“Келишиб олдик”. Трамп Эрон билан музокаралар тафсилотини очиқлади

Олам

image

Бугун, 23 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп журналистларга Вашингтон Теҳрон вакиллари билан “жуда самарали музокаралар” ўтказганини, ҳар икки томон асосий масалалар бўйича “умумий тил” топганини маълум қилди. Унинг сўзларидан “Reuters” ва NBC News иқтибос келтирмоқда.

“Бизда жуда ва жуда самарали музокаралар бўлди. Кўрамиз, улар нимага олиб келар экан. Айтишим мумкин бўлган гап шуки, биз аксарият муҳим масалалар, деярли барчаси бўйича келишиб олдик”, дейди АҚШ Президенти.

Унинг сўзларига кўра, музокараларда Америка томонидан унинг куёви Жаред Кушнер ва махсус вакил Стив Уиткофф иштирок этган. Трамп Эрон томонидан ким қатнашганига аниқлик киритмаган, фақатгина у “юқори мартабали ва ҳурматли етакчи” эканини қайд этган.

Трамп, шунингдек, музокаралар ташаббускори Теҳрон бўлганини даъво қилмоқда.

“Улар келишув тузишни хоҳлашади ва биз бунга тайёрмиз. Уларда ҳеч қачон ядро қуроли бўлмайди. Улар бунга рози бўлишди”, дейди у.

“Axios” нашрининг манбага таяниб ёзишича, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларда Туркия, Миср ва Покистон воситачилик қилган. Икки кун давомида ушбу уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари Америка ва Эрон томонлари – Стив Уиткофф ҳамда Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи билан алоҳида музокаралар ўтказган.

“The Jerusalem Post” манбасига кўра, Вашингтон билан музокараларни Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боғир Ғолибаф олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп “самарали музокаралар” муносабати билан Пентагонга Эрон электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига берилиши режалаштирилган зарбаларни беш кунга кечиктиришни топширганини эълон қилган эди. Эрон эса АҚШ билан музокаралар бўлганини инкор этмоқда. Теҳроннинг фикрича, Трамп “Эроннинг ҳарбий таҳдидлари янада ишончли бўлиб қолгани сабабли муҳим инфратузилмага ҳужум қилишдан воз кечган”.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг