Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ЕИ билан келишувга эришди

Жамият

image

Кеча, 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиши бўйича икки томонлама музокараларни якунлаганини эълон қилди. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида маълум қилди.

Билдирилишича, бу воқеа Европа Иттифоқининг 27 та аъзо давлати билан бозорга кириш масалалари, экспорт ва импорт божларига доир имтиёзлар ҳамда хизматлар соҳаси бўйича музокараларни муваффақиятли якунлашни англатади.

“Ушбу натижа икки йилдан ортиқ фаол музокаралар, мулоқотлар, таҳлил ва ҳамкорликдаги меҳнатнинг самарасидир. Барча саъй-ҳаракатлар, сабр-тоқат ва ҳамжиҳатлик бугунги ўзаро манфаатли келишувга олиб келди. Шу муносабат билан, Европа Иттифоқи музокара гуруҳига, хусусан, Европа Комиссиясининг Савдо бўйича бош директори Сабин Вейанд хонимга, бош музокарачи Тамаш Мачзак, Мари-Пьер Никора ва жараёнда қатнашган барча ҳамкасбларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти, Президент Администрацияси раҳбари, Бош вазир ўринбосари ва Идоралараро қўмита раиси ҳамда музокара гуруҳи аъзоларига қўллаб-қувватлаши учун чин юракдан миннатдорлик билдираман”, дейди у.

Қайд этилишича, Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан икки томонлама музокараларни якунлаган 31-ЖСТ аъзосига айланган. Бунгача, ўтган ҳафта Панама билан 30-музокара якунланган эди.

Шунингдек, Еврокомиссия ҳам бу ҳақда эълон қилди. Унга кўра, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама келишув Ўзбекистоннинг товарлар импорти ва экспорти учун максимал тариф ставкалари бўйича мажбуриятларини ва хизматлар соҳасида Ўзбекистоннинг имтиёзларини ўз ичига олади. Ушбу мажбуриятлар ва имтиёзлар келажакда Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши тўғрисидаги баённомада ўз ифодасини топади.

Шунингдек, шу куни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўзаро манфаатли соҳалар – савдо, инвестиция ва ҳамкорлик йўналишларини қамраб олган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни (EPCA) ҳам имзолаган.

“Бу қадам Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди ҳамда 2025 йил 4 апрель куни бўлиб ўтган “ЕИ – Марказий Осиё” саммитида минтақавий ҳамкорликнинг стратегик даражага кўтарилганини амалда тасдиқлайди”, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, 2024 йил якунига кўра Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги учинчи йирик савдо ҳамкори (умумий ташқи савдодаги улуши 10,4 фоиз) ва иккинчи йирик экспорт бозори (экспортдаги улуши 7,2 фоиз) ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бельгияга расмий ташрифи якунланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ЕИ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг