Хитой ёмғирда ҳам ишлай оладиган одамсимон робот ишлаб чиқди
Технология
−
11 Октябрь 5138 2 дақиқа
Жорий йилнинг 9 октябрь куни Хитойнинг инновацион технологиялар ва интеллектга оид иловалар бўйича етакчи бўлган Deep Robotics компанияси ўзининг ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ташқи ишларга мослаша оладиган дунёдаги биринчи гуманоид роботини тақдим этди. Бу ҳақда “Newsfile” хабар берди.
Маълумотларга кўра, янги авлод даражасидаги гуманоид DR02 роботи кучли ҳаракат кўрсаткичи, илғор ақл-идроки, юқори ҳисоблаш қувватли блоки ва модулли дизайнни ўзида бирлаштиради.
Шунингдек, DR02’нинг асосий афзалликларидан бири унинг IP66 даражасидаги сув ва чанг ўтказмайдиган қобилиятидадир. Гуманоид робот -20 ℃ дан 55 ℃ бўлган ҳароратда қуруқ фабрикалар ва очиқ ёмғирли муҳитда ҳам ишлай олади.
Айниқса, бу робот завод ва саноат каби ўзгарувчан ташқи муҳитда вазифаларни бажаришни талаб қиладиган ишлар учун мос келади. Шунингдек, роботнинг баландлиги 175 см ва қўл узунлиги 68 см бўлиб, у ўртача ёшдаги эркакнинг стандарт тана турига яқин бўлгани учун у кундалик иш жойларида ҳам вазифаларни бажара олади.
DR02’нинг ҳаракат тезлиги 1,5 м/с, максимал тезлиги эса 4 м/с. Робот баландлиги 20 см гача бўлган зинапояларга чиқа олади ва 20 кг гача бўлган юкларни кўтара олади.
Янги маҳсулотнинг нархи ҳали эълон қилинмаган бўлсада, 40 минг доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ҳомиладорликни симуляция қила оладиган ва инсон эмбрионини кўтара оладиган гуманоид роботни тақдим этишни режалаштираётган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси