Жума кунлари ишлаш ўрнига китоб ўқиш таклиф қилинди. Қозоғистонда!
Олам
−
18 Март 3932 2 дақиқа
Қозоғистонлик депутати Бақитжан Базарбек ҳафтанинг жума кунларида давлат хизматида ишлаш ўрнига китоб ўқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 18 март куни давлат хизмати ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси вақтида сўз очди.
Унинг таъкидлашича, давлат хизматчиларига жума кунлари ҳеч қандай топшириқ берилмаслиги керак.
“Биз ҳозир ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган миллатмиз. Китоб ўқийдиган миллат эмасмиз. Президент китоб ўқиш кераклиги ҳақида бир неча бор айтди. Шу сабабли, менинг шахсий таклифим – келажакда янги қонун доирасида ёки алоҳида тарзда жума кунини ёки ҳафтанинг бошқа бир кунини тўлиқ маърифат куни, ижодий кун қилиш керак. Яъни, ўша куни ҳамма ишлар тўхтатилади, ҳеч қандай юклама, топшириқ бўлмайди. Давлат хизматчилари ишга бормайди. Улар кутубхонага бориб, китоб ўқисин, бошқаларга намуна бўлсин, онгини ривожлантирсин. Никколо Макиавелли ва Абайни ўқиган давлат хизматчиси сифатли ишлай олади”, деган депутат.
Қолаверса, февраль ойида ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев амалдорлар унинг сўнгги интервьюларига диққат қилмаганини айтган. Унинг фикрича, уларга узун матнларни ўқиш қийин бўлиб қолган.
Президент давлат хизматчиларига кўпроқ китоб ўқишни тавсия қилиб, акс ҳолда нафақага чиққанда когнитив қобилиятлар (инсоннинг фикрлаш, тушуниш, эслаб қолиш ва қарор қабул қилиш билан боғлиқ ақлий имкониятлари) пасайиб кетиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Интернет таъсири остида узун матнларни ўқиш қийинлашди. Ҳозир китоб ва мақолаларни тинглаш имконияти ҳам бор, лекин бу давлат хизматчилари учун яхши ҳолат эмас. Китоб ўқиш керак, акс ҳолда пенсия ёшига етганда когнитив қобилиятлар йўқолиши мумкин”, деган Президент.
Live
Барчаси