Россия ўзбекларни ўлим зонасига юбормоқда – Россияга борманг!

Таҳлил

Бугун Россиянинг турли ҳудудларида Ўзбекистондан меҳнат муҳожири сифатида борган ёш йигитларини ғайриинсоний ва чиркин усуллар билан Украинадаги босқинга мажбуран олиб кетиш авжига чиққанлиги кўпчиликка маълум. Ҳа, фақат кўпчиликка. Ҳаммага эмас. Ҳозирча бундай кулфат бошига тушмаганлар “ҳужжатлар тўлиқ бўлса, Россияда юриш-туриш қоидаларига риоя этилса, ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилинмаса, ҳеч ким сизга тегмайди” деган хомхаёллар билан ўзини алдамоқда.

Россиянинг Украинага жиноий босқини бошлангандан то бугунгача шу босқинга мажбуран турли тухмат ва ноқонуний йўллар билан олиб кетилиб, сўнг, жасади темир тобутларда аянчли тарзда қайтариб юборилган навқирон ёшларнинг аксариятида ҳужжатлар тўла-тўкис бўлган. Ишонаверинг, бугун Россия ишлаш учун танланадиган вариант эмас. “Россияга борманг” деб номланган серияли видеоматериалларимиз тўхтамаётганининг боиси ҳам шу. Ҳозирда шу жирканч усуллар билан босқинга мажбуран олиб кетилган, вақт ўтиб боласининг ўлигини қабул қилиб олган ва фарзанд доғида қолган онаизор ва шўрлик оталарнинг ғам-андуҳи тармоқларни ларзaга солмоқда.

Биз бундан бир неча ҳафта олдин ёритган сурхондарёлик йигитнинг аянчли аҳволи ҳам шулар жумласидандир. Афсуски, у ҳали-ҳануз фронт ёқасидан қайтарилгани йўқ. Аксарият идоралар ҳолатдан ўзларини ҳудди бехабардек тутмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги эса жуда чуқур сукутга чўмган. Ачинарлиси, йигит ўз жонини сақлаб қолиш ва ўзига умуман тааллуқли бўлмаган босқинчилик урушида қатнашмаслик учун қўлидан келган барча ҳаракатларни жумладан, қочиш, буйруқларни бажармасликка ҳаракат қилиб келмоқда. Энг алам қиларли жойи эса шундаки, уни ҳозир қутқариш имкони бор. Бизга маълум бўлишича, ТИВ масалани ҳал қилиш чораларини кўрмоқда. Йигитнинг онаси эса деярли ҳар куни вазирлик биносида.

Биз эса шунчаки, Россияга борманг, дейишдан наригига ўта олмаймиз. “Ўзимизда иш бўлмаса, нима қиламиз, ёки ўзимизда иш билан таъминлаб берилганда у ёқларга кетмасдик, ўтириб гапириш осон” деган нафратли гапларнинг эса ҳозир мавриди эмас. Гап жон, ҳаёт ва соғлиқ ҳақида кетмоқда. Агар бу муҳим унсурлар сизга керак бўлмаса, марҳамат, ҳар лаҳзада ва исталган пайтда нима қилиб бўлса-да, босқинчи армияга қўшиб олишга қаратилган ифлос усуллар қурбонига айланишингиз мумкин бўлган мамлакат сизни кутмоқда. Чегаралари очиқ, аммо қайтиш кафолатланмаган. Россияга борманг! Шу ерда қолинг, ёки тинч ҳамда нормал сиёсий ва ижтимоий муҳит мавжуд бўлган давлатларга боринг. Тил барьерини рўкач қилаётган бўлсангиз, сиз аллақачон олов билан ўйнашяпсиз.

Чунки биламиз, тил билмасдан, фақат Россияда ишлай олиш мумкин. Лекин Россиянинг тил билмайдиган муҳожирлар учун қулайлиги, бугун ўлим хавфига айланган. Чунки қуйида сўз юритиладиган аяанчли воқеа, айнан тил билмаслик ортидан содир бўлган дейишимиз мумкин. QALAMPIR.UZ’нинг “Россия борманг” рукни давом этади.

Йигит ҳали тирик, она сарсон, ТИВ ҳаракатда

Аввалроқ, QALAMPIR.UZʼга қилинган мурожаат бўйича тармоқлардаги саҳифаларда 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Қурбонов Акбар Акрамжон ўғлининг Россия томонидан алдаб босқинга жалб қилингани ҳақида видеоматериал эълон қилинган эди. Россия томонидан босқинга алдаб жалб қилинган 23 ёшли мазкур сурхондарёлик йигитнинг онаси эса айни дамда давлат идоралари эшигидан жилмай, улардан натижа кутмоқда. Ушбу муаммо ҳозирча ўз ечими топмади. ТИВ матбуот котиби эса сўнгги бор QALAMPIR.UZ’га бу борада ишлар олиб борилаётгани аммо тафсилотларни очиқлай олмаслигини маълум қилганди. Оғир аҳволда қолган ўғлини қутқариш илинжида расмийларга мурожаат қилишда давом этаётган Бобоева ҳам вазирлик мазкур иш билан фаол тарзда шуғулланаётганини айтди. Бизга маълум бўлишича, у деярли ҳар куни вазирлик биносида.

Айни дамда эса 23 ёшли Акбар онаси билан ён-атрофидаги бошқа шахсларнинг телефони орқали тез-тез алоқага чиқиб турибди. Бобоева QALAMPIR.UZʼга ўғли ҳозир сақланаётган нуқтанинг геолокациясини юбoрди. Ушбу геолокация орқали Акбар бугунги кунда Луганскдаги Юревка ва Камишева ҳудудлари орасида эканини кўриш мумкин. Аммо хавотирлиси шундаки, бу ҳудудлар ҳозирда Донецкнинг уруш ҳаракатлари кетаётган Покровс, Краматорск ва Славянск ҳудудларидан ўртача 150 км узоқликда ва бу жуда яқин масофадир. Акбар ва онасининг таҳририятга маълум қилишига кўра, у оғир ва жуда қийин ҳолатларда сақланмоқда. Ҳар куни калтак, босим ва тазйиқлар у ва қолганларни борган сари ҳолдан тойдирмоқда. Аммо энг ёмони – улар ҳарбий ҳаракатларга мажбуран тайёрлантирилмоқда. Бу эса яқин орада Акбар жанглар кетаётган ҳудудларга юборилиши мумкинлигига ишора қилади.

Ҳозирда Акбар у каби босқинга алдаб жалб қилинган, аммо ҳали ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларга олиб кетилмаганларга истеъмол учун яроқсиз емаклар ва расво озиқ-овқат берилаётгани ҳақида маълум қилди. 23 ёшли мазкур сурхондарёлик йигитнинг шу пайтгача тиши ва оёқ бармоғи синдирилган. Онасининг бизга айтишича, танаcи жароҳатлар билан тўлган. Юқорида айтилганидек, у билан ҳозир алоқа қилиш имкони бор. Аммо фронтга олиб кетилгач алоқа ҳам йўқолади. Фақат ҳозир, зудлик билан уни қутқариш имкони бор.

Бобоеваинг айтишича, ўғли унга бундан бир неча кун олдин у билан бирга шундай алдов йўллари билан босқинга жалб қилинган Сенегал ва Венгрия ўз фуқароларини қутқариб, олиб чиқиб кетишган. Шу пайтгача Акбарнинг кўз ўнгида ўнлаб ўзбеклар жанг майдонига олиб кетилган. Уларнинг ичида ёши Акбaрдан ҳам кичик бўлганлар борлиги унинг онаси томонидан айтилмоқда. Акбар онасига ушбу ўзбекларнинг айримлари онгли равишда Россия томонидан туриб жанг қилишга келган, қолганлари эса ҳудди у каби алдаб, мажбурлаб, турли қинғир йўллар орқали олиб кетилган.

Бобоева эса ўғлини ким ишга чақиргани, у билан дастлаб ким телефонда боғлангани, Акбар Telegram орқали қайси шахс билан боғлангани ҳақидаги аксарият маълумотларни ваколатли органларга тақдим қилгани, аммо бундан фойда бўлмаётгани ҳақида QALAMPIR.UZʼга кўз ёшлар билан маълум қилиб келди. Лекин таҳририятга маълум бўлишича, ҳозирда ТИВ бу иш бўйича ҳаракатларни давом эттирмоқда. Бундан ташқари, Бобоеваинг ўзи ҳам бу ҳақда бизга маълум қилди.

Огоҳ бўлинг!

23 ёшли йигитнинг ҳаёти жорий йил сентябрь ойидан буён блокбастерга айланиб кетди. Россиянинг бошқа давлат фуқароларини босқинга жалб этиш сиёсатини унинг бошига шундай кулфатларни солганки, бундай сценарийни нари борса кинолардагина кўриш мумкин. Жуда аянчли ва инсон қадрини бир пул қилувчи, унга ва унинг тақдирига тупуриб қўйган ҳаракатлар. Буни аксарият ўзбеклар ҳали ҳам доҳий сифатида кўрадиган Путин ва унинг жиноий кланини амалга ошираётган сиёсатнинг натижаси деб баҳолаш мумкин. Акбар ҳақида эса ўтган кўрсатувларда алоҳида тўхтаб ўтилган. Аммо қолганларга ҳам ибрат бўлиши ва кўпчиликнинг кўзи очилиши учун яна бир бор қисқа эслб ўтиш зарар қилмайди. Чунки бугунгача Акбар ва унинг онаси яна кўплаб тафсилотлар билан бўлишди.

Қурбонов Акбар жорий йил 30 июль куни ишлаш учун Россия таркибидаги Татаристон Республикасига жўнаб кетган. У бир ой мобайнида автомобиль қисмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводда ишлайди. Кейинчалик эса унинг қаршисидан оғир юк машиналарида ҳайдовчилик қилиш таклифи чиқади. Дастлаб, бу ҳақда унга телефон орқали алоқага чиқишади. Рус тилини чала билган йигит Б ва С категориядаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга инсонларни қидириб юрган бу қаллобларга ишонади.

Шундан сўнг, у 8 сентябрь куни ёлғиз ўзи Татаристонддан Краснодар орқали Ростовга жўнайди. 1500 кмдан ортиқ йўлни босиб бораётган Акбар Путин босқининг мурватлари алдовига учраётганини билмаган ҳолда Украина чегарасидаги Ростовга етиб боради.

Ҳудуднинг жойлашуви эса унда шубҳа уйғотиш эҳтимоли паст эди. Боз устига Ростов тез-тез Украина дронларининг ҳужумларига учраб туришидан ҳам кўпчиликнинг хабари бўлмаслиги мумкин. Шу боис, ҳам рус тилидан ҳам сўнгги янгиликлар ва Россия босқинининг қандай бораётганидан бехабар Акбар Ростовга етиб боради. Дастлабки кунларда унга ҳайдовчилик ишига кириш учун тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини айтишади. Кўрик эса “военкомат”да бўлади. Бу пайтда Акбарга ишга жойлашиш учун шартнома тузиш кераклиги айтилади, қоғозларда нима ёзилганини яхши тушунмаган йигит ўшандагина биринчи марта нимадандир шубҳаланади ва уларга қўл қўйишдан бош тортади. Бироқ турли тинимсиз жисмоний тазйиқлар ва 10 йилга қамаб юбориш таҳдиди билан Акбар имзо чекишга мажбур бўлади.

Уни бу ишга Кирилл ва Михаил деган ҳарбийлаштирилган тузилма ходимлари мажбурлашади. QALAMPIR.UZ ихтиёрида фақат Михаилнинг расми мавжуд. Бундан ташқари, Акбарни бу тузоққа тушириш ишларини Сергей ва Андрей Колесников каби шахслар ташкиллаштиради. Таҳририятда ҳозирда фақат ўзини Сергей деб атаган шахснинг видеоси мавжуд. У барчаси энди бошланаётганида мазкур мурожаатини Акбарга йўллаган ва уни алдамаёгани, жойлашган жойи, нима иш билан шуғулланиши ҳақида маълумот берган.

Шундан сўнг, Акбар Қурбонов ҳарбий полигонга олиб кетилади. Онанинг сўзларига кўра, йигит у билан боғланиб турган қариндошлари маслаҳати асосида полигондан қочишга уринади. Акбар қочишга ҳам қайсидир маънода муваффақ бўлади. Аммо йўл ярмида у ўтирган ўткинчи машина тўхтатилади ва машина эгаси томонидан сотиб берилади. 23 ёшли йигит қўлга тушиб, ертўлага ташланади. Бобоеванинг дастлаб, ўғлининг эгнида бошқа кийим йўқ ва фақатгина қайнатилган гуруч билан боқилаётганини айтганди. Яқиндагина эса унинг онасидан озуқа учун яроқсиз нарсалар ва жирканч суюқликлар берилаётгани ҳақида эшитдик. Рўзигул Бобоёва аввалига жисмоний зўравонликлардан кўпроқ хавотирда. Чунки шундай қийноқлар остида Акбарнинг тиши ва оёқ бармоғи уриб синдирилган. Буни шу пайтгача унинг тармоқларда тарқалган видеоларида ҳам кўриш мумкин.

Энди эса онаизор бунданда ёмонроқ кутилмалардан хавотирда. Чунки Акбар мажбуран босқинга тайёрлантирилмоқда. Бу эса унинг фронтга олиб кетилиши мумкинлигини англатади. Йигит ва унинг атрофидагилар дастлабки ҳарбий тайёргарликни амалга оширишга қаршилик қилишса, яна жисмоний зўравонликка учрашмоқда. Усиз ҳам Рўзигул опанинг ёлғиз ўғли ҳозирда тик оёқда, зўрға ҳаракатланаётгани ва ҳолсизлангани айтилмоқда. Бугунгача QALAMPIR.UZ’га мазкур воқелик ҳақида фақат шуларгина маълум.

Россияга борманг!

Узоқ вақт давомида Россиянинг Украинанадаги босқини ва ўзбекистонлик мигрантлар хусусидаги энг долзарб масала бу уларни хориж давлат армиясига қўшилиш жиноий жавобгарликка асос бўлиши ва маълум муддатга қамалиши ҳақидаги огоҳлантиришлар эди. Лекин бугун аён бўлмоқдаки, ҳамма ўзбек йигитлари ҳам бу босқинга ўз хоҳиши билан пул ва уй учун кетмаяпти. Россия босқин машинасининг шундай чиркин схемалари ҳақида эшитгандан сўнг, яна қанча ёш-навқирон ўзбек йигитлари босқинга мажбурлаб олиб кетилган, деган ўй инсонни қийновга солади. Уларини қандай мажбурлашаётгани эса янада жирканч.

Масалан, “Вёрстка” нашри хорижликларнинг қандай қилиб урушга ташланаётгани ҳақида олдинроқ мақола эълон қилганди. Унга кўра, асосан, ғайриинсоний ва ғайриқонуний йўллар билан бу иш амалга оширилмоқда. Жумладан, “чўнтагинга ноқонуний модда ташлаб, тухмат қилиш билан қамоққа олиш”, “қўрқитиш”, “жисмоний зўравонлик” ва “экстремист деб эълон қилиш” каби усуллардан кенг фойдаланаётгани ҳақида сўз боради. Мазкур нашрнинг ушбу маълумотлари эса бугун биз дуч келаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бошқа шу каби ҳолатлар билан бир хил.

Бундай ҳолатлар жуда кўп. Масалан, Россия томонидан босқинга мажбуран жалб қилинган яна бир Ўзбекистон фуқароси Украинанадаги фронтга етиб борган заҳоти таслим бўлди. Унинг видеомурожаатини “Nexta Live” канали намойиш қилди. 31 ёшли бухоролик йигитнинг сўзларига кўра, у Россия армияси сафида босқинда қатнашиш шартномасини мажбурий тарзда имзолаган. Маҳаллий полиция уни гиёҳванд моддалар билан алоқадорликда айблаб, 12-18 йилга қамаб юбориш билан қўрқитган. Унинг олдида эса иккита йўл қолган – ё қамоқ, ё фронт.

Фуқаро фронтга етиб келган заҳоти Украинанинг ҳарбий дронларидан бири уни аниқлаган. У дарҳол қуролсиз ҳолатда таслим бўлган. Россия армиясидаги шароитлар ҳақида гапирар экан, у алоқа воситалари ва ҳарбий жиҳозларни ўз ҳисобидан сотиб олгани, армияда тартибсизлик ва алдов ҳукмронлигини билдирган. Унга кўра, жанг майдонида ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари шунчалик кўп бўлганки, қадам қўйишга жой қолмаган. Ўзбекистонлик йигит Россияга қайтишни истамаётганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатга қайтишда ёрдам сўраган.

Демак, айни дамда Россияда қуйидагича ҳолат амалда. Ажойиб кунларнинг бирида Россияда уйдан ишга, ёки ишдан уйга йўл оласиз, ё бўлмаса етказиб бериш хизматда ўз ишингизни бошлайсиз. Йўлда ҳужжатингизни текшириш вожи билан тўхтатишади, сўнг тегишли бўлимга олиб кетиб, ўша ерда сиздан ёхуд телефонингиздан қандайдир айб топиб, қамоқ жазоси билан таҳдид қилишади. “Терроризм ёки гиёҳвандлик савдосида айблов қўйиш таҳдиди билан қўрқитиласиз. Ёки етказиб бераётган буюмингиз ичидан ўз-ўзидан наркотик модда пайдо бўлиб қолади ва қарабсизки, сиз тузоққа тушиб қоласиз. Россияга борманг!


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ Россия Ўзбекистон Украина Донецк Луганск Юревка Камишева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг