Беларусь Россияга Украина ҳаво мудофаасини айланиб ўтишга ёрдам беряпти – Зеленский

Олам

image

Россия қўшинлари қўшни Беларусь ҳудуди орқали Украина ҳаво мудофаа чизиқларини айланиб ўтишга уриняпти. Бу ҳақда кеча, 26 декабрь куни кечқурун Украина Президенти Владимир Зеленский “дронлар, мудофаа чизиқлари ва Украинанинг жавоб чоралари” мавзусига бағишланган Олий Бош қўмондон йиғилишида маълум қилди. 

“Бу Беларусь учун хавфли. Биз “Орешник” билан боғлиқ қадамларни кўрдик, энди эса — “шахед”лар орқали. Афсуски, Беларусь ўз суверенитетини Россиянинг тажовузкор амбициялари фойдасига топширмоқда”, деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram каналида.

Зеленскийнинг таъкидлашича, россияликлар Украина ҳаво мудофааси — хусусан, дрон-перехватчиклар жойлашган чизиқларни кўриб турибди ва уларни айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Украина разведкаси маълумотларига кўра, Украинага қарши зарбаларда қўлланилаётган ускуналар “жумладан, чегарага яқин Беларусдаги аҳоли пунктларидаги тураржой биноларида” жойлаштирилган.

“Аслида оддий беш қаватли уйларнинг томларига антенналар ва бошқа ускуналар ўрнатилган бўлиб, улар “шахед”ларни мамлакатимизнинг ғарбий ҳудудларидаги объектларга йўналтиришга ёрдам беряпти”, деб ёзди Украина Президенти.

Зеленскийнинг айтишича, бу “жуда жиддий масала”га жавоб кейинги йиғилишда муҳокама қилинади. 

“Бу инсон ҳаётига мутлақо бепарволикдир ва Минскда бу билан ўйнашишни тўхтатишлари муҳим. Биз шерикларимизни хабардор қиламиз ва қўшма жавоб чораларини тайёрлаймиз”, деди у.

Украина Бош вазири Юлия Свириденконинг хабар беришича, 23 декабрь тунги Россия ҳужумида Украина энергетика инфратузилмаси нишонга олинган, энг катта зарар эса мамлакатнинг ғарбий ҳудудларидаги энергетика объектларига етган. Украина Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ўша куни эрталабга келиб Ровно, Тернополь ва Хмельницкий вилоятларида истеъмолчилар деярли тўлиқ электр таъминотисиз қолган.

25 декабрь кечқурун Россия қўшинлари Волинь вилоятидаги муҳим инфратузилма объектига дронлар билан ҳужум қилди. Ковель темирйўл станциясида локомотив ва юк вагон зарар кўрди, локомотив депоси цехининг ойналари портлаш тўлқинидан синди.

Радиоэлектрон кураш ва алоқа тизимлари бўйича эксперт Сергей Бескрестновнинг айтишича, Россия Киев—Ковель темирйўл йўналишига атайлаб ҳужум қилмоқда, бу орқали Украина билан Польша ўртасидаги логистикани тўсиб қўйиш мақсад қилинган. УНИАН агентлиги ёзишича, эксперт бу дронлар Россиядан учирилаётгани, аммо улар Беларусь ҳудудидан бошқарилаётганини таъкидлаган.

Беларусь қўшинлари Россиянинг Украинага қарши урушида бевосита иштирок этмаяпти, бироқ эҳтимолий босқин таҳдиди сабаб Украина Қуролли Кучларининг бир қисми умумий чегарада қолишга мажбур.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский Беларусь Орешник

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг