Эрон чегарасида афғонистонлик эр-хотин портлаб кетди

Олам

image

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Эроннинг Систон-Балужистон вилоятида жойлашган Саравон туманининг Калеҳ Гранд чегара ҳудудида афғонистонлик эр-хотин мина портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Khama press” хабар берди.

Хабарга кўра, эр-хотин ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаган мина майдонига кириб қолган. Шундан сўнг, портлаш оқибатида иккиси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳозирда уларнинг шахси аниқланмоқда. Маълум бўлишича, миналар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан чегарадаги хавфсизлик чораларининг бир қисми сифатида ўрнатилган.

“Бу фожиа Эроннинг чегара вилоятларида яшаётган Афғонистон фуқаролари дуч келаётган хавфларни яна бир бор кўрсатди. Ҳарбийлаштирилган ҳудудлар ва нотўғри белгиланган мина майдонлари одамлар ҳаётига зомин бўлмоқда. Ҳуқуқ фаоллари бундай ҳолатлар жавобгарликнинг йўқлиги ва инсонпарварлик меъёрларига эътиборсизликни фош этаётганини айтмоқда”, дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, ҳодиса афғон қочқинлари Эрон ҳудудида тобора кучайиб бораётган босим остида яшаётган бир пайтда юз берган. Улар мажбурий депортация, мунтазам тазйиқ ва можаролардан азият чекмоқда. 2021 йилда “Толибон” ҳокимиятни қўлга олгач, хавфсизлик излаб Эрон ҳудудига ўтган кўплаб афғонистонликлар ҳозирда тўсатдан ҳибсга олиш ёки чиқариб юборилишидан қўрқиб яшамоқда.

Шунингдек, Эрон афғонистонлик болаларнинг таълим олишига қўйган чекловлар инқирозни янада чуқурлаштирмоқда. Фаоллар минглаб болалар мактабга қабул қилинмаётгани, бу эса бутун бир авлоднинг саводсизлик ва жамиятдан четланиш хавфини туғдираётганини айтмоқда. Бу тизимли камситиш афғонистонликларнинг бошпана топиш, соғлиқни сақлаш ва тирикчилик қилишдаги муаммоларини янада оғирлаштирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Теҳронни қочқинларга нисбатан халқаро мажбуриятларни бажаришга, жумладан, тинч фуқароларни зўравонликдан ҳимоя қилишга, таълим олишини таъминлашга ва асоссиз депортациялардан воз кечишга чақириб келмоқда. Шунингдек, фаоллар вазият тобора оғирлашиб бораётганидан огоҳлантирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 ой ичида Тожикистондан қарийб 1000 нафар Афғонистон фуқароси мажбуран депортация қилингани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, жорий йилнинг 17 июлидан 10 августигача Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги “Панжи Поён – Шерхон Бандар” назорат-ўтказиш пункти орқали жами 1647 киши Афғонистонга қайтган, шулардан 976 нафари мажбуран чиқариб юборилган. Қолганлари эса қариндошларини кўриш ёки бошқа шахсий сабаблар билан ихтиёрий равишда Афғонистонга ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Эрон мина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг