Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ислом цивилизацияси марказига кўчди
Жамият
−
02 Апрель 4337 2 дақиқа
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ислом цивилизацияси марказига кўчиб ўтди. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни идора матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги диний идора раҳбарияти ва бўлимлар ўз фаолиятини ушбу марказ биносида давом эттира бошлаган.
“Марказнинг Хоразм портали маҳобатли эшигидан кириб, лифтдан иккинчи қаватга кўтарилсангиз, катта фойе ва Диний идора ҳудудига кириш қисмига дуч келасиз. Ичкарига киришингиз биланоқ Қуръони карим оятлари, Президентимиз сўзларидан иқтибослар, идора тарихи, муфтийлар ҳақидаги маълумотлар билан танишасиз. Йўлакнинг икки томонида раис ўринбосарлари ва бўлимлар учун ажратилган хоналар жойлашган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, кенг ва ёруғ хоналар электрон бошқарувли иситиш ва совутиш тизими, замонавий интерьер, шинам стол-стул, мебель, компьютер ва замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
Шунингдек, кичик ва катта мажлислар заллари бўлиб, улар замонавий технологиялар билан таъминланган. Жонли эфирга мўлжалланган камералар ва тўлиқ WiFi зонаси мавжуд. Залдаги барча техникалар бир маромда ишлаши масъуллар томонидан назорат қилиб турилади. Диний идора жойлашган қисмга ёндош кутубхона бор.
Маълум қилинишича, диний идоранинг Қорасарой кўчаси 47-уй манзилидаги биносида Фатво маркази, Ҳаж ва умра маркази, Қуръон ва тажвидни ўргатиш, молиявий назорат ва таҳлил, хўжалик, ахборот-таҳлил бўлимлари, бухгалтерия, студия, Фахрийлар кенгаши ҳамда фуқароларни қабул қилиш каби йўналишлар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 17 март куни Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан биргаликда улуғ айёмлар – муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами олдидан расман ўз эшикларини очган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганди.
Live
Барчаси