Ҳаво сифати ёмонлашганда давлат хизматчилари масофадан ишлаши мумкин
Жамият
−
31 Март 3706 2 дақиқа
Энди Ўзбекистонда ҳаво сифати ёмонлашганда давлат хизматчилари масофавий иш шаклига ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 25 март куни қабул қилинган “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, бир ой муддатда атмосфера ҳавоси сифатининг кескин ёмонлашиши ҳолатларида амал килиниши лозим бўлган ҳаракатлар тартиби (алгоритми) ишлаб чиқилади.
Хусусан, ҳаво сифати хавфли даражага етганда аҳолини SMS-хабарлар, оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар орқали тезкор огоҳлантириш ҳамда хавф даражалари бўйича расмий маълумот бериш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, аҳолини ҳимоя қилиш чоралари сифатида очиқ ҳавода бўлишни чеклаш, айниқса, болалар, кексалар ва сурункали касалликлари бор шахслар учун уйда қолиш бўйича тавсиялар бериш, таълим муассасаларида очиқ ҳаво машғулотларини вақтинча бекор қилиш, оммавий тадбирларни чеклаш ҳамда заруратга кўра давлат ташкилотларида иш режимини ўзгартириш ёки масофавий шаклга ўтказиш чоралари белгиланади.
Бундан ташқари, саноат, энергетика, қурилиш ва транспорт соҳаларида тезкор таъсир чораларини қўллаб, жумладан, ифлосланиш манбалари бўйича оператив назорат тадбирларини ўтказиш, энергетика корхоналарида мазут ёқишни чеклаш (экстремал ҳарорат ҳолатлари бундан мустасно), саноат корхоналарида ташланмаларни вақтинча камайтириш ёки тўхтатиш, қурилиш ишларини чеклаш, транспорт ҳаракатини қисқартириш ва фаввораларни ишлатиш, дарахтлар ва йўл четларини сув сепиш орқали чангни бостириш каби чоралар ва бошқалар назарда тутилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу фармон билан Ўзбекистонда қурилиш соҳасида атмосфера ҳавоси муҳофаза қилиниши ва экологик талаблар кучайтирилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда. Жорий йил якунига қадар эса Тошкент шаҳридаги барча автотранспорт воситаларига эко-стикер берилади.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель