2026 йилда тўқимачиликка 2,2 млрд доллар инвестиция жалб қилинади
Жамият
−
24 Декабрь 1231 3 дақиқа
2026 йилда тўқимачилик соҳасига 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 23 декабрь куни тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ҳамда келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида сўз борди.
Жорий йилда тармоқда эришилган натижалар, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш динамикаси, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган мақсадли режалар атрофлича кўриб чиқилган.
Қайд этилганидек, 2025 йилда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 134 триллион сўмни ташкил этган. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 2,1 миллиард долларга етган. Экспорт ҳажми эса 2,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш таъминланган. Тармоқда банд аҳоли сони 623 минг нафарга етгани, келгуси йилда ушбу кўрсаткични 650 минг нафаргача ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланган.
2026 йилда пахта хомашёсини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ҳамда газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш кўзда тутилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 147 триллион сўмга, экспортни эса 3,3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Тармоққа 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режа қилинган. Бунинг эвазига 207 минг тонналик синтетик, аралаш ип, 397 миллион квадрат метрлик газлама, 224 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда 108 миллион квадрат метр мато бўяш бўйича қўшимча қувватлар барпо этилади.
Шу билан бирга, тармоқни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим омиллар ҳам қайд этилган. Хусусан, пахта толасига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланаётгани, молиявий ресурслар қийматининг юқорилиги, ташқи бозорларда логистика харажатлари ортиши ва айрим йўналишларда малакали мутахассислар етишмаслиги соҳа олдида турган долзарб вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилган.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2026 йил учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, корхоналарга айланма маблағ учун 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 138 та корхонани молиявий соғломлаштириш, 100 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. “Better Work”, “BCI”, “FWF”, “Organic EU” каби дастурлар 60 та корхонада татбиқ этилади, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари 15 та корхонада жорий қилинади. Шунингдек, тайёр маҳсулотлар сифати бўйича 24 турдаги таҳлилларни ўтказувчи замонавий тўқимачилик лабораторияси ташкил этилади.
Тармоқда рақамлаштиришни жадаллаштириш, ЭРП тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Бу жараёнга 40 та корхона жалб этилади.
Давлат раҳбари тақдим этилган ёндашувларни маъқуллаб, тармоқда тайёр маҳсулот улушини изчил ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифаларни қўйган.
Live
Барчаси