БМТ Ҳормуз орқали ўтишни таъминлаш учун махсус гуруҳ тузмоқда
Олам
−
28 Март 1714 2 дақиқа
Яқин Шарқдаги вазият кескинлашуви фонида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш глобал озиқ-овқат инқирозининг олдини олиш ва ўғитлар савдосига кўмаклашиш учун махсус механизм яратиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Яқин Шарқдаги давом этаётган можаро ва унинг кенгайиш хавфи глобал логистикани бузмоқда. Ҳормуз бўғозида кемалар қатновининг тўхтаб қолиши “домино эффекти”ни келтириб чиқариши ва яқин ойларда дунёдаги гуманитар ҳолат ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳажмига бевосита зарба бериши мумкин.
Ушбу муаммоларга тезкор жавоб қайтариш учун Антониу Гутерриш ихтисослаштирилган мақсадли гуруҳ тузди. Тузилмага раҳбарлик қилиш БМТ Бош котиби ўринбосари ва Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бошқармаси (UNOPS) ижрочи директори Жорже Морейра да Силвага топширилди.
Гуруҳ таркибига, шунингдек, асосий халқаро институтлар: БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD), Халқаро денгиз ташкилоти (IMO) ва Халқаро савдо палатаси (ICC) кирди.
Тузилманинг устувор йўналиши Ҳормуз бўғози ҳудудидаги гуманитар муаммоларни ҳал қилишга қаратилган техник механизмларни ишлаб чиқиш бўлади. Зарурат туғилганда, ишга қўшимча эксперт муассасалари ҳам жалб қилинади.
БМТ ушбу янги ташаббус ташкилотнинг аввалги тажрибаларига, хусусан, Ямандаги текшириш ва мониторинг механизми, Қора денгиз ғалла ташаббуси ҳамда Ғазога гуманитар ёрдам етказиш бўйича 2720-сонли механизмни амалга ошириш тажрибасига асосланганини таъкидламоқда.
Гуруҳнинг асосий мақсади – ўғитлар ва уларни ишлаб чиқариш учун хомашё савдосининг узлуксизлигига кўмаклашишдир. БМТ механизмни ишга тушириш аъзо давлатлар билан яқин ҳамкорликда, уларнинг миллий суверенитетини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда ва халқаро ҳуқуқ доирасида амалга оширилишини қайд этган.
Бош котиб муаммонинг кенг қамровли ва узоқ муддатли ечимини топишга содиқлигини тасдиқлаган. Бироқ минтақадаги беқарорликнинг иқтисодий ва гуманитар оқибатларини юмшатиш учун зудлик билан ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Антониу Гутерриш БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида журналистлар олдида Яқин Шарқдаги уруш назоратдан чиқиб кетганини айтган эди.
Live
Барчаси