Лондонни титратган 11 ёшли қизча – Ясмина Ҳусниддинова

Интервью

Тошкент шаҳридаги 1-сонли мусиқа мактабида бугун катта саҳналарни забт этаётган кичик истеъдод тарбияланмоқда. Унинг исми – Ясмина Ҳусниддинова. Ёш бўлишига қарамай, у аллақачон халқаро саҳналарда ўз овози билан эътибор қозонишга улгурган. 11 ёшли бу қизалоқнинг овози Британия, Беларусь ҳамда Италияда ҳакамларни ҳайратга солди, аммо бу муваффақият ортида йиллар давомида қилинган меҳнат ва улкан орзулар ётибди.

Ясминанинг онаси Хуршидабону Холиқованинг айтишича, оилада санъаткорлар йўқ – ҳамма ҳуқуқшунос ва иқтисодчи. Аммо Ясминанинг иқтидори эрта пайқалган. 

“У етти ёшида машинада кетаётганимизда, Лара Фабиан ва Селин Дионнинг қўшиқларини худди ўзидек қилиб куйларди. Биз уйда ўзимизнинг талант шоуларимизни ўтказардик. Ясмина ҳар сафар қўшиқ айтишни танларди”, дея эслайди қаҳрамонимизнинг онаси.

Ясмина ўзи ҳақида гапирганда жуда самимий. У ҳозирча ўзбек ва рус тилларини билади, инглиз ва француз тилларини ўрганяпти. Селин Дион, Лара Фабиан, Билли Айлиш ва Димаш Қудайберган унинг идеаллари. Келажакда шахсий альбомини чиқаришни ва “Grammy” саҳнасида туришни орзу қилади.

“У 7 ёшида мактабимизга келганида овозидаги табиий вибрато ва тембр мени ҳайратда қолдирди. Ясмина янги маълумотларни жуда тез қабул қилади. Биз 5 йилдан бери бирга ишлаяпмиз”, дейди Ясминанинг устози Мадина Абдубекова унинг овозидаги ўзига хосликни биринчи дарсдаёқ сезганини айтиб.

Мактабда эса Ясмина машҳур юлдуз эмас, балки аълочи ва самимий ўқувчи. 51-сон умумтаълим мактабининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Севара Ходиева уни шундай таърифлайди: “Ясмина француз тили ва математикани жуда яхши кўради. У қанча давлатларни кўрмасин, қанчалик машҳур бўлмасин, ўзгармади. Доим қўли кўксида, одобли қиз”.

Синфдошлари ҳам Ясминани ўзига хос хислатларини эътироф этишди. У нафақат яхши қўшиқчи, балки математика ва инглиз тилидан ҳам синфнинг етакчиларидан. Ҳатто, бўш вақтларида шахмат ўйнашда ҳам чемпион акасидан қолишмайди – “вилка” услубида ҳужум қилиш унинг севимли юриши.

Ясминанинг “Britain’s Got Talent”даги иштироки кутилмаган, аммо ҳаққоний натижа бўлган. Ҳаммаси устози Илҳом Йўлчиев (DJ Piligrim) нинг йўналтируви ва онасининг анкетани тўлдиришидан бошланган.

“Очиғи, у жуда кичкина, ҳали тайёр эмасмиз деб ўйлагандик. Лекин икки кундан кейин почтамизга жавоб келди”, дейди Хуршидабону опа.

Лондон. Улкан стадион. Минглаб одамлар. Ясмина бу манзарани шундай тасвирлайди: “Мен ёшлигимдан бу шоуни томоша қилиб, бир кун келиб шу саҳнада тураман ва бутун дунёга “Мен Ўзбекистонданман” деб айтаман, деб орзу қилардим. Ўша куни орзуларим ушалди”, дейди Ясмина.

Ўзбекистондан илк бор иштирок этаётган бу митти юлдузга ҳакамлар ҳайъати бирваракайига тўртта “Ҳа” жавобини берган. 

Ҳозирда Ясминанинг эфирлари давом этмоқда. Жонли эфирларда фақат Британия фуқаролари овоз бера олса-да, ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ҳакамлар ва ташкилотчилар учун жуда муҳим. “Britain’s Got Talent” нинг расмий YouTube саҳифасида Ясминанинг видеосини кўриш, изоҳлар ёзиш ва унинг мухлислари кўплигини кўрсатиш унинг кейинги босқичларга ўтишига катта ёрдам беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Лондон Британия Италия Беларусь математика инглиз тили Ясмина Ҳусниддинова етакчи Хуршидабону Холиқова митти юлдуз ҳакамлар ҳайъати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг