АҚШ рус мафиясидан “Гавана синдроми”ни чақирувчи қурилма сотиб олган – ОАВ

Олам

image

2024 йилда америкалик агентлар рус қриминал гуруҳи орқали “Гавана синдроми”ни келтириб чиқарадиган қурилмани сотиб олган. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 март куни CBS телеканалининг “60 minutes” дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, маълумотлар учта турли АҚШ ҳукумат идораларидан олинган. Америка ҳукумати бундай қурилмани сотиб олгани ҳақида аввал ҳам маълумотлар пайдо бўлган: 2026 йил январь ва февраль ойларида журналист Саша Ингбер, CNN телеканали ва “The Washington Post” газетаси бу ҳақда хабар берган. Маълум бўлишича, қурилмани АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Пентагон маблағлари ҳисобидан харид қилган. 

CBS маълумотларига кўра, қурилмани сотувчи “рус қриминал тармоғи” бўлиб, харидорлари – қонуний қурол савдосини текширувчи АҚШ агентлари бўлган. Пентагон маблағлари билан молиялаштирилган миссия тахминан 15 миллион долларга тушган. Қурилма бир йилдан зиёд вақтдан бери каламуш ва қўйларда ҳарбий лабораторияда синовдан ўтказилмоқда. Ҳайвонларда инсонларда кузатилгани каби жароҳатлар қайд этилган. 

CBS манбалари қурилма қандай кўринишда эканлигини ҳам тасвирлаган: у отиш қуролига ўхшамайди, кичик, шовқинсиз ва иссиқлик чиқармайди. Таъсири ўнлаб метрга етади ва шиша ҳамда гипсокартон орқали ўтиши мумкин. Қурилма турли сценарийларга мослаб дастурланиши ва масофадан бошқарилиши мумкин. Манбаларга кўра, қурилманинг дастур қисми энг муҳим бўлиб, у уникал импульс электромагнит тўлқинини шакллантиради. Асосий компонентлари Россияда ишлаб чиқилган.

АҚШ Давлат департаменти топшириғи билан “Гавана синдроми”ни тадқиқ қилган Стэнфорд университетининг тиб, микробиология ва иммунология профессори Дэвид Релман CBS’га шундай деган: “журналистлар маълумоти 2020 йилда улар ва ҳамкасблари чиқарган хулосаларга тўғри келади – “Гавана синдроми”нинг энг эҳтимолий сабаби импульсли электромагнит тўлқинлар”.

Унинг сўзларига кўра, “Гавана синдроми”дан жабр кўрганларда миянинг эшитиш ва вестибуляр тизимларида аниқ шикастланишлар мавжуд. Бу қулоқ ичидан бошлаб, миядаги электр сигналларига айлантирилишига қадар бўлган йўлни қамраб олади.

“Гавана синдроми” – бу АҚШ давлат хизматчилари дунёда турли мамлакатларда дуч келадиган неврологик симптомлар номи. Биринчи марта бу 2016 йилда Кубадаги консуллик ходимлари билан боғлиқ ҳолатларда кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача 1000 дан ортиқ америкаликлар бундай симптомларга дуч келган.

Кўплаб жабрланганлар ташқи таъсирда бўлганликларига ишонади. Аммо АҚШ разведка жамоаси бундай симптомларни келтириши мумкин бўлган қурол мавжудлиги фикрини расмий рад этади. Шу сабабдан, бир қатор жабрланганлар махсус хизматларни муаммони яширишда айблайди.

2024 йилда “The Insider” нашри CBS ва “Der Spiegel” билан ҳамкорликда тадқиқот эълон қилди. Маълум бўлишича, баъзи “Гавана синдроми” ҳолатлари Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штабининг хорижий операциялар бўйича 29155-гарнизони ходимлари сафарлари билан боғлиқ. Бу бўлим аввал Британияда Скрипалларни заҳарлаш, Чехияда қурол омборларини портлатиш ва Россия-Украина уруши бошлангандан кейин Европада диверсияларда гумон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ мафия Гавана синдроми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг