ЕИнинг собиқ амалдорига АҚШга кириш тақиқланди
Олам
−
24 Декабрь 2598 3 дақиқа
Бугун, 24 декабрь куни АҚШ Давлат департаменти Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунини (DSA) ишлаб чиқишда иштирок этган собиқ Европа комиссари ҳамда яна тўрт нафар инсон ҳуқуқлари фаолларига АҚШга кириш визалари берилмаслигини маълум қилди. Бунга уларнинг мазкур қонунни ишлаб чиқишда иштирок этгани ва Европа Комиссиясига маслаҳат бергани сабаб бўлган. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Давлат департаменти DSA устида ишлаган беш нафар европаликка, жумладан, Европа Иттифоқининг Ички бозор бўйича собиқ комиссари Терри Бретонга нисбатан виза чекловлари жорий этган. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио баёнотида уларни “ўз лавозимларидан фойдаланиб, Америка фуқаролари ва компанияларига қарши репрессив цензура чораларини илгари сурган радикал фаоллар” деб атаган.
АҚШ расмийлари Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунни консерватив қарашларга қарши қаратилган цензура воситаси сифатида баҳоламоқда. Давлат департаменти баёнотида Терри Бретон “ DSA меъмори” сифатида тилга олиниб, мазкур қонун Европа Иттифоқида фаолият юритаётган интернет платформалари ва ижтимоий тармоқларни ноқонуний контент, товар ва хизматлар, шунингдек, дезинформация ҳамда нафратга асосланган нутқдан фойдаланувчиларни ҳимоя қилишга мажбур этиши қайд этилган.
Америкалик республикачилар DSA қоидалари ва ижтимоий тармоқларда контентни модерация қилиш талаблари консерваторларга нисбатан цензура деб ҳисоблайди. Брюссель эса бу айбловларни рад этмоқда. Терри Бретон Х ижтимоий тармоғида мазкур тақиққа муносабат билдириб, “Америкалик дўстларимизга: цензура сиз ўйлаган жойда эмас”, деб ёзган.
Маълумот ўрнида, Терри Бретон 2024 йил кузида Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан келишмовчиликлар сабаб Ички бозор бўйича комиссар лавозимидан истеъфога чиққан. У аввалроқ X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск билан платформанинг Европа қонунларига риоя қилмаслиги юзасидан кескин тортишувларга ҳам киришган.
2025 йил декабрь ойида Европа Комиссияси X ижтимоий тармоғини реклама шаффофлиги ва фойдаланувчиларни текшириш тизимидаги камчиликлар сабаб DSA талабларини бузгани учун йирик миқдорда жаримага тортган. Бунга жавобан X Европа Комиссиясининг реклама ҳуқуқларини тўхтатиб қўйган.
Қайд этиш жоиз, бунгача АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Европа Иттифоқининг рақамли қонунларини бир неча бор танқид қилган. Оқ уй раҳбари ушбу қонунлар Америка компанияларига зарар етказаётган мамлакатларга нисбатан янги импорт тарифлари жорий этилиши мумкинлиги билан таҳдид қилган. Шунга қарамай, Европа Иттифоқи ўз қоидаларини амалга оширишда давом этишини билдирганди.
Санкциялар остида Британиянинг Глобал дезинформация индекси (GDI) нодавлат ташкилоти раҳбари Клер Мелфорд, Германиянинг HateAid ташкилоти раҳбарлари Анна-Лена фон Ходенберг ва Жозефин Баллон, шунингдек, Вашингтондаги Рақамли нафратга қарши кураш маркази (CCDH) ижрочи директори Имрон Аҳмад бор. Хабарларга кўра, у АҚШда яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.