Ўзбекистон Лесото билан дипломатик муносабат ўрнатди

Жамият

image

Кеча, 27 март куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Лесото ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Лесото Қироллиги Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 166-мамлакат бўлган. Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Лесотонинг БМТдаги миссияси раҳбари Матете Нена имзолаган.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари доирасида яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилган. Икки томонлама алоқаларни давом эттириш, биринчи навбатда, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини излаб топиш бўйича келишувга эришилган.

“Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка қитъаси мамлакатлари билан ҳар томонлама ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Лесото Жанубий Африкада жойлашган ўзига хос давлат. У дунёдаги кам сонли анклав мамлакатлардан бири бўлиб, у ҳар томондан фақат битта давлат–Жанубий Африка Республикаси билан ўралган. Мамлакат тўлиқ тоғли ҳудудда жойлашган ва дунёдаги ҳудудининг бирорта нуқтаси 1400 метрдан паст бўлмаган ягона мустақил давлатдир. Пойтахти Масеру шаҳри. Аҳолиси тахминан 2,3 миллион киши бўлиб, уларнинг асосий қисмини басото халқи ташкил этади. Расмий тиллари – сесуто ва инглиз тиллари. 1966 йил 4 октябрда Буюк Британиядан мустақил бўлган (илгари Басутоленд деб аталган).

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Палау давлат вазири Густав Айтаро Нью-Йорк шаҳрида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзолаган эди. Тинч океанининг ғарбий қисмида жойлашган ушбу архипелаг-давлат Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 165-мамлакат бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

дипломатик муносабат Лесото

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар