1 декабрдан AI-80 бензинининг сотуви ҳам, олиб келиниши ҳам тақиқланади
Жамият
−
22 Ноябрь 2876 2 дақиқа
Тошкент шаҳридаги ҳавонинг ифлосланишида транспорт масаласи ҳам жуда катта омил ҳисобланади. Бу ҳақда бугун, 22 ноябрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилинди.
Қўмита раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда пул тежаш мақсадида, асосан, шу AI-80 бензинидан фойдаланилган, аммо бу турдаги бензин ҳавога жуда катта зарар келтирган.
“Энди шу 1 декабрдан бошлаб AI-80 бензинининг сотуви ҳам, олиб келиниши ҳам – ҳаммаси тақиқланади. Бу, бизларнинг тахминларимизга кўра, Тошкент шаҳрини тартибга келтиришга имкон берадиган омиллардан бири”, деди Абдуҳакимов.
Йиғилишда пойтахтдаги автомобиллар сони ҳам кескин ошгани қайд этилди. Маълум қилинишича, шаҳарда кунига 1 миллион автотранспорт ҳаракатланади. Яъни Тошкент шаҳрида 650 000 та транспорт воситаси рўйхатга олинган бўлса, вилоятлардан кунига 300 000-350 000 та транспорт пойтахтга келади. Беш йил олдин бу рақам икки баравар кам бўлган. Яъни Тошкент шаҳрида 300 000-350 000 та транспорт юрган бўлса, вилоятдан 100 000 га яқин транспорт воситаси келган.
“Бу бўйича мана бизда яшил, сариқ, қизил деган стикер тизими бор. Ҳаммага бу ёқмайди, албатта. Ҳозир ҳамма айтадики, яна бу ҳукумат бир нарса ўйлаб топди. Бизнинг ўйлашимизча, бу жуда ҳам тўғри ечим. Мисол учун, бошқа давлатларни ҳам ўргандик, бошқа давлатларда ҳам айни мана шунақа муаммоларга дуч келганда, ўша тизимни ўрнатиб, шу билан секин-секин ўша автотранспорт масаласи ечилган эди. Менинг ўйлашимча, қизил-сариқ стикер ҳам ўзининг натижасини берадиган тизим. Айнан ўша ҳозир ҳавони ифлослантирувчи автомобилларни секин-секин “оборот”дан чиқариб олишимиз керак”, деди Абдуҳакимов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 30 январдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан жорий йил якунига қадар аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АI-80 маркали автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланиши хабар қилинган эди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2 сентябрдан бошлаб АI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди.