Фаластиннинг халқаро мақоми ва унинг тан олиниши ҳақида нималар маълум?

Олам

image

Бугун, 22 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги конференциясида Франция, Бельгия, Андорра, Люксембург, Мальта ва Сан-Марино Фаластинни давлат сифатида расман тан олиши кутилмоқда. Кеча, 21 сентябрь куни Австралия, Канада, Буюк Британия ва Португалия шундай қарорга келган эди. Уларнинг баёнотларига кўра, “икки халқ учун икки давлат” тамойилига содиқлик фаластинликлар ва исроилликлар учун тинчлик ва хавфсизликнинг калити ҳисобланади. Ҳозирги пайтда Фаластинни БМТнинг 193 аъзо давлатидан 151 таси мустақил давлат сифатида тан олган. 

Фаластиннинг бўлиниши

1947 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 181-сонли резолюцияни қабул қилиб, 1922 йилда Миллатлар Лигаси томонидан берилган Фаластин устидан Британия мандати тугатилишини белгилади. Ушбу қарорга мувофиқ, Фаластин ҳудудида иккита мустақил давлат – яҳудий ва араб давлати тузилиши керак эди. Ўша пайтда аҳолининг қарийб 65 фоизини араблар, 30 фоизини эса яҳудийлар ташкил этар эди. Арабларга ҳудуднинг қарийб 42 фоизи (тахминан 11 минг кв. км), яҳудийларга эса 56 фоизи (14 минг кв. км) ажратилди. Ҳудуднинг 2 фоизини ташкил этувчи Қуддусга эса алоҳида халқаро мақом берилди.

1948 йилнинг май ойида Исроил давлати тузилди. 1949 йилда у дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан тан олинди ва БМТга қўшилиб, ташкилотнинг 59-аъзоси бўлди. Кейинги Араб-Исроил урушлари оқибатида Исроил ўз ҳудудини кенгайтириб, БМТнинг 181-сонли резолюциясида фаластинликларга ажратилган деярли барча ерларни эгаллаб олди.

Фаластин озодлик ташкилоти

Фаластин узоқ вақт давомида сиёсий институтлар ва умумий эътироф этилган раҳбариятсиз “яшаб келди”. Фақатгина 1964 йилда Фаластин озодлик ташкилоти тузилди ва у фаластинликларнинг манфаатларини ифодаловчи асосий сиёсий тузилмага айланди. 1960 йилларнинг охирларига келиб, ФОТ миллий ҳаракатнинг ташкилий марказига айланди. 1974 йилда ташкилот Исроилни тан олиш имкониятини кўзда тутувчи дастур қабул қилди. Ўша йили у араб мамлакатлари томонидан, кейинчалик эса БМТ томонидан Фаластин халқининг ягона қонуний вакили сифатида тан олинди. ФОТ БМТда давлат мақомига эга бўлмаган субъект сифатида кузатувчи ҳуқуқини олди (БМТ кузатувчиси, шунингдек, БМТнинг ихтисослашган муассасаларига аъзо бўлувчи субъектлар тан олинган ёки қисман тан олинган давлатлар ҳам бўлиши мумкин).   

Фаластин давлати эълон қилиниши ва тан олиниши

1988 йилнинг ноябрида фаластинликлар Шарқий Қуддусни пойтахт қилиб, Фаластин давлатининг ташкил этилганини эълон қилди. Бу қарор рамзий характерга эга эди, чунки ФОТ ҳеч қандай ҳудудни назорат қилмас эди. Шунга қарамай, 80 дан ортиқ давлат Фаластинни давлат сифатида тан олганини билдирди (биринчи бўлиб 1988 йил 15 ноябрда Жазоир). Улар қаторига барча Араб давлатлари, 30 дан ортиқ Африка мамлакатлари (Ангола, Гана, Гвинея, Зимбабве, Намибия, Нигерия, Танзания, Того, Чад), Осиё давлатлари (Бутан, Ҳиндистон, Индонезия, Непал, Туркия, Шри-Ланка ва бошқалар), социалистик мамлакатлар (Болгария, Венгрия, Вьетнам, Хитой, Куба, Польша, Чехословакия, Югославия), шунингдек Мальта ва Кипр кирди. СССР 1988 йил 18 ноябрда Фаластин давлатини расман тан олди. 1992-2000 йилларда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳам тан олди. Хусусан, 1994 йил 25 сентябрда Ўзбекистон ва Фаластин ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Кейинчалик Лотин Америкаси давлатлари, жумладан Венесуэла (2009), Аргентина, Боливия ва Бразилия (2010), Чили (2011) ҳам шу қарорга қўшилди.

2011 йилда Фаластин БМТга тўлақонли аъзо бўлиш учун ариза топширди, бироқ БМТ Хавфсизлик Кенгашида етарли қўллов топа олмади, чунки АҚШ резолюцияга вето қўйишини билдирди (2024 йил апрелида Хавфсизлик Кенгаши бу масалага қайтди, аммо АҚШ яна уни тўсиб қўйди).

Фаластин учун муҳим воқеа 2012 йил 29 ноябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 67/191-резолюцияси қабул қилиниши бўлди. Унга кўра, Фаластинга БМТ ҳузурида кузатувчи давлат мақоми берилди. Қарорни 138 мамлакат қўллаб-қувватлади, 41 мамлакат бетараф қолди, 9 мамлакат (жумладан АҚШ ва Исроил) қарши чиқди. Шу вақтга келиб Фаластинда ўзини-ўзи бошқариш органлари шаклланди ва Рамаллоҳни вақтинчалик пойтахт қилган Фаластин Миллий маъмурияти тузилди. 2013 йилнинг январидан бошлаб расмий ҳужжатларда “Фаластин давлати” номи ишлатила бошланди, Фаластин Миллий маъмурияти раҳбари эса Фаластин давлати Президенти деб аталди. 2004 йилда Ёсир Арофат вафотидан сўнг ҳозирда бу лавозимни Маҳмуд Аббос эгаллаб турибди.

Бугунги кунда Фаластин

2023 йилнинг октябрида Исроил Ғазо секторига бостириб кирди. Бу 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС аскарларининг Исроил ҳудудига қилган ҳужумига жавоб сифатида амалга оширилди. Исроил босқини фаластинликлар орасида жуда катта талафотларга сабаб бўлди ва гуманитар инқирозни юзага келтирди (ҳозирги вақтда 65 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган). Халқаро ҳамжамият Исроил босқинини ҲАМАСнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан мутаносиб бўлмаган жавоб деб қабул қилди. Бу бир қатор давлатларни “икки халқ учун икки давлат” тамойилига (1967 йилги БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 242-резолюцияси асосида можарони ҳал этиш ғояси) қўллов сифатида Фаластинни тан олишга ундади.

2024 йилда Барбадос, Ямайка, Тринидад ва Тобаго, Багама ороллари, Испания, Норвегия, Ирландия, Словения ва Арманистон Фаластинни тан олди. Шунга қарамай, Европа Иттифоқи ташкилот сифатида бундай қадам қўймади. Бундан ташқари, Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Ёсимаса Хаяси Яқин Шарқ масаласида икки давлатли ечим зарурлигини айтди, бироқ мамлакат ҳозирча Фаластинни тан олмоқчи эмаслигини маълум қилди. Хаясининг сўзларига кўра, ҳозирги устувор вазифа Фаластиннинг Исроил билан ёнма-ён барқарор мавжуд бўлишини таъминлаш.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойи бошида Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Чо Хён яҳудийларнинг Ғарбий Соҳилдаги ноқонуний аҳоли пунктлари масаласида “чуқур хавотир” билдирди ва Ғазо секторида дарҳол ўт очишни тўхтатишга чақирди. Дипломатнинг таъкидлашича, Ғарбий Соҳилда аҳоли пунктлари қурилиши икки давлатли ечимни издан чиқармоқда. Бироқ Чо Хён Фаластиннинг тан олиниши ҳақида ҳеч нарса демади.

Агар бугун, 22 сентябрь куни Франция, Бельгия, Андорра, Люксембург, Мальта ва Сан-Марино Фаластинни тан олса, уни мустақил давлат сифатида тан олган мамлакатлар сони 157 тага етади.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Фаластин халқаро мақом Фаластин озодлик ташкилоти Фаластин Миллий маъмурияти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг