Балидаги сув тошқинида 14 киши ҳалок бўлди
Олам
−
12 Сентябрь 2025 2130 2 дақиқа
Жорий йилнинг 10 сентябрида Индонезиянинг Бали оролида кучли ёмғир сабаб бошланган сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарга етди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълумотларга кўра, шу ҳафтанинг 9-10 сентябрь кунлари кучли ёмғир Денпасар ва Балининг саккизта минтақасидан олтитасида сув тошқини келтириб чиқарган, бу эса асосий йўлларни, жумладан, оролнинг халқаро аэропортига киришни тўсиб қўйган. Айрим ҳудудларда кўчкилар ҳам содир бўлган. Ўлимларнинг аксариятига дарёлар қирғоғида одамларни оқизиб кетгани сабаб бўлган.
“Табиий офат сабаб сайёҳлик марказининг пойтахти Денпасарда икки киши бедарак йўқолган ва уларни қидиришга 125 нафар қутқарувчи жалб қилинган. 500 дан ортиқ одамлар мактаб ва масжидларга эвакуация қилинган”, дейди мамлакат табиий офатлардан қутқариш агентлиги матбуот котиби Абдул Муҳарий
Шунингдек, котиб сув сатҳи пасайганини ва 500 га яқин ҳарбий хизматчи кўчаларни лой, вайроналар ва тошлардан тозалашга сафарбар этилганини маълум қилган.
Хабарда қўшимча қилинишича, кучли ёмғир Индонезиянинг Шарқий Нуса Тенгара шаҳрида ҳам сув тошқинига сабаб бўлди ва офат сабаб тўрт киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида хорижликлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг бир неча ҳудудларида кучли муссон ёмғирлари ёғиб, Абботобод, Наровал, Ферозвала, Бахавалпур ва бошқа ҳудудларга ҳам зарар етказган ва кўплаб пастқам жойларда сув тўпланиб, электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси