Исроил Сомалилендни тан олган биринчи давлат бўлди (видео)

Олам

image

Исроил Сомалилендни мустақил ва суверен давлат сифатида расман тан олди. Тегишли декларацияни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Сомалиленд Президенти Абдураҳмон Муҳаммад Абдуллоҳ имзолади. Бу ҳақда Исроил Бош вазирининг матбуот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, Исроил Сомалиленд Республикаси билан қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, технологиялар ва иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали муносабатларни зудлик билан кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Сомалиленд ҳудуди 1884–1960 йилларда Британия Сомалиленд сифатида мавжуд бўлган. У Қизил денгиздан Ҳинд океанига ўтувчи муҳим денгиз йўлларини назорат қилиш имконини берадиган стратегик ҳудудда жойлашган. 1960 йилларда Африкадаги деколонизация жараёнлари фонида Сомалиленд мустақиллигини эълон қилган, бироқ орадан бир неча ой ўтиб, собиқ Италия мустамлакалари билан бирга йирик Сомали давлати таркибига кирган. 1988 йилда бошланган фуқаролар уруши оқибатида мамлакат амалда бир неча ўзини ўзи бошқарувчи ҳудудларга бўлиниб кетган, улар орасида Сомалиленд ҳам бор.

Нетаньяху имзоланган декларация 2020 йилда АҚШ воситачилигида Исроил ва Баҳрайн, Марокаш ҳамда БАА ўртасида тузилган “Иброҳим келишувлари” руҳига мос келишини таъкидлади. Кейинчалик бу келишувларга Миср ва Судан қўшилган, 2025 йил ноябрида эса Қозоғистон ҳам шундай ниятини билдирган.

Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар битим икки томонлама тан олишни, тўлиқ дипломатик муносабатлар ўрнатишни, элчилар тайинлаш ва элчихоналар очишни назарда тутишини айтган. Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир йил давомида Исроил ва Сомалиленд ўртасидаги алоқалар фаол мулоқот асосида шаклланган.

Исроилнинг Сомалилендни тан олиш қарори Туркия, Миср, Сомали ва Жибути Ташқи ишлар вазирлари томонидан танқид қилинган. Улар Сомалининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашларини билдирган.

Сомалиленд 1991 йилда бир томонлама мустақиллигини эълон қилган бўлса-да, ҳозиргача ҳеч бир давлат ёки халқаро ташкилот уни расман тан олмаган эди. Халқаро ҳамжамият Сомалилендни Сомалининг бир қисми сифатида кўриб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Биньямин Нетаньяху Сомалиленд Абдураҳмон Муҳаммад Абдуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг