Трамп ҲАМАС аъзоларини ўлдириш билан таҳдид қилди

Олам

image

Агар ҲАМАС Ғазо секторида одамларни ўлдиришда давом этса, уларнинг барчаси йўқ қилинади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди. 

“ҲАМАС Ғазо секторида одамларни ўлдиришда давом этса, ичкарига кириб, биз ҳам уларни ўлдиришдан бошқа чорамиз қолмайди”, дея ёзган Оқ уй раҳбари.

Трамп айнан Ғазо секторига қайси кучлар киришига аниқлик киритмаган.

9 октябрга ўтар кечаси Трамп Исроил ҳукумати ва ҲАМАС Ғазо можаросини ҳал қилиш бўйича АҚШ таклиф қилган режанинг биринчи босқичига келишиб олганини маълум қилди. Фаластинлик маҳбуслар эвазига исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини қисман олиб чиқиб кетиш бу режанинг биринчи босқичини ташкил этади. Нетаньяху идораси Исроил ҳукумати ҲАМАС билан келишувнинг биринчи босқичини маъқуллаганини эълон қилди. ҲАМАС ҳам расман бу келишувни тасдиқлади ва қийин бўлса-да, қуролларни ташлашга ваъда берди. 

Шундан сўнг, 13 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида ўтган саммитда минтақадаги бошқа раҳбарлар – Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан бирга Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаб, уни “жуда муҳим имзолаш маросими” деб таъкидлади. ҲАМАС вакиллари маросимда иштирок этмади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун Яқин Шарққа 200 нафар ҳарбий жойлаштириши ҳақида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, америкалик ҳарбийлар бевосита Ғазо секторига кирмайди. Марказ ходимлари ўт очишни тўхтатиш келишуви ижросини назорат қилиш ҳамда Ғазода фуқаровий бошқарув тизимига ўтиш жараёнига ёрдам беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Ғазо ҲАМАС Шарм-ал-Шайх

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг