Трамп Нетаньяхуга Эроннинг энергетика объектларига ҳужум қилмасликни буюрди
Олам
−
19 Март 5501 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Эроннинг энергетика объектларига ҳужум қилмаслик ҳақида кўрсатма берганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 19 март куни Овал кабинетда Япония Бош вазири Санаэ Такаичи билан учрашув чоғида сўз очди.
“Мен унга буни қилма, дедим ва у буни қилмайди”, дейди Трамп.
Америка етакчиси АҚШ ва Исроил “мустақил” эканини, аммо “бир-бири билан жуда яхши келишишини” қўшимча қилган.
“Ҳамма нарса мувофиқлаштирилган. Лекин баъзида у нимадир қилади ва агар бу менга ёқмаса, биз бошқа бундай қилмаймиз”, дейди у.
Бундан ташқари, Трамп нефть нархлари ҳақида ҳам фикр билдириб, нархларнинг янада кўпроқ кўтарилишини кутганини айтган.
“Тўғрисини айтсам, ҳаммаси анча ёмон бўлиши мумкин деб ўйлагандим. Лекин аҳвол унчалик ёмон эмас ва яқин орада ҳаммаси тугайди”, дея қўшимча қилган Трамп.
У, шунингдек, Эрондаги ҳарбий ҳаракатлар борасида Япониядан олаётган қўллаб-қувватлаш даражасидан мамнунлигини билдириб, НАТОдан бундай муносабатни кутиб, ололмаганини айтган.
“Биз ҳамма нарсада улкан қўллаб-қувватловга эгамиз ва Япония билан яхши муносабатдамиз. Кеча ва ўтган куни Япония бўйича берилган баёнотларга қараганда, НАТОдан фарқли ўлароқ улар ҳақиқатан ҳам бор кучларини ишга солишмоқда.”, дейди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия ва бир қатор бошқа давлатларга Ҳормуз бўғозига ҳарбий-денгиз кучларини юбориш таклифи билан чиққан эди. Бироқ Германия ва Франция Трампнинг бу илтимосини бажаришдан бош тортди. Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамасининг юқори мартабали вакили Кая Каллас ЕИ давлатлари Ҳормуз бўғозидаги операция учун ўз флотини тақдим этишга тайёр эмаслигини таъкидлади.
Бунинг ортидан Дональд Трамп НАТО давлатларини Эронга қарши урушда иштирок этишни истамаётгани учун танқид қилди.
АҚШ ва Исроил 28 февралдан бошлаб Эрон ҳудудида жойлашган объектларга зарба беришни бошлади. Бунга жавобан Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқ минтақасидаги Америка ҳарбий объектларига зарбалар бермоқда.
Live
Барчаси04 Апрель