Украинада сайлов ўтказиш учун пул йўқ – Подаляк

Олам

image

Украина давлат бюджети тақчиллиги сабабли сайловларни мустақил молиялаштира олмайди. Бу ҳақда Президент офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.

“Айтганча, бу бизга тахминан қанча туришини биламизми? Ўйлайманки, буни айнан Марказий сайлов комиссияси ва парламентдаги ишчи комиссия ҳисоблаб чиқиши керак. Чунки буни молиялаштириш бизнинг вазифамиз эмас. Объектив равишда биз бунга кучимиз етмайди, чунки бюджетимиз тақчил”, деган Подоляк. 

Унинг таъкидлашича, ҳозир бюджетнинг устувор йўналишлари бошқача: бир томондан ҳарбийлаштириш, иккинчи томондан эса иқтисодиётдаги йўқотишларни аҳолининг алоҳида хонадонлари даражасида қоплашга қаратилган ижтимоий дастурлар.

Суҳбат давомида журналист чет элда бўлиб турган 6–8 миллион нафар украиналикларнинг сайловларда иштироки масаласини ҳам кўтарган. Подоляк бу жараённи ташкил этиш билан махсус ишчи гуруҳ шуғулланиши кераклигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, сайловларнинг аниқ қийматини парламентдаги ишчи комиссия ҳисоблаб чиқиши лозим.

Украина Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Сергей Дубовикнинг маълум қилишича, 2019 йилдаги президентлик сайловлари давлат бюджетига қарийб 2 миллиард гривнага тушган. Аммо ҳозирги шароит ва инфляцияни инобатга олганда, биринчи тур 4–5 миллиард гривна (94,8–118 миллион доллар), иккинчи тур эса 6,5–7 миллиард гривна (154–166 миллион доллар)га тушиши мумкин. Унинг айтишича, агар барча уч турдаги сайловлар ҳисобга олинса, умумий харажатлар қарийб 20 миллиард гривнани (472 миллион доллар) ташкил этади.

Украинада президентлик сайловлари 2024 йил март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ мамлакатда жорий этилган ҳарбий ҳолат сабабли номаълум муддатга қолдирилган. Зеленский мамлакат техник жиҳатдан сайловларга тайёрлигини, аммо улар фақат ўт очишни тўхтатиш ёки реал хавфсизлик кафолатлари бўлгандагина ўтказилиши мумкинлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда сайлов жараёнини 60–90 кун ичида ташкил этиш мумкин.

Яқинда Зеленский АҚШ билан муҳокама қилинаётган 20 банддан иборат тинчлик режасининг мазмунини ҳам очиқлади. Ундаги бандлардан бири Украинада келишув имзолангач, сайловларни имкон қадар тезроқ ўтказишни назарда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина сайлов Михаил Подоляк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг