Эпштейн файллари: Трамп молиячининг самолётида 8 марта учган
Олам
−
24 Декабрь 2025 2618 4 дақиқа
АҚШ Адлия вазирлиги вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилиш ва одам савдосида айбланган молиячи Жеффри Эпштейн ишига оид янги ҳужжатлар тўпламини эълон қилди.
Янги “Эпштейн файллари”дан маълум бўлишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп 1990 йилларда Эпштейннинг шахсий самолётида саккиз марта парвоз қилган. Улар орасида хотини ва қизи билан бўлган сафарлар, шунингдек, исми ошкор этилмаган 20 ёшли қиз билан амалга оширилган бир парвоз ҳам бор. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” газетаси хабар бермоқда.
Ҳужжатлар орасида журналистлар Эпштейнга тегишли бўлиши мумкин бўлган, 2019 йилда Нью-Йорк қамоқхонасида вафот этишидан бир неча кун олдин ёзилган мактубни ҳам топишган. Ушбу мактуб муаллифи Президент “ёш қизларга бўлган муҳаббатни бўлишади” ва “ёш гўзалларнинг интим жойларига тегишни ёқтиради”, деб ёзган.
Шунингдек, NBC телеканалининг аниқлашича, ҳужжатлар орасида 2020 йилги президентлик сайловлари арафасида Федерал қидирув бюросига юборилган аноним хабарлар ҳам мавжуд. Анонимлардан бири 1990 йилларда ўзини Трамп ва Эпштейн томонидан зўрланганини айтган аёлни танийман, деб даъво қилган. NBC'нинг таъкидлашича, ФҚБ ушбу хабарни тергов қилган-қилмагани номаълум.
АҚШ Адлия вазирлиги айрим эълон қилинган ҳужжатлар Президент Трампга нисбатан “ёлғон ва шов-шувли айбловлар”ни ўз ичига олишини ва улар “ҳеч қандай ишончли асосга эга эмас”лигини маълум қилди.
Дональд Трампнинг ўзи аввалроқ Эпштейн билан муносабатларни 2006 йилдаги биринчи ҳибсидан олдин узганини айтган эди. Оқ уй раҳбари ҳозирча молиячининг шахсий самолётида қилган парвозлари ва янги айбловлар юзасидан изоҳ бермаган.
Ноябрь ойи охирида АҚШ Президенти Адлия вазирлигини Жеффри Эпштейн ишига оид барча материалларни эълон қилишга мажбур этувчи қонунни имзолади. Материалларнинг биринчи қисми 19 декабрь куни эълон қилинди – ўшанда Адлия вазирлиги 13 мингта таҳрирланган файлни жойлаштирган. Уларнинг катта қисми ё аввал эълон қилинган, ёки жабрланганларни ҳимоя қилиш мақсадида жиддий қисқартирилган эди. “Эпштейн файллари”даги суратларда Дональд Трампдан ташқари, собиқ шаҳзода Эндрю, хонандалар Мик Жаггер ва Майкл Жексон, АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон, Google ҳаммуассиси Сергей Брин, Microsoft асосчиси Билл Гейтс, олим ва публицист Ноам Хомский ва бошқа кўплаб машҳур шахслар ҳам акс этган.
Адлия вазирлиги таъкидлашича, бу суратларда машҳур шахсларнинг мавжудлиги улар Эпштейн хизматларидан фойдалангани ёки болаларнинг жинсий эксплуатациясига алоқадор эканини исботламайди.
Материалларнинг иккинчи қисми 22 декабрь куни сайтда пайдо бўлди, аммо бир неча соатдан кейин ўчириб ташланди. Вазирликка кўра, “бегона шахслар вазирликнинг ёпиқ веб-сайтига рухсатсиз кириш имконига эга бўлган”. Таҳрирланган материаллар 23 декабрь куни қайта эълон қилинди.
“Эпштейн файллари”ни эълон қилиш Дональд Трампнинг сайлов олди ваъдаларидан бири бўлган. Аммо президентлик лавозимига киришгач, у материалларни ошкор қилишни чўзиб келган. Танқидчилар Оқ уй раҳбарини Эпштейн билан алоқаларини ва эҳтимолий шахсий дахлдорлигини яширишга уринишда айблашмоқда.
Тергов версиясига кўра, Жеффри Эпштейн одамлар, жумладан, болаларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида одам савдоси тармоғини ташкил этган. У ўзи ҳам вояга етмаган қизлар хизматларидан фойдаланган ва уларни бошқа таъсирли шахсларга тақдим этган.
2008 йилда Эпштейн фоҳишаликни ташкил қилиш иши бўйича ҳибсга олинган ва судланган. У тергов билан келишувга бориб, қамоқда атиги 13 ой ўтирган. 2019 йилда эса у яна одам савдосида айбланиб, ҳибсга олинган. Орадан кўп ўтмай, расмий маълумотларга кўра, Нью-Йорк қамоқхонасида ўз жонига қасд қилган.
2025 йил сентябрь ойида АҚШ Демократик партияси аъзолари 20 йилдан ортиқ вақт аввал Эпштейнга юборилган, уларнинг таъкидлашича, Дональд Трамп томонидан имзоланган табрик откриткасининг суратини эълон қилди.
Откриткада яланғоч аёл танасининг шартли тасвири ва “Жеффри” ҳамда “Дональд” ўртасидаги мулоқот акс этган бўлиб, у қуйидаги сўзлар билан якунланади:
“Туғилган кунинг муборак ва ҳар бир кун янги ажойиб сир бўлсин”.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025