Хитой АҚШ билан сувости урушига тайёргарлик кўрмоқда – “Reuters”

Олам

image

Ўнлаб Хитой тадқиқот кемалари Тинч, Ҳинд ва Шимолий Муз океанининг стратегик муҳим ҳудудларида денгиз туби харитасини тузиш билан шуғулланмоқда. Ушбу маълумотлар ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, тадқиқотлар фойдали қазилма конлари ва балиқ овлаш ҳудудларини қидиришга ҳам қаратилган. Ҳарбий-денгиз экспертларининг тушунтиришича, Хитой олинган маълумотлар асосида уруш бўлган тақдирда сувости кемалари жанг олиб борадиган жойларнинг сувости рельефи харитасини тузиши мумкин.

Хусусан, Dong Fang Hong 3 тадқиқот кемаси 2024–2025 йилларда Тайвань, Гуам қирғоқлари ва Ҳинд океанининг стратегик қисмларида патруллик қилган. Расман у иқлим тадқиқотлари ва туб жинсларни ўрганиш билан шуғулланган. Бироқ, нашрнинг ёзишича, чуқур сувости хариталаш маълумотлари Хитойга душманларини кузатиш имконини беради.

Хитой океанология академияси томонидан бошланган “Шаффоф океан” лойиҳаси сув ҳарорати, шўрлиги ва сувости оқимлари ҳаракатини қайд этувчи юзлаб датчиклар ҳамда сувости сенсорли тармоқларини ўрнатишни ўз ичига олади. Тармоқ стратегик муҳим ҳудудларни: Филиппин, Гуам ва Гавайи ороллари яқинидаги сувлар, шунингдек, Ҳинд океани ва Малакка бўғозига кириш йўлларини қамраб олади. Хитойлик олимлар ва ҳукумат лойиҳани илмий деб атамоқда, аммо расмий ҳужжатлар унинг “денгиз мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш”даги муҳимлигини кўрсатмоқда.

Бунгача ҳам “Reuters” АҚШ ва Хитой ўртасидаги “сувости уруши” ҳақида ёзган. Маълумотларга кўра, АҚШнинг SubCom LLC компанияси 2023 йилда Осиёдан Европага маълумот узатиш учун денгиз туби бўйлаб қиймати 600 миллион долларлик оптик толали кабель ётқизишни бошлаган. Лойиҳани дастлаб Хитойнинг HMN Tech компанияси амалга ошириши керак бўлган, бироқ Вашингтон Хитой разведка хизматлари уланиб олишидан хавфсираб, буюртмачилар консорциумига “босим ўтказган”. Нашрнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Хитой компаниялари иштирокидаги камида олтита оптик толали кабель ётқизиш бўйича келишув АҚШ аралашуви туфайли барбод бўлган.

Ўша вақтда “The Wall Street Journal” Пентагонда Хитойни АҚШнинг бутун қирғоқ бўйлаб жойлашган порт кранлари орқали жосуслик қилишда гумон қилаётгани ҳақида хабар берган. ХХР элчихонаси газета маълумотларини “паранойя” ва савдога тўсқинлик қилишга уриниш деб атаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой янги авлод ядровий қуролини ишлаб чиқаётгани ва сўнгги йилларда камида битта махфий синов ўтказган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой сувости уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг