Бағдод ва Эрбилда илк бизнес мулоқотлар: Ўзбекистон–Ироқ ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда

Бизнес

image

23–25 декабрь кунлари Ўзбекистон ишбилармонлар делегацияси Ироқ Республикасига амалий ташриф билан борди. Ташриф доирасида Бағдод шаҳрида илк бор Ўзбекистон–Ироқ бизнес форуми ўтказилиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим келишувларга эришилди.

Делегация таркибига озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника, мебелсозлик ва қурилиш материаллари каби юқори экспорт салоҳиятига эга соҳаларда фаолият юритаётган 25 та йирик компания ва тадбиркорлар кирди. Ушбу корхоналар жами 6 477 нафар ходимни банд қилган бўлиб, 6,63 трлн сўмлик товар айланмаси, 179,1 млн АҚШ доллари экспорт ҳажми ҳамда 213,2 млрд сўм солиқ тўловлари билан мамлакат иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг Ироқдаги элчихонаси ва Ироқ Иқтисодий кенгаши кўмагида ташкил этилган бизнес-форумда Ироқнинг давлат идоралари ва ишбилармон доираларидан 150 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Тадбир давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги, саноат ва экспорт салоҳияти тақдим этилди, B2B учрашувлар ўтказилди ҳамда ўзбек маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Ташриф давомида Ироқ Саноат ва минерал ресурслар вазирлиги, Савдо вазирлиги, Миллий инвестиция комиссияси ҳамда Ироқ саноатчилар уюшмасида музокаралар ўтказилиб, савдо, инвестиция ва саноат кооперацияси бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Томонлар январь ойида Ироқ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон–Ироқ Қўшма иқтисодий қўмитасининг биринчи йиғилиши ва навбатдаги бизнес-форумни ўтказишга келишиб олди.

Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Эрбил Савдо-саноат палатаси президенти Гаилан Ҳожи Саид билан учрашди. Эрбил шаҳри Ироқ Курдистон автономиясида жойлашган бўлиб, аҳолиси 3 миллиондан ортиқ ва минтақа иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Учрашув якунида Ўзбекистон ва Эрбил Савдо-саноат палаталари ўртасида илк бор англашув меморандуми имзоланиб, Ўзбекистон–Эрбил Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ташриф доирасида Курдистон минтақавий ҳукумати Савдо ва саноат вазири ўринбосари Сарвар Камол Ҳаварий билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Қайд этилишича, аҳолиси тахминан 7 миллион нафарни ташкил этувчи Курдистон минтақасининг ички бозори йиллик 17 млрд АҚШ долларига тенг импорт маҳсулотларига юқори талабга эга. Асосий эҳтиёжлар озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги хомашёси, саноат ускуналари, қурилиш материаллари, маиший техника ва кимё маҳсулотларига тўғри келади.

Музокаралар давомида Ўзбекистон тадбиркорлари учун Ироқ бозорига чиқиш, логистика ва савдо занжирларини йўлга қўйиш, қўшма ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юқори экани алоҳида таъкидланди.

Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон тадбиркорларини Ироқ бозорида очилаётган янги имкониятлардан фаол фойдаланишга чорлаб, ушбу йўналишда амалий қўллаб-қувватлашни давом эттиришини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Ироқ Бағдод бизнес Эрбил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг