Зеленский Форс кўрфазининг учта давлати билан келишув имзолади

Олам

image

Украина Форс кўрфазининг бир қатор мамлакатлари билан ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда. Минтақага ташрифи давомида Украина Президенти Владимир Зеленский аввал Саудия Арабистони, кейинроқ Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари билан келишувларга эришган. Бу ҳақда AFP хабар берди.

“Гап ўн йиллик ҳамкорлик ҳақида кетмоқда. Биз аллақачон Саудия Арабистони билан тегишли шартномани имзоладик, ҳозиргина Қатар билан ҳам худди шундай 10 йиллик келишувга қўл қўйдик ва БАА билан яна бирини имзолаймиз”, дейди Зеленский жорий йилнинг 28 февраль куни бўлиб ўтган брифингда.

Маълумот учун, март ойи ўрталарида Зеленский Яқин Шарқ мамлакатларида Эрон дронлари ҳужумларини қайтаришда ёрдам бериш учун 201 нафар украиналик ҳарбий эксперт борлигини ва яна 34 нафари “сафарбарликка тайёр” эканлигини маълум қилган эди. 

“Бирлашган Араб Амирликлари. Бир неча ҳафтадан бери бу ерда украиналиклар одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериш учун ишламоқда. Биз жамоамиз вакиллари билан учрашиб, уларнинг Амирликлардаги иши якунлари бўйича илк натижалар ва асосий хулосаларни, шунингдек, айрим таклифларни муҳокама қилдик. Бу вақт ичида экспертларимиз БАА Хавфсизлик ва мудофаа кучлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Йигитлар ҳаво таҳдидларидан ҳимояни кучайтириш устида ишлашмоқда. БАА Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳайён билан учрашувимдан олдин айнан шу масалани муҳокама қилдик”, деб ёзди Зеленский 27 март куни ўз Telegram-каналида.

Украина Президентининг сўзларига кўра, Украина тажрибасини интеграция қилиш орқали Амирликларнинг ҲҲМ тизими ва муҳим инфратузилмасини қандай мустаҳкамлаш мумкинлиги ҳақида аниқ тушунча мавжуд. 

“Гап ўз самарадорлигини исботлаган комплекс ечимлар ҳақида кетмоқда”, деб таъкидлади Украина давлат раҳбари.

Доҳада Зеленский Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди. Музокараларда Бош вазир, шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ҳам иштирок этган.

Украина ва Қатар мудофаа соҳасида камида 10 йилга мўлжалланган ўзаро манфаатли шериклик бўйича келишувга эришган. Бош штаб бошлиқлари тегишли битимни имзолаган. Зеленскийнинг аниқлик киритишича, ушбу ҳужжат мудофаа саноатида қўшма лойиҳалар, биргаликда ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва технологик шерикликни назарда тутади.

“Украинадаги хавфсизлик ҳолати, Россиянинг давомли ҳужумлари ва унинг Эрон режими билан яқин ҳамкорлиги ҳақида маълумот бердим”, деб қўшимча қилди у.

AFP агентлигининг хабар беришича, Форс кўрфазининг учта давлати билан имзоланган келишувлар ўн йилга мўлжалланган.

“Бу вақт ичида ҳам Украинада, ҳам ушбу давлатлар ҳудудида қўшма ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилади”, дейди Украина Президенти.

Маълумот ўрнида, АҚШ ва Исроил 28 февралдан бери Эронга авиазарбалар бермоқда. Ушбу ҳужумлар оқибатида Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳамда қатор юқори мартабали мулозимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган.

Эрон бунга жавобан Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотига кўра, бу ҳужумлардан мақсад минтақадаги Америка ҳарбий базаларидир. Шунингдек, Эрон зарбалари Форс кўрфазидаги бир неча давлатларнинг нефть омборлари ва танкерларига ҳам келиб тушган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Форс кўрфази ҳаво ҳужумидан мудофаа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг