Эронда режим ўзгарадими ёхуд Трамп ва Нетаньяҳу ўз мақсадига эриша оладими?
Таҳлил
−
06 Март 5549 9 дақиқа
Ўтган қисқа вақт бир нарсани, Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлими бутун режим ўзгаришини англатмаслигини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 28 февраль куни Исроил ҳарбийларининг АҚШ қуролли кучлари билан ҳамкорлогида бўлиб ўтган операциялар оқибатида Эрон Олий раҳбари ҳалок бўлди. Малакатни 36 йил давомида бошқариб келгнан, 86 ёшли Хоманаийнинг ўлимидан асосий мақсад амалдаги Эрон режимининг устунини йўқ қилиш эди. Буни қарангки бир устундан айрилган мулларлар ҳокимияти жуда қисқа фурсат ичида унинг ўрнини тўлдиришга эришмоқда.
АҚШ ва Исроил нима истайди?
Эронга ҳужумлар бошланган бир вақтда АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг эълон қилинган 8 дақиқалик нутқида кўпроқ режимни қулатишга аососий урғу қаратган эди. Хоманаий ва унинг атрофидаги бир қатор юқори обрўли шахсларни ўлдириш орқали амалдаги режимни қулатишга ишонган Трамп, бу ҳаракатларни “Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш” деб таърифлади.
“Бизнинг мақсадимиз жуда қаттиққўл ва даҳшатли одамлардан иборат ёвуз гуруҳ бўлган Эрон режимидан яқинлашиб келаётган таҳдидларни бартараф этиш орқали Америка халқини ҳимоя қилишдир”, деди Трамп.
У нутқда, шунингдек, Эроннинг ядровий дастури ва минтақадаги агресив сиёсати сабабли АҚШнинг ҳарбий чоралар кўришга мажбур эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай “қора тарих”га эга давлатнинг ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўйиб бўлмайди.
“Ушбу ҳужумдан сўнг, биз уларни ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлишга қаратилган ёвуз ниятларини давом эттирмаслик ҳақида огоҳлантирдик ва бир неча бор келишувга эришишга ҳаракат қилдик”, дейди у.
АҚШ Исроил билан қўшма ҳаво ҳужумларини давом эттирар экан, Бенямин Нетаньяҳу бошчилигидаги Исроил ҳукумати ҳам бу урушни узоқ йиллик стратегиянинг мантиқий давоми – Эронда режимни ичкаридан қулатиш сиёсатининг якуни сифатида талқин қилмоқда. Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши ортидан эфирга узатилган Исроил Бош вазири Нетаньяҳу Эрон халқига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, форс тилида уларни кўчаларга чиқишга, режимни ағдаришга чақирди. У ҳатто мамлакатга йўлланаётган ракета ҳужумларини “сиз кутган ёрдам”, деб талқин қилган.
Бироқ рақамлар бошқача гапирмоқда. Ҳаво ҳужумлари оқибатида 555 дан ортиқ инсон ҳалок бўлгани, улар орасида жанубдаги қизлар мактабида ўлган 180 нафар бола борлиги айтилмоқда. “Тинчлик” шиори остидаги бомбалар ҳар доим ҳам тинчлик олиб келмаслиги тарихда кўп бор исботланган.
“Исроил расмийлари буни аниқ айтмаяпти, аммо улар Эронда режим ўзгаришини кўришни истаётганлари аниқ. Мен Тель-Авивда қолиб кетдим ва кўп вақтимни маҳаллий бошпанада исроилликлар билан ўтказяпман. Мени ҳайратга солгани – бу ерда, асосан либерал қарашдаги исроилликлар орасида урушни кучли қўллаб-қувватлаш мавжудлиги. Улар, ўз раҳбарлари каби, агар Эрон режими қулатилса, Яқин Шарқ бутунлай яхши томонга ўзгаради, деб ишонишади. Бу эса, албатта, бемаънилик”, деб ёзади Лондондаги King‘s College Ҳарбий тадқиқотлар департаменти катта ўқитувчиси Арон Брегман.
АҚШ ва Исроил Эрон жамияти бугун мураккаб даврни бошидан кечираётганини, тарқоқлик ва норозиликлар гирдобига тушиб қолганини яхши билади. Сўнгги йилларда кўчаларга чиққан намойишчилар монархияни тиклашдан тортиб то тўлиқ демократик тизимгача турли талабларни илгари сурган. Мамлакатдаги курдлар муаммоси ҳам Теҳроннинг зарарига ишламоқда. Мана шундай муаммоли вазиятда Эрон элитасини йўқ қилиш намойишчиларга кўмак бўлиши мумкин деган ғоя билан мана шу уруш бошланган бўлиши мумкин.
Режим ўзгаришидан нима фойда?
Яқин Шарқ яна тарихий бурилиш ёқасида турибди. Эронда режим ўзгариши эҳтимоли ҳақида гап-сўзлар кучаяр экан, савол туғилади: бундан АҚШ ва Исроил нимани кўзламоқда? Масала фақат сиёсий баёнотлар ёки бир марталик ҳарбий операция билан чекланмайди. Гап минтақанинг келажакдаги сиёсий архитектураси ҳақида кетмоқда.
Биринчи ва энг муҳим омил шубҳасиз хавфсизликдир. Эрон ҳозирги сиёсий тузилмаси билан Исроил учу мавжудлик масаласи даражасидаги таҳдид сифатида кўрилади. Фаластин ва Ғазонинг ягона ҳимоячиси образидаги Теҳрон Нетаньяҳу маъмуриятининг асосий муаммоларидан биридир. Бундан ташқари, Теҳроннинг Ҳизбуллоҳ ва Ҳамас каби тузилмаларга кўмаги Исроил чегаралари атрофида доимий босим муҳитини яратган. Агар Эронда ҳокимият алмашса ва янги ҳукумат ташқи агрессив стратегиядан воз кечса, Исроил ўз хавфсизлик периметрини сезиларли даражада мустаҳкамлаши мумкин.
Иккинчи муҳим жиҳат албатта ядровий дастурдир. Нафақат Вашингтон ва Тель-Авивни балки бутун дунёни бу масалада бирлаштириб турган асосий нуқта ҳам шу, Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик. Теҳроннинг ядровий салоҳияти кенгайиши минтақада қуролланиш пойгасини тезлаштириши, бошқа янги ядровий дастурларни пайдо бўлишига олиб келади. Саудия Арабистони, Туркия каби минтақавий лидерликка даъвогар қатор давлатларда ҳам ядро қуролига қизиқиш пайдо бўлади. Бу эса кичик давлатлар ўртасида ҳам ядровий мувозанатга нисабатн хавотирга сабаб бўлади. Режим ўзгариши, ўзгарганда ҳам АҚШ ва Исроилнинг “ноғорасига ўйнайдиган” шахснинг ҳокимият тепасига келиши Эронни ядро дастуридан воз кечишига имкон беради. Бу АҚШ учун глобал хавфсизлик дискурсида муҳим дипломатик ютуқ бўлиши мумкин.
Эроннинг дўстлари масаласи ҳам АҚШ ва Исроилнинг асосий бош оғриғи бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда Эрон Россия ва Хитой билан яқинлашиб, Ғарбга қарши кайфият шаклланишида муҳим бўғинга айланди. Агар Теҳрон сиёсий курсини ўзгартирса, АҚШ Яқин Шарқда йўқотаётган стратегик устунлигини қисман тиклаши мумкин. Бу эса нафақат ҳарбий, балки иқтисодий ва дипломатик фронтда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тўртинчи жиҳат — энергетика ва бозорлар. Эрон улкан нефть ва газ захираларига эга. Санкциялар ва турли чекловларга қарамай Эро нефтининг жуда катта қисми АҚШнинг рақиби – Хитойга экспорт қилиб келинмоқда. Хоманаийнинг ўрнига “қўғирчоқ” ҳукмдорнинг келиши Вашингтоннинг Пекин энергетика тизимига берган жиддий зарбаси бўлади. Бундан ташқари нефть захиралари бўйича дунёда 3-ўринда турувчи Эронда таъсирга эга бўлиш, дунёнинг энергетика бозоридаги нарх-навони назорат қила олиш имкони деганидир.
Аммо бу сценарийларнинг барчаси назарий. Гарчи режим ўзгариши АҚШ ва Исроил учун стратегик фойдалар ваъда қилиши мумкин бўлсада, аммо Эрондек улка тарих ваоммавий психологияга эга давлатда режим ўзгартириш турли кутилмаган ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
Нега режим қуламаслиги мумкин?
Тарих шуни кўрсатадики, ташқи босим остида юз берган режим алмашинуви кўпинча салбий оқибатларга олиб келади. Беқарорлик, ички парокандалик ёки янада радикал кучларнинг ҳокимиятга келиши эҳтимолини ҳам рад этиб бўлмайди. 90 миллионга яқин аҳолига эга, мураккаб сиёсий ва этник тузилишга эга Эронни “қайта созлаш” оддий геосиёсий операция эмас. Уни “бир зарба билан янгилашга” уриниш, нафақат мамлакатни балки бутун минтақани янада чуқурроқ нотинчлик гирдобига тортиши мумкин.
Ҳақиқатдан ҳам Эрон халқининг катта қисми амалдаги бошқарувдан норози эди. Буни сўнгги ўн йилликда содир бўлган норозилик намойишларининг сонига қараб ҳам кўриш мумкин. “Қўзғолонлар ташқи таъсирлар оқибатида шакллантирилган” деган конспералогик фикрлар рост бўлган тақдирда ҳам, бундай кенг кўламли намойишларга одамларни чиқариш учун ростакамига муаммо керак.
Аммо Рамазон ойида қилинган ракета зарбалари ва Хоманаийнинг ўлдирилиши ортидан жамиятнинг муайян қисми ҳукумат атрофида жипслаша бошлади. Режимни заифлаштириш мақсадида бошланган операция жамиятни аксинча консолидация қилмоқда, ташқи таҳдид фонида миллий бирдамликни кучайиши юз бермоқда. Барча мусулмонлар учун муқаддас ойда, мамлакатдаги энг улуғ инсон сифатида кўрилган Оятуллоҳнинг ўлдирилиши бутун халқда нафрат ва шаҳидлик кайфиятини шакллантирди. Бу эса ташқи аралашув орқали ички инқилобни “тезлаштириш” ғоясининг қанчалик хавфли эканини кўрсатади.
Бундан ташқари мамлакат ичкарисида ҳам ҳокимият тез суръатда алмашмоқда. Қарийб қирқ йил давомида мамлакатни “темир мушт” билан бошқарган тажрибали раҳбарнинг расман эълон қилинган вориси йўқ бўлсада, унинг ўғли, 56 ёшли Мужтабо Хоманаий, мамлакатнинг янги раҳбарини танлаш учун масъул бўлган Экспертлар кенгаши йиғилиши якунларига кўра, Эрон олий раҳбари лавозимига сайланди.
Хоманаийнинг иккинчи ўғли Мужтабо саҳна ортида катта таъсирга эга эканлиги билан машҳур эди. У мамлакатдаги энг қудратли ҳарбий тузилма — Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва “Басиж” кўнгиллилар отряди билан мустаҳкам алоқаларга эга. 1980–1990 йилларда Мужтабо “кўринмас аскар” сифатида фаолият юритган. Кўплаб эронлик сиёсатчилардан фарқли равишда, у оммавий чиқишлардан четда бўлиб, фаолиятини сояда олиб борган. У Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва махсус хизматлар тизимида тажриба орттирган. 2000 йиллар ўрталаридан бошлаб у “куч блоки”ни назорат қилгани, армия, денгиз ва ҳаво кучлари устидан отасига кўмак бергани айтилади.
Бундан ташқари тарихий травмалар оқибатида шаклланган Эрон халқининг оммавий психологияси ҳокимият тепасига АҚШга ён босувчи шахснинг келишига имкон бермайди. 1953 йилда демократик йўл билан сайланган бош вазир Муҳаммад Муссодиқнинг ағдарилиши ва бу жараёнда Ғарб махсус хизматларининг роли Эрон коллектив хотирасида чуқур из қолдирган. Бу воқеа Эрон элиталари онгида битта қатъий хулосани мустаҳкамлади: ташқи аралашув — миллий суверенитет учун доимий таҳдид. 1979 йилги Ислом инқилоби эса айнан шу кайфият фонида юз берди ва “Ғарбга қарамлик” сиёсий жиноят даражасига кўтарилди.
Бугунги тизим марказида турган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси нафақат ҳарбий, балки иқтисодий ва мафкуравий таянч ҳисобланади. Уларнинг мавжудлиги шуни англатадики, ҳокимият тепасига келадиган ҳар қандай янги раҳбар реал куч марказлари билан ҳисоблашишга мажбур. Бу эса кескин геосиёсий бурилишни деярли имконсиз қилади.
Эрон жамияти мураккаб. Норозиликлар бор, иқтисодий муаммолар бор, ёш авлод ўзгариш истайди. Аммо ўзгариш истаги автоматик тарзда Ғарбпарастлик дегани эмас. Эрон миллий онгида мустақиллик тушунчаси ғоят муҳим. Ҳатто ҳукумат танқидчилари орасида ҳам “ташқи кучлар орқали ўзгариш” ғоясига шубҳа билан қаровчилар кўп.
Шу боис тез суръатдаги ички алмашинувлар Эроннинг ташқи сиёсатини тубдан ўзгартиради, деган қараш нотўғри. Раҳбарлар ўзгариши мумкин, фракциялар жойини алмаштириши мумкин,аммо тарихий хотира, хавфсизлик аппарати ва геосиёсий реал шароитлар фонида Эрон раҳбарининг очиқчасига АҚШга ён босиши — сиёсий жиҳатдан деярли ўз жонига қасд қилиш билан баробар. Яқин Шарқ эса ҳиссиёт билан эмас, оғир тарих ва совуқ ҳисоб-китоб билан бошқарилади. Эрон тақдири фақат ва фақат эронлилклар қўлида.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель