“Юра Унитаз” Россия дрон қўшинларига раҳбар бўлди – BBC 

Олам

image

Россия Қуролли кучларининг учувчисиз тизимлар қўшинларига, эҳтимол, Электросталдан чиққан бизнесмен ва волонтёр Юрий Ваганов қўмондон этиб тайинланган. Бу ҳақда аввал уруш блогерлари тарқатган маълумотни Россия дронсозлик соҳасидаги манбалар BBC Рус хизматига тасдиқлаган, деб ёзади медиакомпания 26 декабрь куни.

“Қўмондон этиб “махсус ҳарбий операция”да жуда кўпчиликка “Юра Унитаз” лақаби билан таниш бўлган шахс тайинланди”,  деди стрим вақтида ҳарбий эксперт, захирадаги 3-ранг капитани Максим Климов.

BBC маълумотларига кўра, 1982 йилда Степанакертда туғилган Вагановда ҳарбий маълумот йўқ. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан олдин у Электросталда сантехника маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган, шу сабабли “Юра Унитаз” лақабини олган. 2022 йил баҳоридан у Донбассга “гуманитар юклар” олиб боришни бошлаган.

“Уруш йиллари давомида Ваганов турли-туман алоқаларга эга бўлиб улгурди ва Россия армияси учун FPV-дронларнинг асосий етказиб берувчиларидан бирига айланди. “Судоплатов” батальони базасида “Судоплатов — қиёмат куни” деб аталувчи дронлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди”, дейилади BBC Рус хизмати мақоласида.

Нашрда Вагановнинг янги лавозимга тайинланишига салбий муносабат билдирган Z-блогерлар фикрлари ҳам келтирилади. Уларга кўра, Вагановнинг мақсади самарали жанг қилиш эмас, балки ўз маҳсулотини қўшинларга сотишдир. Хусусан, Z-блогер Святослав Голиков Ваганов Мудофаа вазири ўринбосари Алексей Криворучко билан бирга ишлашини ва уларнинг муносабатлари “дрон воситаларини ривожлантириш ва замонавий урушда қўллаш ҳақида эмас, балки фақат тижорат ҳақида” эканини айтган.

Россия Қуролли кучлари тузилмасида дрон қўшинлари ташкил этилгани ҳақида ноябрь ўрталарида янги қўшин тури раҳбар ўринбосари Сергей Иштуганов хабар берган эди. Расман дрон-қўшинлар қўмондонининг исми очиқланмаган.

Украина Қуролли кучлари таркибида шунга ўхшаш қўшинлар – Учувчисиз тизимлар кучлари – Президент Владимир Зеленскийнинг 2024 йил 6 февралдаги фармони билан алоҳида қўшин тури сифатида ташкил этилган. Уларнинг таркибига ҳаво, денгиз ва ер устидаги учувчисиз ҳамда роботлаштирилган тизимлардан фойдаланувчи бўлинмалар киради. 2025 йил июнидан бу қўшинларга майор Роберт Бровди қўмондонлик қилмоқда, у қўшинларда “Мадьяр” тахаллуси билан танилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Юрий Ваганов Юра Унитаз дрон қўшинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг