Марказий Осиёда жароҳатлар оқибатидаги ҳар учинчи ўлим алкоголь билан боғлиқ – ЖССТ
Бу қизиқ
−
25 Декабрь 2739 2 дақиқа
Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида жароҳатлар ва зўравонлик оқибатидаги ҳар учинчи ўлим алкоголь истеъмоли билан боғлиқ. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) янги ҳисоботида сўз боради.
Энг кўп учрайдиган ҳолатлар – ўзига шикаст етказиш, йўл-транспорт ҳодисалари ва йиқилишлар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бошқа ҳеч бир психоактив модда тасодифий ҳамда қасддан етказиладиган зарарлар бўйича алкоголь даражасидаги кенг кўламли талафотга сабаб бўлмайди.
ЖССТнинг алкоголь масалалари бўйича минтақавий маслаҳатчиси Карина Феррейра-Боржеснинг қайд этишича, алкоголь нафақат етти турдаги саратонни ўз ичига олган жиддий юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқаради, балки инсоннинг хулқ-атворини назорат қилиш қобилиятини кескин пасайтиради, мувофиқлаштириш ва реакция тезлигини ёмонлаштиради ҳамда хавфли хатти-ҳаракатларга мойилликни оширади. Шу сабабли у кўпинча олдини олиш мумкин бўлган жароҳатлар ва ўлимларга олиб келади.
Қайд этилишича, алкоголь тажовуз ва зўравонликни қўзғатувчи энг барқарор омиллардан бири бўлиб қолмоқда. У фақат ичувчи шахснинг ўзига эмас, балки атрофдагиларга – айниқса аёллар ва болаларга ҳам зарар етказади.
Шу билан бирга, расмий статистика муаммонинг ҳақиқий кўламининг фақат кичик бир қисмини акс эттиради, чунки кўплаб ҳолатлар қўрқув туфайли қайд этилмай қолмоқда.
ЖССТни алкоголнинг ўсмирлар ва ёшлар орасидаги таъсири ташвишга солмоқда. Ушбу ёш гуруҳида у, аввало, жароҳатлар туфайли ногиронлик ва муддатидан олдин ўлимнинг етакчи омили ҳисобланади.
ЖССТ минтақа мамлакатларини фаол ва мақсадли чоралар кўришга чақирмоқда. Энг самарали чоралар қаторида алкоголга нарх ва солиқларни ошириш, уни сотиш вақти ҳамда жойларини чеклаш, спиртли ичимликлар маркетингини қатъий тартибга солиш, маст ҳолда транспорт бошқаришга қарши назоратни кучайтириш, шунингдек тиббиёт муассасаларида алкоголни зарарли истеъмол қилишни эрта аниқлаш тизимларини жорий этиш келтирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ спиртли ичимликларни исталган миқдорда истеъмол қилиш деменция (ақлий заифлик) хавфини ошириши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси