Форс кўрфази давлатларининг АҚШдан ҳафсаласи пир бўлмоқда – ОАВ
Олам
−
28 Март 5389 2 дақиқа
Форс кўрфази мамлакатлари Эрон билан давом этаётган уруш фонида АҚШдан тобора кўпроқ норози бўлмоқда. Араб сиёсатчилари шахсий суҳбатларда Американинг хавфсизлик кафолатларини шубҳа остига қўйиб, Президент Дональд Трампда аниқ стратегия йўқлигидан жиддий хавотир билдирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.
Минтақа учун асосий хавфлар:
Ҳарбий базалар нишон сифатида: кўплаб мулозимлар Американинг ҳарбий базаларини Эронни тийиб турувчи эмас, балки унинг ҳужумларини қўзғатувчи хавф омили деб ҳисобламоқда.
Шошилинч келишув хавфи: Дональд Трамп сайловлар олдидан “ғалаба” эълон қилиш ва энергия ресурслари нархи ошишини тўхтатиш учун Теҳрон билан шошилинч келишув имзолаши мумкинлигидан хавотирлар бор.
Ҳормуз бўғози устидан назорат: агар “хом” битим тузилса, Эрон жаҳон нефть трафигининг 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғози устидан назоратни сақлаб қолиши ва шу билан бирга қўшниларидан қаттиқ ғазабланган ҳолатда қолиши мумкин.
Прокси-гуруҳлар таҳдиди: араб элитаси янги келишув баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС каби прокси-гуруҳларни қўллаб-қувватлашни чекламаслигидан қўрқади. Бу эса Кўрфаз давлатларини таҳдид қаршисида ёлғиз қолдиради.
Форс кўрфазидаги беқарорлик жаҳон бозорларини ларзага келтиришда давом этмоқда. 2026 йил 27 март куни Россия ҳукумати, жумладан, Ҳормуз бўғози блоклангани сабабли, бензин экспортига эмбарго жорий қилди, бу эса Brent маркали нефть нархини бир баррель учун 100 доллардан юқорига кўтарди.
Маълумот учун, Исроил ва АҚШнинг Эронга ҳужуми 28 февраль куни шаҳар ва ҳарбий объектларга берилган кўплаб авиация ва ракета зарбалари билан бошланган эди. Америка Президенти Дональд Трамп ушбу ҳарбий операцияни “Эпик ғазаб” (Epic Fury) деб атади. Теҳрон бунга жавобан Исроилга ва Яқин Шарқдаги бир неча мамлакатларда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилмоқда. Бундан ташқари, Эрон жаҳон нефть трафигининг 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғозини блоклаб қўйди.
Эронда кўплаб юқори мартабали мулозимлар ва ҳарбийлар, жумладан, мамлакат Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Унинг лавозимини ўғли Мужтабо Хоманаий эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Форс кўрфазидаги араб давлатлари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишув тузиш ниятидан хавотирда экани, улар бундай келишув оқибатида минтақада ғазабнок ва ҳамон қудратли рақиб билан юзма-юз қолишдан қўрқаётгани ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни талаб қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель