1 апрелдан ўқитувчи ва шифокорларнинг маоши 100 фоизга ошади. Қирғизистонда!
Олам
−
25 Декабрь 65267 2 дақиқа
Қирғизистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маошлари 100 фоизга оширилади. Бу ҳақда бугун, 25 декабрь куни Президент Садир Жапаров Халқ қурултойида эълон қилди.
Жапаров ўқитувчилар ва шифокорларга бўлган ҳурмат кучли давлатнинг пойдевори эканлигини айтди.
“Ўқитувчилар миллат келажагини шакллантиради, шифокорлар эса одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилади. Бироқ бугунги кунда биз кўпинча уларга нисбатан қўполлик, ҳурматсизлик ва ҳатто баъзан зўравонликка дуч келамиз. Бу маданиятсизликнинг энг юқори даражаси. Биз бу икки муқаддас касбни муносиб обрўси ва юқори ижтимоий мавқеига қайтаришимиз керак”, деди Президент.
Шу муносабат билан у ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 2026 йил 1 апрелдан бошлаб оширилишини таъкидлади.
Жапаровга кўра, ҳозирда ўқитувчиларнинг ўртача маоши 26 минг қирғиз соми (тахминан 3,5 млн ўзбек сўми)ни ташкил этади. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, оширилгандан сўнг, у тахминан 52 минг қирғиз соми (тахминан 7 млн сўм)ни ташкил қилади. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ўқитувчиларнинг маошлари уларнинг таълим даражаси, ўқитиш тажрибаси, малака тоифаси, географик жойлашуви, ўқитиладиган фан ва ҳафталик ўқув юкламасига қараб белгиланади.
Шундай қилиб, шаҳар умумтаълим мактабида ўқитувчилик тажрибасига эга бўлмаган ва ўрта педагогик маълумотга эга бўлмаган ёш ўқитувчининг маоши 1 апрелдан бошлаб 36 800 сом (5 млн сўм)ни ташкил этади, солиқлар ва ижтимоий суғурта бадаллари тўлангандан кейин эса улар тахминан 31 200 сом (4 млн 200 минг сўм) олади.
Шунингдек, шифокорларнинг ўртача маоши ҳозирда 31 500 сомни (4,3 млн сўм) ташкил этади ва 1 апрелдан бошлаб у 62 500 сомга (8,6 млн сўм) етади, шифокорлар эса солиқлардан сўнг тахминан 50 000 сом (6,9 млн сўм) миқдорида соф даромад олади.
Чекка тоғли ҳудудда 30 йиллик тажрибага эга, тўлиқ иш кунида ишлайдиган юқори даражадаги шифокорнинг маоши 91 700 сом (12,6 млн сўм)ни, солиқлардан сўнг эса тахминан 75 700 сом (тахминан 10,4 млн сўм)ни ташкил қилади.
Бундан ташқари, келгуси йилнинг 1 апрелидан бошлаб ҳар бир лавозим учун 5000 сом (680 000 сўм) миқдорида қўшимча президентлик компенсацияси жорий этилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 январдан бошлаб Қозоғистонда шахсни тасдиқловчи ҳужжат (ID-карта)лар биринчи марта берилганда ҳамда амал қилиш муддати тугагач, алмаштирилганда бепул берилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси