Ўзбекистонда 2019 йилда ўртача ойлик 2 млн 300 минг сўм бўлгани аниқланди
Жамият
−
27 Январь 2020
6164Ўзбекистонда 2018 йилга нисбатан 2019 йилда юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2324,5 минг сўмни ташкил этиб, 27,5 % га ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг республика бўйича ўртача кўрсаткичидан соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолияти – 34 %га, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар - 24,6 %га, таълим соҳаси - 20,8 %га сезиларли даражада паст бўлган.
Шу билан бирга банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолияти - 106,4 %га, ахборот ва алоқа соҳаси - 70,9 %га республика бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқорилиги кузатилган.
Иқтисодий фаолиятнинг барча турларида 2018 йилнинг мос даврига нисбатан ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг ўсиши кузатилган. Айниқса, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар - 40,1 %га, банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик фаолиятида - 37,2 %га, таълим соҳасида - 33,3 %га сезиларли ўсиш кузатилган.
Ҳудудларда айрим иқтисодий фаолият турлари бўйича республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақига нисбатан энг паст кўрсаткичлар кузатилди. Жумладан, Жиззах вилоятида саноат 36,4 %га, қурилиш 28,2 %га, ташиш ва сақлаш 49,2 %га, ахборот ва алоқа 49,1 %га иқтисодий фаолият турлари бўйича республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақига нисбатан паст бўлди.
Самарқанд вилоятида савдо 30,5 %га, ташиш ва сақлаш 49,1 %га, ахборот ва алоқа 51,7 %га, бошқа фаолият турлари 17,5 %га иқтисодий фаолият турлари бўйича республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақига нисбатан паст бўлди.
Фарғона вилоятида банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти 23,5 %га, таълим 8,0 %га, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш 5,9 %га иқтисодий фаолият турлари бўйича республикадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақига нисбатан паст бўлди.
Маълумот учун, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи таркибига иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд.
LiveБарчаси