АЁҚШларда нақд пулдан воз кечилмоқда. Қулайликми ёки янги муаммо?
Интервью
−
04 Апрель 6692 2 дақиқа
Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири – автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) нақд пулдан воз кечиш ва тўловларни фақат электрон шаклда амалга ошириш тартиби бўлиб турибди. 2026 йил 1 апрелдан кучга кирган ушбу тизим шохобчаларда узун навбатлар, қўшимча комиссия тўловлари ва бир қатор тушунмовчиликларга сабаб бўлди.
Нақд пулни ёқилғи учун картасига ўтказаётган фуқаро 3 фоизгача комиссия тўлашга мажбур бўлмоқда. Масалан, 100 000 сўм ёқилғи қуйиш учун ҳайдовчи ўз ҳамёнидан яна қўшимча 3-4 минг сўм сарфлаяпти. Аҳолида рақамли саводхонликни етишмаслиги ва операторларнинг янги тизимга ўтиш босқичи сабаб кўплаб шохобчаларда навбатлар юзага келмоқда.
Баъзилар кредит мажбуриятлари сабабли картага пул тушиши билан банк автоматик равишда кредит қарздорлигини ечиб олаётгани, оқибатда ҳайдовчи бензин ололмай, чорасиз қолаётганидан нолимоқда
Банк-молия академияси профессори Тўлқин Бобоқулов эса ушбу вазиятни ҳуқуқий нуқтаи назардан танқид остига олди. Экспертнинг фикрича, нақд пулни маъмурий чеклаш бир неча қонунларга зиддир:
- Қийматлар тенглиги: Қонун бўйича 1 сўм нақд ва 1 сўм нақдсиз пулнинг қиймати тенг. Бироқ 3 фоизлик комиссия бу тенгликни бузиб, нақд пулнинг қадрини пасайтирмоқда.
- Ҳуқуқий иерархия: “Пул тизими тўғрисида”ги қонун ва Марказий банк ҳақидаги қонунларда сўм ягона ва чекланмаган тўлов воситаси экани белгиланган. Профессорнинг таъкидлашича, қонун ости ҳужжати (Фармон) қонун талабларига зид бўлиши мумкин эмас.
- Истеъмолчи ҳуқуқлари: Хизмат кўрсатишда тўлов шаклини чеклаш – истеъмолчи ҳуқуқларини қўпол равишда бузишдир.
Профессор Бобоқуловнинг сўзларига кўра, ривожланган давлатларда (масалан, Европада) нақд пулни маъмурий тақиқлаш йўқ. Аксинча, тадбиркорнинг ўзи нақд пул билан ишлашдан манфаатдор бўлмаган шароит яратилган (инкассация харажатлари туфайли). Ўзбекистонда эса рағбатлантириш ўрнига мажбурлаш йўли танланган.

“Одамларнинг ўзи нақд пулдан фойдаланишдан манфаатдор бўлмаслиги керак. Бунинг учун солиқ имтиёзлари ёки чегирмалар бериш лозим эди”, дейди эксперт.
Ҳозирча вазият ҳайдовчиларга унчалик ноқулайликлар туғдирмаяпти. Бироқ қиш ойларида энергетик чекловлар ва совуқ шароитда ёқилғи шохобчаларидаги ушбу рақамли тўсиқлар яна норозиликларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳайдовчилар огоҳлантирмоқда.
Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.