Россия ва Туркманистон соддалаштирилган божхона коридорини ташкил этмоқчи
Олам
−
16 Октябрь 2025 2024 2 дақиқа
Россия ва Туркманистон соддалаштирилган божхона коридорини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда Россия Федерал божхона хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қарор товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш бўйича маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиради. Тегишли келишув 13 октябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида икки давлат божхона органлари вакиллари томонидан имзоланган. Йиғилишда делегацияларга Россиядан Бош вазир ўринбосарлари Марат Хуснуллин ва Туркманистондан Нокергули Отагулиев бошчилик қилди.
Тадбир доирасида божхона ходимлари Россия Федерал божхона хизмати раҳбари ўринбосари Сергей Шкляев билан музокаралар ўтказди. Томонлар декларациянинг соддалаштирилган тартиби мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилганини таъкидлади.
Бундан ташқари, икки давлат божхона органлари олдига қўйилган вазифаларни янада самарали ҳал этиш ҳамда уларнинг яқин ҳамкорлигини таъминлаш имконини берувчи вакиллар алмашинуви бўйича келишувга эришилди.
Шкляев ва унинг туркманистонлик мавқедоши, шунингдек, ваколатли иқтисодий оператор тўғрисидаги битим лойиҳасини ҳамда товарлар ва транспорт бўйича дастлабки маълумотлар алмашинуви тўғрисидаги протоколни имзолашга тайёргарликнинг боришини муҳокама қилди.
Таъкидланишича, Федерал божхона хизмати томонидан белгилаб қўйилган ушбу ҳужжатлар нафақат божхона қонунчилигини бузиш хавфини камайтириш ва назорат самарадорлигини ошириш, балки савдо операцияларини амалга оширишда корхоналарнинг молиявий ва вақт харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.
“Trans.ru” нашрининг ёзишича, айни пайтда Туркманистон Россия учун устувор йўналиш ҳисобланади, чунки “Шимол-Жануб” халқаро транспорт коридорининг шарқий тармоғи Марказий Осиё республикаси ҳудудидан ўтади. Бу маршрут Россия компанияларига Эрон портлари орқали денгизга қўшимча чиқиш имкониятини беради, бу эса санкциялар чекловлари шароитида савдо оқимини Яқин Шарқ ва Африка бозорларига йўналтириш имконини беради.
Live
Барчаси