тоифа: 10 300 000 сўм;
3-тоифа: 4 120 000 сўм тўлайди. 

Лицензия фақат қўшиқчилар учун эмас, балки соҳадаги бошқа вакиллар учун ҳам мажбурий (агар улар “Ўзини ўзи банд қилган шахс” сифатида эмас, балки юридик тартибда ишласа). Мусиқий гуруҳлар хонандалар учун белгиланган ставканинг 70 фоизи миқдорида тўлайди. Рақс гуруҳлари учун тўлов 2 060 000 сўм. Бошловчиларнинг тўлови Тошкент шаҳри учун БҲМнинг 10 баравари, яъни 4 120 000 сўм этиб белгиланган. Дижейлар эса 236 000 сўм тўлайди.

2020 йилда, пандемия даврида санъаткорлар тўйсиз қолгани сабабли давлат уларга катта имтиёзлар берди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига санъаткорлар (созандалар, хонандалар, режиссёрлар) ҳам киритилди. Бу инқилобий ўзгариш эди, чунки санъаткор энди йиллик лицензия тўлови ўрнига, йилига бир марта ижтимоий солиқ тўлаб, иш стажига эга бўлиш имконини олди.

Ҳозирда кўплаб созандалар ва кичик хонандалар йиллик лицензия божидан қочиш учун “Ўзини ўзи банд қилган шахс” сифатида рўйхатдан ўтишмоқда. Бунда санъаткор йиллик тўлов ўрнига, йилига бир марта 412 000 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди. Аммо бу статус билан катта концерт саройларида йирик тижорий концертлар бериш чекланиши мумкин.

Бу орада эса “соя”да долларларни санаб ўтирганлар ҳам бор. Келинг, санъаткорларни қўйиб турайлик-да, бошқа томонга қарайлик. Ижтимоий тармоқлардаги “янги замон қаҳрамонлари” — блогерлар орасида битта рекламаси учун 5000 долларгача нарх қўядиган, бир ойда ўнлаб рекламалар жойлайдиганлари бор. Уларнинг қайси бирида МЧЖ ёки ЯТТ фаолияти бўйича гувоҳнома бор? Уларнинг даромади қайси тизимда ҳисобга олиняпти? Санъаткор ҳар ҳолда кўз олдимизда, лицензияси бор, “Ўзбекконцерт”нинг назоратида.

Блогерлар эса ҳеч қандай лицензиясиз, ҳеч қандай назоратсиз “соққа”ни босяпти-ку. Нега адолат тарозиси фақат тўйхонанинг эшигида турибди-ю, Инстаграмнинг reels бўлимига кирмаяпти?

Ҳа, қонун барча учун баробар бўлиши керак — бунга шак-шубҳа йўқ. Аммо тизим холис бўлиши учун аввал шароитни яратиб бериши шарт. Санъаткорнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинса, давлат тадбирларидаги хизмати қадрланса, муаллифлик асарлари учун “томиб-томиб” даромад келиб турса, ана шунда исталганча гапирса бўлади. Акс ҳолда, бу худди фақат машҳур бўлгани учун санъаткорнинг чўнтагига қўл солишдек кўринаверади.

Ҳафта давомида муҳокама марказига чиққан яна бир вазият — бу автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида нақд пулда савдо қилишдан воз кечилганлиги. Аслида 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Президент фармонига асосан қатор хизматлар ва маҳсулотлар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириладиган бўлди. Булар сирасига давлат хизматлари, коммунал тўловлар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи қуйиш ва электромобилларни зарядлаш хизматлари, шунингдек, қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товарлар киради.

Бу қарор яширин иқтисодиётга чек қўйиш мақсадида қабул қилинди. Аммо реал вазият шуни кўрсатдики, ҳали ечим берилиши керак бўлган жиҳатлар кўп. Биринчи навбатда, бу Конституцияда мустаҳкамланган “ўзбек сўми Республика ҳудудида ҳамма тўловлар учун ўз қиймати бўйича қабул қилиниши шарт” деган қоидага зид эмасми, деган саволлар туғилмоқда. Шунингдек, АЁҚШларда банкноматлар етишмаслиги, бор жойда эса навбатлар ва 1 фоиздан 3 фоизгача бўлган комиссиялар истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Тўғри, айнан картада тўлов қилиш шарт эмас, QR-код орқали ҳам масалани ҳал қилиш мумкин.

Бироқ катта ёшли авлоднинг ҳаммаси ҳам иловалардан фойдаланишни билмайди. Бундан ташқари, интернет тезлиги паст ҳудудларда ҳайдовчи “ёқилғисиз” қолиб кетиши хавфи ҳам йўқ эмас.

1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва 10 йилдан ошмаган автомобиллар олди-сотдисида эскроу ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби кучга кирди. Хўш, бу тизим нима ва жараён қандай бўлади?

Эскроу — бу пулингизни банкда вақтинча музлатиб қўядиган “хавфсиз ҳамён”. Жараён 5 қадамдан иборат:

 Ҳисоб очиш: Банкда ёки мобил илова орқали “Эскроу ҳисоб”очасиз.

Пулни киритиш: Келишилган суммани шу ҳисобга қўясиз ва пул “музлатилади”.

Нотариус текшуруви: Нотариус пул банкда турганини кўргачгина ҳужжатларни расмийлаштиради.

Автоматик тўлов: Шартнома имзоланиши билан пул автоматик тарзда сотувчига ўтади.

Пулни олиш: Сотувчи ўз ҳисобига тушган пулни исталган кўринишда олиши мумкин.

Бу хизмат пуллик: уй-жой учун максимал 206 000 сўм, машина учун эса 103 000 сўмгача (давлат банклaрида).

ППХ ходимига қўл кўтарган маст ҳайдовчининг видеоси ҳам воқелик нуқтаи назаридан 7 кунлик таҳлилига кириши шарт эди. Гап ИИО тизимидаги ходимнинг калтакланишидагина эмас, бу ишни қилган шахс айнан шу тизим ичидаги, алоқадор бўлганда ҳам оддий эмас подполковник лавозимида ишловчи ходимнинг укаси эканлигида. Видеодан англаш мумкинки, ака-ука бир машинада кетаётган бўлган. Яъни укаси маст ҳолатда ўтирганини ака жуда катта эҳтимол билан билган. Бироқ уни тўхтатмаган деган хулосага келиш мумкин. 

Ҳолат 30 март куни тунда Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги кўчаларнинг бирида содир бўлган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати берган расмий маълумотга кўра, ходимнинг юзига зарба берган шахс бу воқеадан бироз аввал бошқа бир автомашина билан тўқнашиб кетган ва унинг ҳайдовчиси билан жанжаллашган. Натижада у фуқаро 102 рақамига қўнғироқ қилиб, давлат рақам белгисига эга бўлмаган Malibu ҳайдовчиси “авария” содир этиб, ўзига нисбатан қўполлик қилаётганини билдирган. 

Мурожаатга асосан тезкорлик билан воқеа жойига етиб борган йўл-патруль хизмати ходимлари ҳолатни расмийлаштириш чоғида маст ҳолатда машина бошқарган Malibu ҳайдовчисига алкотестер орқали текширувдан ўтишни таклиф қилган. Ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмаган ҳайдовчи уларга фаол қаршилик кўрсатиб, мушт туширишгача борган.

Видео давомида маст фуқаро қилар ишни қилиб қўйиб, акасига бир неча маротаба умид кўзи билан қарагани, подполковник эса укасининг бу қилмишини қоралаганини кўриш мумкин.

Уканинг бу қилмиши акага ҳам қимматга тушди. 3 апрель куни подполковник ишдан олинди. Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда жанжалли ҳолат хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва мансаб мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш эҳтимолини кўрсатувчи салбий ҳолат сифатида баҳоланган. 

Ҳайдовчи эса процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш), 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва у ҳозир ҳам ҳибсда сақланмоқда. 

Ҳа, ароқ берадиган кайф бир неча соатда ўтиб кетади, аммо у олиб келадиган тамға бир умрга қолиши ва атрофдагиларга ҳам зарар етказиши мумкин.

Таҳлил давомида кўрсатилган воқеалар фонида хулоса шуки: адолат тарозиси фақат ҳамма унинг палласига бирдек тушгандагина тўғри ишлайди. Солиқ — бу халқ олдидаги қарз, қонунга бўйсуниш — ватандошлик бурчидир.

Хулоса эса ҳар доимгидек ўзингизга ҳавола. Зеро, таҳлил биздан — қарор сиздан.

Эътиборингиз марказида Нурзодбек Воҳидов бўлди. Қалбингизда раҳм-шафқат, амалингизда адолат бўлсин.


Мақола муаллифи

Теглар

Кредит нақд пул Маданият вазирлиги Солиқ Нотариус концерт жамият фуқаролар маст ҳайдовчи санъаткорлар Солиқ машмашаси Уй ва машина савдоси муҳим воқеалар “юлдузлар” лицензияга алоҳида тўлов Эскроу

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг