9-синф ўқувчиси ёмон баҳо учун ўқитувчини пичоқлади
Олам
−
16 Декабрь 18478 2 дақиқа
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Красногвардейск туманидаги мактабнинг 9-синф ўқувчиси ўқитувчини пичоқлади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг шаҳар ва Ленинград вилояти бўйича Бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа кеча, 15 декабрь куни тонгги соат 07:09 да содир бўлган. Туман полициясига вояга етмаган ўқувчи мактабга пичоқ билан келиб, 29 ёшли ўқитувчини пичоқлагани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодисага ўқитувчининг ўқувчига ёмон баҳо қўйгани сабаб бўлган. Ўқитувчи олган тан жароҳати оқибатида шифохонага ётқизилган.
Кейинчалик ўқувчи ўз жонига қасд қилишга уринган, аммо полиция томонидан бунинг олди олинган.
“Ўқувчи ўқитувчи билан келишувга кўра соат 07:00 да тестни тўғрилаш учун келган. Ўқитувчи унга қарамай турганда, у аёлни пичоқлаган. Кейин ўсмир ўзини пичоқлаган ва ҳозир шифохонага олиб кетилган. Воқеа содир бўлганда мактабда бошқа ҳеч ким бўлмаган”, деб ёзмоқда маҳаллий матбуот.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси Санкт-Петербург шаҳри бўйича Бош тергов бошқармасининг Красногвардейск тумани бўйича тергов бошқармаси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми ва 105-моддаси 1-қисми (қотилликка уриниш) бўйича жиноят иши қўзғатди.
Содир бўлган жиноий ҳолат ортидан Санкт-Петербург таълим қўмитаси таълим муассасаларига хавфсизлик тизимларини кучайтиришни буюрди. Психологик, педагогик, тиббий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларига ўқувчилар ва уларнинг оилалари билан профилактика ишларига алоҳида эътибор бериш тавсия қилинди.
Айни вақтда жароҳатланган ўқитувчининг аҳволи оғир ва шифохонанинг Жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Шунингдек, Тергов органи хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича жиноий иш қўзғатди. Мактабга ҳужум куни навбатчиликда бўлган қўриқчи ушбу жиноятда гумон қилиниб ҳибсга олинди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 декабрь куни Россиянинг Москва вилоятидаги мактаблардан бирида 9-синф ўқувчиси бошқа ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида тожик миллатига мансуб ўқувчи ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Live
Барчаси