Теҳрон Исроилнинг ядровий маркази яқинига зарба берди
Олам
−
22 Март 6116 2 дақиқа
Бугун, 22 мартга ўтар кечаси Исроил жанубидаги Димон шаҳридаги ядровий объект яқинига Эрон томонидан берилган иккита йирик зарба оқибатида 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) хабар берди.
Исроилнинг “Маген Давид Адом” (MDA) қутқарув ташкилоти маълумотларига кўра, Димонда 33 кишига, Димондан шимолда жойлашган ва ракетанинг бинога тўғридан тўғри зарбаси қайд этилган Арад шаҳрида эса 75 кишига ёрдам кўрсатилган.
“Димонда ҳам, Арадда ҳам ракетага қарши тизимлар ишга туширилган, бироқ улар нишонга тегмаган. Оқибатда оғирлиги бир неча юз килограмм бўлган жанговар каллакли баллистик ракеталар иккита бинога тўғридан тўғри келиб урилган”, дейилади хабарда.
Икки бино вайрон бўлишидан ташқари, яна учта бино жиддий зарар кўрган, улардан бирида ёнғин чиққан. Сўнгги маълумотларга кўра, 10 киши оғир яраланган. Қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидиришни давом эттирмоқда.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “жуда оғир оқшом”дан сўнг Исроил “барча жабҳаларда ўз душманларига зарба беришни давом эттиришга” қарор қилганини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, ярадорлар орасида оғир жароҳат олган 10 ёшли бола бор. Шунингдек, 30 ёшлар атрофидаги аёлнинг аҳволи ўртача оғирликда экани айтилмоқда. Қолган жабрланганлар енгил жароҳат олган ёки шок ҳолатига тушган.
Димондаги атом объекти Негев саҳросида, шу номдаги шаҳардан ташқарида жойлашган. Расмий маълумотларга кўра, бу ядровий тадқиқотлар марказидир. Бироқ, ушбу объект ядро қуроли ишлаб чиқариш учун хизмат қилиши ҳақидаги қарашлар кенг тарқалган. Исроил ҳеч қачон ядро қуролига эгалигини расман тасдиқламаган, лекин буни инкор ҳам этмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон АҚШ ва Исроилни Натанздаги уранни бойитиш мажмуасига ҳужум қилишда айблаганди. Эроннинг атом энергияси бўйича ташкилоти ушбу ҳодисани “халқаро қонунлар ва мажбуриятлар, жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг бузилиши” деб атаган.
Эрон расмийлари кеча, 21 март куни кечқурун давлат телевидениеси эфирида Димон шаҳрига берилган ракета зарбаси айнан ушбу ҳужумга жавоб эканини билдирган. Ўз навбатида, Исроил Натанздаги ядровий объектга қилинган ҳужумга ўз ҳарбийларининг алоқадор эмаслигини маълум қилган.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель