Президент мустақилликнинг 35 йиллигини нишонлаш бўйича қарорни имзолади
Жамият
−
02 Апрель 7346 5 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида кенг нишонланади. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Қайд этилишича, миллий истиқлолнинг давлатчилик тарихи, ҳозирги ва келажак ҳаёт учун беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини Янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мувофиқ юксак даражада, муносиб нишонланади.
Қуйидагилар:
- “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ғоявий-бадиий концепция ва дастур мувофиқ;
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланади.
Республика комиссияси (Абдулла Арипов):
- мустақилликнинг 35 йиллигини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят ва туман (шаҳар) марказларида, барча маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, вазирлик ва идоралар тизимида муносиб нишонлаш мақсадида концепциянинг мазмуни ва асосий йўналишларига мувофиқ чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва ижро этишни таъминлайди.
Бунда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади:
- Янги Ўзбекистондаги амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юзага келган улкан имконият ва ютуқларни кенг ёритиш;
- мамлакат иқтисодиёти барқарор суръатларда жадал ривожланиб бораётганлиги натижасида фуқароларнинг турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлигини кўрсатиб бериш;
- мамлакат тинчлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ёритиш;
- истиқлол туфайли миллий қадриятлар, давлатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича эришилган ютуқ ва натижалар аҳамиятини таъкидлаш;
- нуронийлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манфаатларини таъминлашга, ёшларнинг “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари” сифатида билим ва касб эгаллашлари, тадбиркорлик ташаббуслари ва истеъдодларини рўёбга чиқаришга зарур шароитлар яратилганлигига урғу қаратиш;
- миллатлараро дўстлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини сақлаш ва кучайтиришни барча фуқароларнинг муқаддас бурчи сифатида тарғиб қилиш;
- байрам тадбирларига барча ёшлар, ижтимоий ва этник гуруҳлар ҳамда ватандошларнинг фаол жалб этилишини таъминлаш;
- илм-фан, таълим, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат бадиий-ижодий гуруҳлар тузиш ҳамда улар иштирокида апрель – сентябрь ойлари давомида республика бўйлаб кенг кўламдаги маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий лойиҳаларни ўз ичига олган “Мустақиллик тўйи” (фестивали) тадбирларини ўтказиш;
- Тошкент шаҳрида ўтказиладиган асосий байрам тадбирига тайёргарлик кўришда таниқли сценарист ва режиссёрлар, шоир ва ёзувчилар, хонанда ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочиларни жалб этиш;
- мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мамлакатнинг йирик саноат, маданият, таълим ва спорт муассасаларининг тантанали очилиш маросимларини юқори савияда ташкил этиш чораларини кўриши лозим.
Маданият вазирлиги Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий байрам тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича масъул ташкилот ҳисобланади.
Бадиий академия, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази 2026 йил 1 июнга қадар миллий мустақиллик ва суверенитет ғояларини, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қиёфасини ўзида акс эттирган “Ватан фидойилари” рамзий монументининг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ушбу монумент Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман ва шаҳарларда 2026–2030 йилларда барпо этилаётган умуммиллий бирдамлик боғларининг марказий қисмида ўрнатилиши ҳисобга олинади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Янги Ўзбекистон тараққиёти тадқиқотлари институти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва эришилган ютуқларга бағишланган “Мустақиллик зафарномаси” махсус китоб-альбомини тайёрлайди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази 2026 йил апрель ойидан ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35, #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акцияларини (флешмоблар, подкастлар, викторина ва бошқалар) бошлайди.
Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси 2026 йил апрель ойидан бошлаб “35 йиллик Истиқлол йилномаси” рукнида мустақилликнинг тарихий босқичлари, эришилган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларини ёритувчи туркум ҳужжатли фильмлар, кўрсатувлар тайёрлаш ва телеканалларда намойиш этилишини таъминлайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Адлия вазирлиги ҳамда Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг 2026 йил август ойида Тошкент шаҳрида “Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита “Ватандошлар” жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2026 йил август–сентябрь ойларида хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида “Мустақил Ўзбекистон – ғурурим, ифтихорим” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Марказий банк 2026 йил 1 сентябрга қадар “Мустақилликнинг 35 йиллиги” эсдалик олтин тангасини зарб этиш чораларини кўради.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Транспорт вазирлиги 2026 йил 1 майга қадар тегишлича янги ташкил этилган маҳаллалардан ҳамда темир йўл станцияларидан бирига “Мустақилликнинг 35 йиллиги” номини бериш бўйича таклифларни киритади.
Ўтказиладиган байрам тадбирлари:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан;
- Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлигига мамлакат мустақиллиги, Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш йўли ва халқнинг бирдамлиги ҳақида туркум материаллар тайёрлаш ва тарқатиш тавсия этилади.
Республика комиссияси мазкур қарор ижросини назорат қилиш, ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш, зарур ҳолларда, қўшимча чора-тадбирлар кўришни таъминланади.
Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ниғматович Арипов зиммасига юкланади.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель