Хитойда собиқ вазир шартли ўлим жазосига ҳукм қилинди
Олам
−
29 Сентябрь 2025 8014 2 дақиқа
Хитойнинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Тан Жэньцзянь 29 сентябрь куни пора олгани учун икки йиллик муҳлат билан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Бундай қарор мамлакат шимоли-шарқидаги Цзилинь провинциясининг Чанчунь шаҳри оралиқ халқ суди томонидан қабул қилинди. Тан ҳам умрбод сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум қилинди. Унинг барча шахсий мулки, шунингдек, ноқонуний даромадлари давлат томонидан мусодара қилинди.
Аниқланишича, собиқ вазир 2007-2024 йилларда ҳам марказий, ҳам маҳаллий даражада турли лавозимларни эгаллаб, тадбиркорлик фаолияти, шартномалар тузиш, кадрлар билан боғлиқ масалаларда ташкилотлар ва жисмоний шахсларга ёрдам бериш эвазига пора олган. Пораларнинг умумий миқдори 268 миллион юандан (тахминан 38 миллион доллар) ошган.
25 июль куни бўлиб ўтган суд мажлисида собиқ амалдор ўз айбига иқрор бўлди ва сўнгги сўзида пушаймонлигини билдирди. Суд буни инобатга олиб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан ўлим жазосини тайинлади.
Тан Хитой жанубидаги Гуанси-Чжуан мухтор тумани халқ ҳукумати раисининг ўринбосари ва Хитой шимоли-ғарбидаги Ганьсу провинцияси халқ ҳукумати раиси каби лавозимларда ишлаган. Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг партия етакчилик гуруҳи котиби лавозимида ҳам ишлаган.
Жорий йилнинг апрель ойида унга нисбатан айблов эълон қилинган эди. Иш Чанчунь халқ прокуратураси томонидан қўзғатилган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тан Хитой Коммунистик партиясидан чиқариб юборилган ва декабрь ойида ҳибсга олинган.
Муддат ўлим жазоси фақат шу вақт ичида маҳкум янги жиноят содир этган тақдирдагина амалга оширилишини билдиради. Ҳукм муддати тугагач, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой судида порахўрлик жинояти учун мансабдор шахс ўлим жазосига ҳукм қилинганди, бироқ ҳукм ижроси икки йилга кечиктирилганди. Айбланувчи ноқонуний тарзда 15 миллион доллардан ортиқ маблағ олган.
Live
Барчаси